Ромитанда «Обод маҳалла» дастуридан қолиб кетган муаммолар ечилди
«Ўғлим худди ўзини ўз оёқларида юргандек ҳис қилаяпти. Кўчалар асфальтланди. Текис ва равон. Қишлоғимизда узоқ масофали ерости қазиш ишлари бошланган. Саноқли кунларда тоза ичимлик суви ҳам хонадонимизгача етказиларкан. Нафақат, оиламиз ташвишларимиз, балки қишлоғимиз муаммоларини ҳам ўрганиб, уларнинг ечими учун изланган «Xabar.uz» жамоасига, туман мутасаддиларига миннатдорлик билдирамиз», — дейди 11 йилдан буён тўшакка михланган Нозимжоннинг онаси Нилуфар Саидова.
Яқинда «Xabar.uz» орқали «11 йилдан буён аравачада михланган бола: «Мен Ватанни онам каби севаман!» сарлавҳаси остида журналист суриштируви ўтказилган эди.
Мақола эълон қилингач, таҳририят мухбири Ромитан тумани ҳокими Умеджон Барноев билан боғланиб, Ромитан туманининг Қоқиштувон маҳалласида яшовчи, болалигида чалинган дард туфайли ногиронлиги бор 17 ёшли Нозимжон Рўзимаматовни қўллаб-қувватлаш, 2021 йилда «Обод маҳалла» дастурига киритилган, бироқ, асфалтьланмаган кўча қисмлари қолиб кетгани, тоза ичимлик суви эса маҳалланинг кўплаб хонадонларига етказиб берилмагани хусусида билдирган.
Туман ҳокими Умеджон Барноев топшириғи билан ушбу муаммони бартараф этиш учун чоралар белгиланган. 3-4 йилдан буён ечимини кутиб ётган қишлоқ аҳолиси муаммоси бир неча кун ичида ечим топган.
«Айрим масъулларнинг эътиборсизлиги сабаб «Обод маҳалла» дастуридан «қолиб» кетган ушбу муаммони ўртага олиб чиққан журналистларимизга ҳам миннатдорлик билдирамиз. Камчилик ва оғриқли масалалар дадил олиб чиқилган. Ромитан туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан қишлоқ кўчаларининг қолган қисмлари тўлиқ асфальтланди. «Бухоро сув таъминоти» МЧЖ Ромитан тумани филиали томонидан эса тоза ичимлик суви олиб кириш учун 120 метрли масофада қазиш ишлари олиб борилиб, сув қувурлари ётқизилди. Айни пайтда қувурларни созлаш, улаш ва таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Ушбу ишлар якунлангач, қоқиштувонликлар тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўлишади», — деди Ромитан тумани ҳокими ахборот хизмати раҳбари Ислом Сатторов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter