Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«RoboKit» энг кучли 26 та стартап қаторига қўшилди

«RoboKit» энг кучли 26 та стартап қаторига қўшилди

Фото: Xabar.uz

«RoboKit» — «President Tech Award 2026» танловининг энг кучли 26 та стартапи қаторидан жой олди. Робототехника, дастурлаш ва сунъий интеллект имкониятларини бирлаштирган «RoboKit» лойиҳаси инновацион технологиялар оламига кириб бормоқда.

Бухоро давлат университети ректори Обиджон Ҳамидовнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, Амалий математика ва дастурлаш технологиялари кафедраси томонидан илгари сурилаётган «RoboKit» стартапи Ўзбекистоннинг энг нуфузли технологик танловларидан бири бўлган «President Tech Award 2026»нинг акселерация босқичига муваффақиятли йўл олди.

Университет ректори лойиҳанинг акселерация босқичига ўтиши унинг маҳсулотларини такомиллаштириш, бизнес моделини ривожлантириш ва халқаро бозор талабларига мослаштириш учун янги имкониятлар яратишини таъкидлади.

Маълумот учун: «President Tech Award 2026» танловининг умумий мукофот ва инвестиция жамғармаси 5 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Унинг 1 миллион доллари грантлар, 4 миллион доллари эса венчур инвестициялар учун йўналтирилади. Дастлабки саралаш ва лойиҳалар тақдимотидан сўнг 33 та стартап инкубация, 26 та энг истиқболли лойиҳа эса акселерация дастурига қабул қилинган.

Акселерация босқичидаги 26 та стартап орасидан сараланган 15 та энг яхши лойиҳанинг ҳар бири 100 минг АҚШ долларидан инвестиция олиш имкониятига эга бўлади. Тошкент шаҳридаги «School 21» рақамли технологиялар мактабида ўтказилган танловда «RoboKit» жамоаси вакиллари — университет талабалари фаол иштирок этиб, ўз билим ва салоҳиятини намоён этишди.

«RoboKit» жамоасига испаниялик халқаро ментор Грэм Кеннеди бириктирилган. Унинг кўмагида лойиҳа доирасида маҳсулотни такомиллаштириш, самарали бизнес моделини шакллантириш ва бозорга чиқиш стратегиясини ишлаб чиқиш йўналишлари устида иш олиб борилади.

«RoboKit» лойиҳасининг ривожланишида билим, тажриба ва ташаббусни ўзида мужассам этган жамоанинг ўрни муҳим. Жамоа таркибидан «RobotsAndMe» раҳбари, Амалий математика ва дастурлаш технологиялари кафедраси ўқитувчиси Наврўз Эргашев, ушбу кафедра мудири Шаҳзод Назаров, «RobotsAndMe» дастурчиси Муҳриддин Некбоев ҳамда «Логистика» таълим йўналиши 2-босқич талабаси Бобурмирзо Тоиров ўрин олган.

— «RoboKit» лойиҳасининг акселерация босқичига чиқишида Бухоро давлат университетида дастурлаш, робототехника ва ёшларнинг янги ғояларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар ўз самарасини берди. Қатор босқичлардан муваффақиятли ўтган Бухоро жамоаси олдида ўз лойиҳасини янада ривожлантириш, маҳсулотни такомиллаштириш ва танловнинг энг яхши 15 та стартапи қаторига кириш вазифаси турибди, — деди университет ректори.

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг