Самарқандда «Ўзбекнефтгаз» бренди остидаги биринчи замонавий АЁҚШ очилди
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев томонидан «Ўзбекнефтгаз» АЖ фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, истеъмолчиларга замон талабларига жавоб бера оладиган тарзда хизмат кўрсатиш кераклиги борасида бир қатор топшириқлар берилган эди. Давлат раҳбари топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида, Самарқанд шаҳрида ҳам «Ўзбекнефтгаз» бренди остидаги АЁҚШ фойдаланишга топширилди.
«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғи билан замонавий АЁҚШ дастлаб Тошкент шаҳрида фойдаланишга топширилган эди. Самарқанд шаҳри Рудакий кўчасида замонавий талабларга жавоб берадиган, барча қулайликларни ўзида мужассамлаштирган «Ўзбекнефтгаз» бренди остидаги АЁҚШнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
АЁҚШда автомобилларга ёқилғи қуйишдан ташқари уларга техник хизмат ҳам кўрсатилади. Шохобчада автомобилларда техник таъмирлаш ишларини ўтказиш, мотор мойларини алмаштириш ва шу каби хизматлар йўлга қўйилган.
Шу билан бирга, автомобил эҳтиёт қисмлари дўкони, мижозлар учун хизмат кўрсатувчи озиқ-овқат ва фаст-фуд шохобчалари ҳамда кофе ва салқин ичимликлар савдоси ҳам ташкил қилинган.
Ушбу замонавий АЁҚШ «Ўзбекнефтгаз» AЖнинг рамзи ва тегишли тимсолларига, танланган миллий брендга мос равишда барпо қилинган.
Очилиш маросимида «UNG Petro» корхонаси раҳбари Мирзоҳид Мусаев ОАВ ходимларига ушбу АЁҚШ Самарқанд шаҳрида бир кунда минглаб истеъмолчиларга хизмат кўрсатишини айтиб ўтди. Шунинг у қолган вилоятларда ҳам босқичма-босқич барча АЁҚШлар шундай кўриниш олишини билдирди.
Бундан ташқари «UNG Petro» корхонаси томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳамда истеъмолчилар талаб ҳамда истакларини инобатга олган ҳолда келгусида бажарилиши режалаштирилган чора-тадбирлар борасида маълумотлар берилди.
Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 февралдаги 143-сонли «Ўзбекнефтгаз» AЖ самарадорлигини оширишга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, автомобилларга ёқилғи қуйиш станциялари тармоғини бирлаштирувчи бошқарув компанияси сифатида ва «UNG» миллий бренди асосида хизмат кўрсатувчи «UNG Petro» корхонаси ташкил этилган. Республика бўйлаб 100га яқин станция корхона таркибига киритилган.
«Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter