Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Саида Мирзиёева хотин-қизларни Марям Султонмуродовадек қатъиятли ва фаол бўлишга чақирди, япониялик олим жадидлар ҳақида китоб ёзди

Саида Мирзиёева хотин-қизларни Марям Султонмуродовадек қатъиятли ва фаол бўлишга чақирди, япониялик олим жадидлар ҳақида китоб ёзди

Хабарингиз бор, 11-12 декабрь кунлари Тошкентда «Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари» мавзусидаги халқаро анжуман бўлиб ўтмоқда.
Анжуманнинг биринчи кунида Ўзбекистон Президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева сўзга чиқиб хотин-қизларни, қатъиятли, илм-маърифатли, фаол бўлишга чақирди: «Фитрат айтганидек, ўзбек хотин-қизлари миллат оналаридир. Улар тарбия, илм олишлари лозим, ҳамда ахлоқ ва билимларини камолга етказишлари зарур. Мен таълим олиш учун Европага борган, ўз юртига қайтгач ноҳақ айбловлар билан қийноққа солинган, турли азоб ва синовларга қарамай руҳи синмаган, жадидлар издоши Марям Султонмуродовани эслаб ўтмоқчиман. Унинг матонати, қатъияти, бошига қандай оғир кунлар тушмасин ҳаётини Ватан ва миллат хизматига бағишлагани барчамизга ибрат мактаби бўла олади.

 

фото: архив

Бугун шу фурсатдан фойдаланиб барча хотин-қизларимизни ҳаётда фаол бўлишга, билим олишга, ўз устиларида ишлашга, Марям каби ҳеч нарсадан қўрқмай аниқ мақсад сари ҳаракат қилишга чақираман».
Шунингдек, Саида Мирзиёева жадид боболаримизнинг яна бир эзгу мақсади тил ва адабиётга эътибори катта бўлганликларини ёдга олди: «Бугун мен жуда долзарб масалага тўхталишни истардим. Ўтган йиллар давомида миллий алифбони ислоҳ қилиш масаласида кўплаб фикрлар тингланди, қизғин баҳслар олиб борилди. Аммо бир тўхтамга келинмади. Бир мисолга эътиборингизни қаратсам, лотин ёзувига асосланган алифбомизда ҳатто Ватанимиз номи ҳам сиз мониторда кўриб турганингиздек, турли жойларда турлича ёзилмоқда. Энди сизга савол бермоқчиман, мониторда Ўзбекистон сўзининг қайси шакли тўғри?

    

Кўриб турганингиздек, бир қарашда оддий туюлган имло белгиси бутун бошли давлат ва миллатнинг номи хато ёзилишига сабаб бўлмоқда. Мен буни тузатиш зарур бўлган ҳолат деб биламан. Биз бундай масалаларда ҳадеб баҳслашавермай, тезроқ қарор қабул қилишимиз, йўл қўйилган бу жиддий хатони зудлик билан тузатишимиз муҳим деб ҳисоблайман. Чунки гап бизнинг миллатимиз, ғуруримиз, юртимиз номи ҳақида кетяпти. Тўғри, алифбо ислоҳоти, баҳслар, тортишувлар, кўзда тутилмаган молиявий харажатларни келтириб чиқариши мумкин. Лекин яна бир бор таъкидлайман, гап Ватан ва миллат номини тўғри ёзиш ҳақида кетар экан, бундай баҳс ва тортишувларни бас қилишимиз, алифбодаги айрим ўзгаришларни жорий этишимиз ва шу билан алифбо масаласига қатъий нуқта қўйишимиз зарур, деб ҳисоблайман.»
Илмий конференцияда АҚШ, Япония, Нидерландия, Туркия, Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон каби бошқа давлатлардан қатнашаётган тадқиқотчи ва олимларнинг маърузалари жадидлар ҳаракатининг бошқа қирраларини ҳам очиб берди. Яъни, жадидлар ҳаракати фақат Ўрта Осиёда эмас, балки бутун дунё олимлари эътиборига тушган ва қизиқиш ҳамон катта.
– Мен илк марта жадидлар ҳақида 1970 йили Ўрта Осиё тарихини ўқиш орқали хабар топганман, – дейди япониялик тарихчи олим Хисао Комацу бизга турк тилида интервью бераркан. – Аммо Японияда жадидлар ҳақида бирорта китоб тополмадим. Шундан сўнг жадидчилик ҳаракатини ўрганиш мақсадида Туркияга ўқишга келдим. Ва бу ерда тарихчи олим Темур Хўжаўғли билан танишдим. Ўрганиш ва изланишларим натижасида жадидлар ҳаётига оид «Марказий Осиё инқилоби: жадидлар портрети» китобини ёздим. Бу китобда Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Фитрат ва Чўлпоннинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида изланишларим бор.


Бухоро халқ шўро жумҳуриятини бошқариб сўнг қатағонга учраган Файзулла Хўжаевнинг жияни, Бухоро ХСР раҳбари, Бухородаги илк жадид мактабларидан бирига асос солган жадид Усмонхўжа Пўлатхўжаевнинг ўғли жадидшунос олим Темур Хўжаўғли ҳам жадидларнинг маърифий ғоялари ва мақсадларини кенг жамоатчиликка етказиш учун умрини бағишлаган турколог олимлардан бири.
– Жадидчиларимизнинг мақсади нафақат маорифни юксалтириш, балки давлатчилик ва сўз эркинлигига эришиш ҳам эди, – дейди Туркияда яшаётган турколог олим Темур Хўжаўғли. – Бунга, Россия империяси даврида (1721—1917) жадидларнинг шахсий нашриётларини ва улар муҳаррирлигида чоп этилган кўплаб мақолаларни мисол келтириш мумкин. Ўзбекистон Президенти муштарак тарихимизнинг ёрқин саҳифаларини ташкил этадиган маърифатпарвар аждодларимизнинг ибратли фаолиятини, ҳаёт йўлини, бой меросини ҳамкор давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижий олимлар билан биргаликда тарғиб этишни устувор вазифа деб эътибор қаратиши туркий миллатнинг тараққий этишида айнан жадидларнинг ғоялари муҳим аҳамиятга эгалигидан далолатдир.
Айниқса, жадид Усмонхўжа Пўлатхўжаевнинг уйи давлат томонидан қайта сотиб олиниб, Маданият ва санъат жамғармаси кўмагида жадидлар музейи этиб ташкил қилиниши жуда катта воқеа бўлди.

фото:Vikipediya

Маълумот ўрнида: Манбалар Бухоронинг ўзида 3 мингдан ортиқ жадид бўлганини тасдиқлайди. Тарихчилар айни пайтгача уларнинг 250 га яқинининг шахсини аниқлаган.
Икки кун давомида дунёнинг барча олимларини жамлаган ушбу халқаро конференция Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг ижтимоий, маърифий, сиёсий ҳаёти учун янги қирралар кашф этилишида муҳим қадам ва ўзига хос фикр алмашадиган майдон бўлмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг