Саксон ёшимда мен...(Ҳажвия)
Саксон ёшингизни тасаввур эта оласизми? Йўқми? Тақдир пешона, умр масаласи дейсиз-да?! Менга эса барибир, нима бўлмасин тасаввур эта оламан. Тасаввурларим билан биргаликда исталган замон, исталган вақтда, истаган жойимизга қанот қоқаверамиз. Хуллас, мен саксон ёшимда ҳам ҳозиргидек кучли, ўзига ишонган, хушчақчақ ва гўзал хоним бўламан. Нега кечагина мен билан жанжаллашиб бугун иши тушиб келган қўшнимга ўхшаб маза-матрасиз, безбетона чалатабассум қиляпсиз? Қариб мункиллаб қолган эзма кампир бўласан дейсиз-да?!
Йўқ, зинҳор сиз айтгандек бўлмайди! Тасаввурларим ҳеч қачон адашмаган ахир; Ҳозирги замон зайлига қарайдиган бўлсак, у вақтда фарзандларимнинг фарзандлари жуда кўп бўлади деёлмайман-у, лекин меҳмонга келишса «Бўлди етарли, болаларингни йиғиштирларингда уй-уйларинга жўналаринг!» — дейдиган даражада ўзларига етгулик бўлади. Ростиям шуда, ахир улар бирорта боласини қолдириб кетадиган бўлса, бу гап уқмас ва бижилдоқ тўполончилар дастидан бирор ҳикоя ёзиш тугул китоб ҳам ўқий олмайман-ку! Йўўқ, нима десангиз денг-у, бу менга тўғри келмайди. Албатта, албатта, ишончим комил, сиз меҳрибон ва ниҳоятда жонфидо бувисиз: уйингиз доим набиралар билан тўла, тўй-хашам, меҳмондирчиликка борсангиз ҳам бирортасини етаклаб юрмасангиз ярмингиз кемтилиб қолади. Мен эса сиз каби супербуви бўлолмайман. Биринчидан, одамлар кўп тўпланадиган шовқинли жойларга борсам, гап-гаштакларда юриб хотинларнинг ғийбатларини эшитсам бошим оғриб мазам қочиб қолади. Иккинчидан, бола кимники бўлса ўша етаклаб юрсин, ўзингиз зўрға йўлингизни топиб юрасиз-у, набира етаклаб олишга бало борми?
Қолаверса, бундайин бекорчи юришларга вақтим ҳам бўлмайди, қолган-қутган тўрттагина кунимниям сандироқлаб ўтказсам катта-катта асарларни мушугим ёзадими? Кейин, уйимда доим мени назоратда ушлаб турадиган, озодалик, мазали таомлар, ажиб суҳбатларни жон дилидан севадиган, бир кун қонимни ичмаса мазаси қочиб қоладиган чолимни (йигитим демоқчиман, чолни ёзиш осонроқ экан) ёлғиз қолдириб кетсам бошимда ёнғоқ эмас, тош чақади-ку! «Саксон ёшингда уй ишларига ярармидинг?!» — дейсизми? Бекор айтасиз, уй ишлари тугул ҳар куни спорт билан шуғулланаман: эрталабки югуриш ва бадантарбияни кенг-мўл ҳовлимда бажариб оламан. Уй-эшикларни тозалаб (албатта чолим билан бирга, тартиб ва озодалик уни ҳоббиси) ширин қуймоқ билан қаҳва ичиб оламиз.
Сўнгра ҳар ким ўз ишига, чолим беморларини кўради (чунки уни беморлари бир умр тинч қўймайди), мен эса ижодхонамга кириб олиб ёзаман. Биламан, хонамда кўп ўтиролмайман, бир-икки соат ёзгач, велосипедимни олиб маҳалла гузарига айланиб, дўкондан ул-бул олиб қайтаман. Ҳам спорт, ҳам эҳтиёж деганларидек, қоним юришади, мускулларнинг чигали ёзилади, ҳам кечки мазали овқатим учун масаллиқ тайёр бўлади. Таомни чолим билан гурунглашииб тайёрлаймиз деб тасаввур қилиб тураман, мободо бутун ҳаётим бўйи менга аталган вақтларни ўғирлаган ярамас беморлари янаям тинч қўйишмай келиб олишса начора, доимгидек бир ўзим мусиқамни қўйиб олиб, рақсга тушиб ижодни ошхонада давом эттиравераман-да!
Ҳар нарсани бир ҳикмати бор деганларидек, биласизми, энди нимадан ғам чекмас эканман? Сочларимдан! Ҳа, энди оқ толаларини яшириш учун уларни қийнаб бўятиб овора бўлмайман. Сабаби, эндиликда барчаси оққа бўялиб бир текис, табиий тусга кириб қолади ва айни замонасига мос бўлган «тренд» рангга айланади. Қарабсизки, мос турмак билан ёшимни камида 20 йилга қисқартириб беради. Ажойиб турмак, пардоз-андозни қилиб олиб, чолимни спектакльга таклиф этаман. Замона шу ерга келганида тескари айланади айланайлар, бир вақтлар мен берган рад жавобини у ўзимга қайтаради. «Бормайман, куни билан бемор кўрдим, чарчадим!» — дейди ғўддайиб. Мен ҳам анойи хоним эмасман биласиз, лабимни буриб энса қотираман ва «Бормасангиз уйда биқинииб ўтираверинг, ўзим ҳам кетавераман!» — дейман-да, ўғлим совға қилган скутеримни шайлаб (узоқроқ йўлга яхшида) ҳаёҳут деб шаҳарни қоралаб жўнайман. Жўнай туриб чолимга ҳар доимги қитмир ҳазилимни айтиб кетмасам кўнглим кўнчимайди. «Яхши қолинг мижғов чол, қайтгунимча ёрилиб кетманг!» — дейман.
«Айтган вақтимда қайтмасанг дарвозадан ҳатлатмайман!» — дейди у қилтиллаб. Нимасини айтасиз, ахир мошинасида ёнгинасига олиб музейлар, театр ва кутубхоналарга ташриф буюрсак, «Марҳамат хоним» деб тавозеъ билан эшикларни очиб берса асакаси кетмайди-ку, тўғрими?! Йўқ, бу кишимга ўша тугамас иши-ю, ношукр беморлари керак. Хуллас, қуруқ минғирлашдан фойда йўқ, уруш-жанжални-ку айтмай қўяқолай: Турмуш қурганимиздан кейинги бир йилни ҳисобга олмасак (бир-бирини тушуниб, табиатларини билиб олгунларича барча оилада бўладиган табиий мослашиш жараёни) юз йилдан буён бирор марта бўлсин аразлашиб гаплашмай юришни хаёлимизга ҳам келтирмабмиз. Тўғри оилада жанжаллар бўлиб туради, биз ҳам бу ҳолатдан мустасно эмасмиз албатта. Аммо, «Эр-хотин уруши дока рўмолнинг қуриши» мақоли айнан биз учун айтилганини ҳисобга олиб жанжалдан кейин узоғи билан беш дақиқача гаплашмай тура оламиз холос. Мабодо, мени нозик қалбим жудаям ўксиниб қолса ўн дақиқага чўзилиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Алалоқибат, «дока рўмол» қуриб улгуриб-улгурмай яна суҳбатлашиб ўтирибмиз-да. Шу ерда мавзуга оид бир сиримизни айтиб кетмасам, кейин ўзимни қизғанчиқликда айблаб юришим тайин. Турмуш қурганимизга сал кам 30 йил бўлган бўлса, бирор марта бўлсин аразлаб Ота уйимга кетиб қолмабман. Ишонмайсизми? Ишонаверинг, ахир ҳозир сизга худди ўша мўъжизакор сиримизни айтиб кетмоқчиман-да! Бизни сеҳрли толқонимиз бор. Ҳа, тўғри эшитдингиз, толқон. Ўша одатий, қотган нон, таъбга қараб ёнғоқ-мағиз, ширин данак ёки асал қўшиб тайёрланадиган талқон коптокчаларимиз доим тайёр. Турмуш ўртоғимнинг табиати тупроқ унсурига оид: ақлли, меҳрибон, меҳнатсевар ва оилапарвар инсон. Аммо, назоратни жуда яхши кўради. Қаердасан, нима қиляпсан, тез кел, кечикма, бу зарар, мана бу фойдали ва ҳакозо айтиб тугатолмайдиган буйруқлари билан мени адои тамом қилади. Минг йилда бирваракай сабр-тоқати тошиб ғазаби қайнайдики, олдинги сокин ва меҳрибон одамни арвоҳи ҳам қолмайди. Тез ҳамда оловли инжиқ табиатимга қарамасдан худди шу пайтда курк товуқдай пусиб қоламан ва шу заҳоти ҳалиги сеҳрли талқонимиздан оғзимга солиб оламан. Олам гулистон! Отахонимиз тутаб ўчгунича мазали талқонимни шимиб биратўла катта жанжални олдини олиб, куч ҳам йиғиб оламан. Ёки аксинча, мен қўққисдан ёниб чирсиллай бошласам, у талқондан шимиб олади. Ана сизга теп-текин маслаҳат ҳамда бахтли оила сири, қўлланг ва бахтли бўлиб кетинг, айланайлар! Кўнгилгиналарингиз бахтдан қуёшдай чарақлаб кетсин!
Ээҳ, нимасини айтай, кўнгил деганлари шундайин худбин ва ўжар ҳилқат эканки, ўз билганидан қолмай безрайиб туравераркан. Бўлмаса, биз айёргина аёл зоти кўнгилдаги қадрли инсонимиз учун ҳаёт зарбаларига чидаб, бор орзу-ҳавасларимиз, гўзаллигимиз, ёшлик ҳамда куч-қувватимизни гаровга қўйиб таваккал қила олармидик? Сув келса симириб, тош чиқса кемириб ҳаётнинг тиканакли сўқмоқларидан омон чиқа олардик деб ўйлайсизми? Қаёқда дейсиз, аввалига кўнглимиз шоҳаншоҳи бўлмиш жуфтимиз ва унинг оила аъзолари, кейинига шоҳзодалар хизматини қилиб кўнгилларига йўл топамиз дегунимизча бутун умримиз японларнинг супертезюрар поезди каби «шип» этиб ўтиб кетганини сезмай ҳам қоламиз. «Ниманидир ўтказиб юбордимми?!» — деганимизча оғзимиз очилиб кўзгуга қарасак тиниқ юзини ажинлар талашган, тимқора сунбул сочлари оқариб патаклашган, сарвиқомати илк яралмиши қовурғадек эгилганича, қаҳрли кўзлари бақрайиб турган кампиршони кўрамиз ва «Арпангизни хом ўрдимми моможон, бунчалар нафрат билан тикилиб турибсиз?» — деб юборишимизга бир баҳя қолади.
Кўп қараб туролмайсан: шартта ўгриласан-да, бу ҳақиқатлар кўзгусига қайта бирор марта бўлсин кўз ташламайсан. Чунки, унинг қаъридан беҳуда ўтиб кетган умр заволи, дарду-ҳасрат, афсус-надомат, биз аёллар бахт деб ўйлаган сароблар чиқиб келаверади. Ҳа, вақти келиб худди шу тошқин ҳислар ҳар бир аёл зоти қалбининг туб-тубида исён қилади. «Умримни нималар ёки кимлар учун сарфлаб юбордим?!» — дейди аёл. Аммо, ичидаги минглаб жавобларни ташқарига чиқаролмайди. Улар озодликка қўйиб юборилгудек бўлса борми, даҳшатли бир тўфонга ёки уйқудан янги уйғонган вулқонга айланиб бутун оламни кулини кўкка совурарди.
Ҳа, аёл итоати гўзалдур, сабр-тоқати олтиндур, лекин, ўша ҳаёт кўзгусига боққан лаҳзалардан бошлаб итоат, сабр-тоқат, жонфидолик, ўзлигини қурбон этиш каби, шу вақтга қадар атрофингдаги одамлар томонидан олқишланиб фазилатинг сифатида талқин этилиб келган «олий сифатлар» қисқагина умр учун жуда узунлик қилишини англаб қоласан. Айниқса, ушбу парадоксни англаб, ўз умрингда ўзинг яшашни бошлаган кунингдан 40 йилдан буён «яхши одам» мақомини бериб келган манфаатдор кимсалар наздида 4 кундаёқ (балки 4 сония дермиз) бир юмалаб «дунёдаги энг разил махлуқот»га айланиб қолишинг Гарри Поттернинг сеҳрли таёғи кимгадир мерос қолган-у, сенда синаб кўргандек туюлиб кетади. Жуда оғриқли, ҳудди тавқи лаънатдек кескин сеҳргарлик шундай эмасми?! Мана шу оғриқ бутун умрга етиб ортади: йўқотилган, ҳаётингни энг гўзал дамларини ҳавога совурган, ўйлаганингдек керакли эмас, қадрингни ҳеч қачон билмайдиган одамлар учун қулай, осон ва фойдали ўтиш йўли ёки боп буюм каби бўлганингни англаб қоласан. Ана энди ёшинг нечада бўлмасин ўша йўқотилган йилларни қайтадан ўзинг истаганингдек яшаб ўтишни истайсан...
Хаёлдан тезкор нарсани тополмайсан киши, шаҳарга етиб келгунимча онгимда айланган ўйларни қаранг! Ёлғиз қолгач шундайин кулранг ва эзгин хотиралар домига тортиб кетиши тайин-да ахир. Жуфт кабутарлардек чолим билан бирга келсак ёшлик дамларимизни бахтли онларини эслашиб ёшариб кетармидик дейман? Майли, ёзғирмоқ эмас тушунмоқ даркор. Йиғлаш эмас, кулиб енгмоқ керак! Агар бир бирларини тушуна олишмаса севги-муҳаббат деганларини ҳасчалик қадри қолмайди.
Турмушнинг мушти бир зарби биланоқ ҳаёлот оламимизда учиб юрган барча беғубор ва оппоқ туғёнларимизни бахтдан ёниб турган кўзларини кўкартиради. Ана энди буюк муҳаббатимиз юрак ютиб турмушнинг бирор ишига бурнини суқиб кўрсинчи! Хуллас айланайлар, гап билан бўлиб эртароқ келибмиз. Спектаклимгача — аср ва шом орасида ўғлимни уйига кириб ўтсаммикин деган ўй келиб қолди. Вақтни сувдай оқишини қаранг, ҳудди яқиндагина уйлаб алоҳида чиқаргандекмиз-у, бунгаям ўттиз йилча бўлиб қолибди. Ўшанда ўғлим биздан хафа бўлганди. Албатта, тушуниш мумкин, ўзбекона анъанамизга бинонан оилада ўғиллар кўп бўлса — энг кичик ўғил, ягона бўлса — ўша биргина ўғил ота-она билан қолишга маҳкум. Ҳеч қандай сабаб, важ ҳамда истиснолар қабул қилинмайди. Мавзу ҳудди шу манзилга келганида юзимга беихтиёр айёрона табассум ёйилади. Ўйлаб қаралса, одамзотининг ҳар бир ҳаракатида худбинлик яширин бўлади. Мана нима сабабли худойимдан ўғил фарзанд тиланамиз!? Ўзимизни ўйлаймиз: қариб кучдан қолганимизда ёлғиз, қаровсиз қолиб кетмаслигимизни кафолатлаб қўймоқчи бўламиз.
Менга бундайин маъноли қарашингизни қилманг ургилай, тўғри авлиё эмасман, аммо бошдан — бош мазкур анъанага қарши бўлганман ва худойимдан қариб то дорулбақога рихлат этгунимга қадар куч-қувват беришини, ҳеч кимга муҳтож бўлмай, чолим иккимиз суянишиб яшашимизни чин дилдан ният қилиб сўраганман. Ахир тўғриси ҳам шу эмасми, қайсидир фарзандингизни сиз билан қолишга, нима бўлмасин бир умр чизиб қўйган чегарангиз, хоҳиш-истакларингиздан четга чиқмай, ўзини эмас, сизни ҳаётингизда яшашга мажбур этишни нима деб аташ мумкин? Айниқса, ҳозирги замонасида ёшларнинг анчайин эркин, ўз хоҳиш-истаклари асосида ҳаёт қуриш, шахсий фикр, бизникидан фарқланувчи дунёқарашини ҳисобга оладиган бўлсак, айни ҳозирги оилавий муаммоларнинг «ариқбоши»си мана шу ўзимиз мажбуриятга айлантириб, фарзандимиздан бурч таъма қиладиган жойдан бошланади.
Кузатувларимга қараганда, ҳозирги қизларнинг юз фоизи қайнона-қайнота билан бир том остида яшашни ёқтиришмайди. Орадаги бир фоиз фарқни ҳисобга олмасак, ўз навбати билан қайноналаримиз ҳам ўғилгиналари, тўғрироғи келинни осонгина қўйиб юборишни исташмайди. Улар хашаматли оқ кўйлак ҳамда маликалик тожи остида бўлажак уй хизматкорини кўришса, келинлар эса сохта мулозамат билан меҳмонларни қарши олаётган фаришта ниқоби остидаги заҳарли олма тутган ўгай онани пайқаб оладилар. Бу икки аёл тўй куни илк бор кўзлари тўқнашгандаёқ азалий душман эканликларини чин юракдан ҳис этадилар. Комил ишонч билан таъкидлай оламанки, келин саломни қайноналар, бошқа рўзғор қилиб чиқиб кетишни келинлар ўйлаб топишган ва улар орасидаги ўзаро зиддият ҳамда келишмовчиликлар мудом давом этиб келаверади. Ахир икки аёл, яъни икки тамоман тескари табиатли оламлар бир нуқтада бирлашишлари мумкинми? Асло!
Шундай қилиб, ўғлимнинг тўйини тугатиб, ёшларни ўз уйларига кузатиб қўйгандик. Узоқ-яқин аёллар нима сабабли тайёр «чўри»мни осонгина қўйиб юбораётганимни сўрашди. «Хизматингизни қилмайдими, ўғлингиз ҳам ёлғиз фарзанд бўлса, келажакда сиз чол-кампирга ким ғамхўрлик қилади?» — дейишди. «Раҳмат, хизматни ҳам ғамхўрликни ҳам ўз-ўзимга қила оламан!» — дегандим ва мана кўриб турганингиздек барчаси ниятларимизга яраша: саксон ёшимда бардам бақувватман, ёзаман, ошхонамда таом тайёрлайман, чолим билан жанжаллашишга ҳам кучим етиб турибди. Энг муҳими доимий ҳаракатдаман. Агар юз кўришиб қолсак 50 ёшдан ортиғини беролмайсиз. Ўйлайманки, бериладиган бир тутамгина умримизда ҳар ким ўз ҳаётини яшасин. Ўзи учун, ёнидаги суюкли инсони учун яшаб ўтсин. Фарзандлар — учирма полапонлар! Уларга парвоз қилишни ўргатинг-да ўз осмонига қўйиб юборинг! Қанчалик эрта учирма бўлса, шунча тез йўлини топиб олишади. Олий мақсадлар, фарзандлари камолоти сари эркин қанот қоқишади. Қарабсизки, оилавий зиддиятлар, ўзаро низолар, кўнгилқорачиликларга ўрин қолмайди ва ҳар бир инсон ўз оламида ўзларича бахтли яшашади.
Ана, суҳбат билан ўғлимнинг уйига ҳам етиб келибман. Ўғлим билан келиним ишдан қайтишмаган бўлишса керак. Йўқ, қўнғироқ қилиб, «Қаердасан, боряпман?!» — дейишни унчалик ёқтирмайман. Таваккал, уйда кимдур бўлса эшик очишар, йўқса, спектакль бошлангунича музейларни айланиб тураман. Кўнгилгинам сезиб турибди, бугун уйга ёлғиз қайтмайман. Чолим аллақачон ортимдан йўлга чиққан. Бугун болаларимизни бирров кўриб дийдорига тўйсак, соғ-саломат эканини билсак биздан бахтли ота-она топилмайди.
Муҳими бугун, индин — саксон қоралаб келгунича ўз ҳаётимизда озод ва бахтли яшашга улгуриб қолайлик!
Эртага худо-пошшо, эртага бир гап бўлар!
Мастура Абдураимова


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter