Renault автоконцерни Украинада дрон ишлаб чиқаришни режалаштиряпти

Бир муддат олдин Франция мудофаа вазирлиги раҳбари Себастян Лекорну мамлакатдаги йирик автомобил ишлаб чиқарувчиси Украинада дронларни ишлаб чиқариш лойиҳасини йўлга қўйиши ҳақида маълум қилган, бироқ компания номини айтмаган эди.
Franceinfo радиосининг аниқлик киритишича, бу Renault автомобил ишлаб чиқарувчиси бўлиб, учувчисиз учиш аппаратлари (УУА) ишлаб чиқариш фронт чизиғидан ўнлаб ёки юзлаб километр узоқликда жойлашади.
Себастян Лекорнунинг айтишича, дронлар Украина учун ишлаб чиқарилади ва Франция улардан ўз ҳарбийларини «доимий тактик ва тезкор тайёргарликдан ўтказиш учун» фойдаланиши мумкин. Унинг сўзларига кўра, Украина корхонасида ишлаш учун Франция фуқароларини жалб қилиш режалаштирилмаган.
ОАВ маълумотларига кўра, Renault кичик ва ўрта мудофаа корхоналари билан биргаликда УУА ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштиряпти. Renault маъмурияти радио таҳририятига Франция ҳукумати бу борада улар билан боғланганини тасдиқлаган, лекин якуний қарор ҳали қабул қилинмаганини ҳам қўшимча қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Туркиянинг Baykar компанияси (Bayraktar дронларини ишлаб чиқаради) Украинада дрон ишлаб чиқарувчи завод қураётгани ва Финляндиянинг Summa Defence компаниялар гуруҳи томонидан Финляндияда дронлар ишлаб чиқариш бўйича украиналиклар билан қўшма корхона қуриш режалари ҳақида хабар берилган эди.
Март ойида Украина мудофаа вазирлиги 2025 йилда дронларни сотиб олиш ҳажмини уч бараварга ошириш ва 4,5 миллион FPV-дронларини сотиб олиш бўйича шартномалар тузиш режаларини эълон қилганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter