Санэпидқўмита: Нипах вируси Ўзбекистонда қайд этилмаган
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Нипах вирусининг глобал миқёсда тарқалиш хавфини паст деб баҳоламоқда. Ташкилот томонидан инфекция хавфи юқори бўлган мамлакатлар рўйхати доимий равишда қайта кўриб чиқилиб, янгиланиб бормоқда.
Ўзбекистон санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси мутахассислари Ҳиндистонда Нипах вируси тарқалиши билан боғлиқ вазиятни доимий кузатиб бормоқда. Профилактика мақсадида мамлакатимиз чегараларидаги барча ўтказиш пунктларида санитария-карантин назорати кучайтирилган. Айниқса, касаллик ҳолатлари қайд этилган Ҳиндистон ва бошқа Жануби-Шарқий Осиё давлатларидан келаётган фуқароларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қайд этилишича, Ўзбекистондаги тиббиёт муассасалари, шошилинч тиббий ёрдам бригадалари ҳамда юқумли касалликлар шифохоналари четдан кириб келиш эҳтимоли бўлган ҳар қандай инфекцияларга қарши шай ҳолатда турибди. Дори-дармонлар, шахсий ҳимоя воситалари ва дезинфекциялаш моддаларининг зарур захираси шакллантирилган.
Мутахассислар инфекция хавфи юқори бўлган давлатларга саёҳат қилишни режалаштираётган фуқароларни қуйидаги тавсияларга қатъий амал қилишга чақиради:
- шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш;
- меваларни истеъмол қилишдан олдин яхшилаб ювиш;
- тайёрланиши номаълум бўлган очиқ ичимликларни сотиб олмаслик;
- янги сиқилган хурмо шарбатини қайнатиб истеъмол қилиш;
- кўршапалаклар тишлаган ёки тирнаган меваларни еб қўймаслик.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси алоҳида таъкидлашича, Нипах вируси Ўзбекистон ҳудудида қайд этилмаган. Айни пайтда мамлакатда эпидемиологик вазият барқарор ҳисобланади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter