Санъатдаги муаммоларнинг зоҳирига эмас, илдизига ҳам қараш керак
Кўп йиллардан бери санъат соҳасида фаолият юритаётган мутахассис сифатида жамиятимизда катта тортишувларга сабаб бўлаётган, санъаткорларимизнинг тўй-ҳашамлардаги хизмати масаласига доир фикр ва мулоҳазаларим билан ўртоқлашмоқчиман. Бу масала жуда чуқур, кенг миқёсда, эътибор билан кўрилиши лозим. Чунки масала замирида санъатимиз келажаги турибди.
Яқин ўтмишимизда ҳам ўзбек санъаткорлари, жумладан «Ялла», «Садо» каби гуруҳларимиз нафақат ҳозирги МДҲ давлатларида, балки кўплаб ғарб давлатларида ҳам донг таратганлари ҳеч кимга сир эмас. У ерларда катта-катта концертлар ташкиллаштирилганидан ҳам кўпчиликнинг хабари бор. Вақт ўтиб бу эстафетани Юлдуз Усмонова, Муҳриддин Холиқов каби ижодкорларимиз муносиб равишда давом эттиришди. Ҳозир эса баъзи сабабларга кўра бу каби ютуқларимиз билан фахрлана олмаяпмиз. Бунинг негизида анча йиллардан бери йиғилиб қолган муаммолар ётибди ва уларнинг ечимини топиш вақт, куч, меҳнат талаб қилади.
Асосий муаммоларимиздан бири ҳақиқий, талабчан, қўшиқчилик санъатини, шеъриятни тушунадиган, ҳеч бўлмаганда қўшиқчини ҳофиздан, ашулачини лапарчидан фарқлай оладиган тингловчимизни йўқотиб қўйганимиз. Бунга олиб келган сабаблар ва вазиятни қандай яхшилаш мавзусида мақола ёзиш зарурияти мавжуд, вақти келиб бу мавзуга қайтармиз.
Аудиториямиз савияси паст, енгил-елпи, арзон ижодни маъқуллаб, ҳақиқий санъатни тушунишни хоҳламайдиган даражага тушиб қолди. Ҳозирги кунда юзага келган масалаларга бир томонлама, моҳиятини тушунмай туриб ёндашилса, бу муаммоларимиз ечим топиш ўрнига баттар чувалашиши, ечими ўн йилликларга чўзилиши мумкин бўлган бошқа муаммолар келиб чиқиши аниқ.
Санъаткорларнинг тўй-маъракалардаги хизмати бўйича чиқарилиши кўзда тутилган қарорда қуйидаги фикрлар ҳам инобатга олинишини истар эдим.
- Янги авлод санъаткорлари етишиб чиқиши учун имкониятлар чекланишига йўл қўймаслик керак. Афсуски, санъатимиз фаолияти асосан фақат тўйлардан тушадиган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади. Бу харажатлар катта маблағ талаб қилиши ҳам сир эмас. Масалан, санъат институтларида таҳсил олиб, керакли илм, кўникмаларга эга иқтидорли ёшларимиз талайгина. Лекин уларни халққа танитиш учун олдиндан, жуда катта таваккалчилик билан, ҳеч қандай кафолатларсиз маблағ ажратилиши ва ақл билан сарфланиши зарур. Бу ерда гап фақат маблағ ҳақида эмас, бир нечта ижодкорнинг машаққатли меҳнати устида ҳам. Қўшиқ, клип тайёр бўлди дейлик, энди уни телерадио эфирлари орқали айлантириш лозим. Бугунги кунда телеэфирда бир марталик чиқиш учун тўлов кундузи 400 000, кечки пайтларда эса 800 000 сўмни ташкил қилади ва битта канал учун бир ойда 36 000 000 сўм кетади. Камида икки ёки учта каналда айлантирмасангиз бўлмайди (шу ўринда телеканаллар ҳам эфир сарф-харажатларини қоплаш учун клиплар ротациясига нарх қўйишга ҳақли эканлигини айтиб ўтишимиз лозим).
Лекин элга танилиш учун ёш санъаткор тинмай ижод қилиши, ҳар икки-уч ойда янги қўшиқ, клип тақдим этиши керак. Агар имконияти етмай ижод қилишдан тўхтаса, қилган барча сарф-харажатлари қайтмаслиги аниқ бўлади (бундай ҳолатлар эстрада санъатимизда кўп учрайди). Шу ёш, ҳали пул топиши даргумон бўлган санъаткор ҳам санъаткорлар учун солиқ ҳисобланувчи лицензияни олишга мажбур.
Кўрсатилаётган харажатлар кам эмаслиги аниқ, бунинг учун албатта ҳомий керак. Улар сарфлаган пули қайтмаслиги хавфи борлигини инобатга олган ҳолда таваккал иш қиладилар. Агар тўйларда санъаткорлар иштирок этишини чеклаб қўйсак, ҳомийларда сарфлаган маблағи қайтишига умид қолмайди. Натижада ҳар йили етишиб чиқаётган ёш санъаткорларимиз халққа танилиш имкониятидан маҳрум бўлади. Чунки чеклов натижасида буюртмачилар фақат таниқли санъаткорлар билан кифояланишади. Ваҳоланки, танилиш баробарида шу рейтингни ушлаб туриш ҳам зарур. Бу таниқли санъаткорлар учун ҳам осон бўлмаяпти.
- Бозор иқтисодиёти шароити ва қонунчилигимизда тадбиркорларга берилаётган имкониятларни назарда тутиб, санъаткорларни ҳам тадбиркорлик субъектига тенглаштириб, тадбиркорлик фаолиятидан имкон қадар ҳар қандай чекловларни олиб ташлаш зарур деб ўйлайман.
Танлов тўйга буюртма бераётган томон ихтиёрида бўлиши ҳар тарафлама тўғри бўлади. Бунда буюртмачи албатта ўз имкониятидан келиб чиқади ва у у ёки бу санъаткорни таклиф қилишга мажбур ҳам эмас. Кимдир битта гуруҳ билан чекланса, кимдир кўпроқ санъаткорни таклиф қилишни исташи мумкин. Танлов имкониятини чеклаш бозор иқтисодиёти тамойилларига зид ҳамда инсон ҳуқуқларини бузиш деб ўйлайман.
Бу ерда тадбиркорлик субъекти бўлган санъаткор кўпчиликни ташкил қилувчи ижодий жамоасини, ундан ташқари куй-қўшиқларни яратишда меҳнат қилаётган бастакор, сайқалчи, клипмейкерларни ҳам иш билан таъминлаётганини ҳам инобатга олиш лозим. Қолаверса, ижод сифати ҳам шу ижодга қанча сармоя сарф қилиниши билан чамбарчарс боғлиқ. Масалан, жонли ижрода куйлаш учун хонанда фонограммада куйлашга қараганда анча кўп пул ишлатиши керак ва жонли ижронинг нархи ҳам қиммат бўлади.
- Шу нарсани таъкидлаш керакки, бизнинг санъатимиз асосан «тўй бизнеси» атрофида қурилган. Бизда бошқа бозор йўқ ва бу бозорнинг ҳозирги аҳволи ҳавас қиладиган даражада эмас. Чиқиши кутилаётган тўй-ҳашамлар тўғрисидаги қарор бу бозорнинг йўқ бўлиб кетишига олиб келиши мумкинлигини инобатга олиб, унинг лойиҳасини ишлаб чиқишда эҳтиёткорлик билан ёндашиш талаб этилади.
Тараққий этган давлатлар билан солиштирилса жуда ҳам кичик бўлган бозоримизни ривожлантиришимиз аслида давр талабига мос иш бўлар эди. Тўғри, тўйлардаги исрофгарчиликларга биз қаршимиз. Лекин асосий исрофгарчиликлар тўйгача ва ундан кейин қилинаётганига ҳам эътироз бўлмаса керак.
- Санъаткорларимиз чет элларда таниқли эмас. Санъаткорнинг мухлиси ҳам, буюртмачиси ҳам мана шу давлатимиз фуқаролари. Санъатимизнинг экспорт салоҳияти катта, бу ишни қўшни давлатлардан бўлса ҳам бошлашимиз зарур. Бунинг учун ҳам маблағ талаб қилинади. Бу маблағлар ҳам санъаткорларимизнинг бўйнида.
Шу билан бирга ижодга бўлаётган турли маъмурий чекловлар ҳам қайта кўриб чиқилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Чунки ижод чегара билмаслиги керак.
Ҳозирги кунда ёш санъаткорларимиз орасида кўчирмачилик (плагиат) билан шуғулланиш авж олаётганининг бир сабаби ҳам маблағ етишмаслигидир. Чунки тайёр, синовдан ўтган қўшиқни ўзбек тилига мослаш уларга арзон тушади.
Санъаткорнинг топиш-тутиши халқнинг иқтисодий аҳволи билан узвий боғлиқ. Халқимизнинг тўлов имкониятлари катта эмаслигини, санъаткорларимиз ҳам ҳар куни иш билан таъминланмаётганини ва ҳаммасининг ҳам даромадлари у даражада катта эмаслигини таъкидлаш керак. Улар қиммат кийинишлари, қиммат кўринишлари мумкин, лекин бу уларнинг касбий мажбурияти. Чекловларнинг каттасини иқтисоднинг аёвсиз ва қатъий қонунлари қўйиб бўлган. Биз уларни инкор қила олмаймиз. Бозор талаб ва таклифдан иборат. Талаб йўқ жойда таклиф ҳам йўқолиши муқаррар. Санъатимиз тақдири ва ривожи ҳам айнан шу масалаларнинг қай тарзда ечим топишига боғлиқ.
Биз ҳам тўй-ҳашамларимиз ортиқча дабдабасиз, исрофгарчиликлардан холи, керагича меҳмон, касбига ҳалоллик билан ёндашаётган санъаткорлар (жонли) ижросидаги қўшиқлар билан гўзал тарзда ўтиши тарафдоримиз.
Асрор Исохўжаев
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter