Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сени яхши кўраман «махлуқча» (Эссе)

Сени яхши кўраман «махлуқча» (Эссе)

фото:https://tochka.by

Дам олиш — якшанба куни, ҳаво очиқ, сахий қуёш чарақлаб шаҳри азимни ҳаётбахш нурлари билан сийлаб турди. Ён-атрофдаги ярим-яланғоч, қорга бурканган дарахтлар қуёшнинг заррин нурларида товланди.

Кичкина қизим билан дўконларни айлана туриб, ўйинчоқлар дўкони рўпарасидан чиқиб қолдик. Қизим ўйинчоқ ўйнайдиган ёшдан ўтиб қолган бўлсада, нима учундир бирор ўйинчоқ олиб бериб хурсанд қилгим келди ва дўкон эшигидан мўраладим. Тўғрисини айтадиган бўлсам, дўконнинг очиқ эшикларидан ичкаридаги севимли ўйинчоғимга кўзим тушиб қолди ва қизимга олиб бериш фикри уйғонди. Бу ўйинчоқ бутун дунёга машҳур бўлган ўша, сизу биз билган махлуқча бўлиб, ҳар сафар кўзим тушганида болалигимни эслатиб юборарди. Сабаби, у болалигимда отам совға қилган ва жуда яхши кўриб доим ёнимда олиб юрадиган бир ўйинчоғимга қанча ўхшаш бўлса, шу билан биргаликда, шунчалик фарқланар ҳам эди. Болаликдаги ўйинчоғим жуда беозор, меҳрибон ва хушчақчақ эди.

Қулоқлари катта-катта, пахмоқ, жигарранг махлуқча эди. Уни кўрдим дегунча севиниб кетардим. Ҳозирги, дўконда кўриб турган ўйинчоқ эса, худди ўша болаликдаги ўйинчоғимнинг ўзгинаси эди, аммо, у меҳр-эътиборга жудаям муҳтождек кўринар, ҳурпайган юнги, чақчайиб турадиган кўзлари ва ҳаттоки, тиржайиб турган тишлари ҳам, худди одамлар айтгани каби уни менга ёвуз кўрсатмасди. Уни илк бор кўрганимдаёқ, ўша болаликдаги ўйинчоғимни ўзгинаси деб билгандим. Ҳуддики, орадан йиллар ўтиб, у жудаям ёлғизланиб қолган, дард ва оғир юклар билан тўлиб-тошган юрагини ҳеч кимсага очолмаган, очганида ҳам ҳеч ким эшитмагану қандайдир, ўзига, ёшига тўғри келмайдиган чалғитувчи нимадирлар билан шуғулланиб шу аҳволга тушгандек кўринади. Ўша бир вақтлардаги ўзидек табассум қилгиси келадию, эплолмайди. Атрофдаги одамларни яхши кўргиси келади, аммо, барчасидан кўнгли совиб кетган. Яхши сўзлар айтгиси, меҳр бериб, меҳр олгиси келиб чўзилган қўллари ўзига лоқайдлик, нафрат билан боқиб турган нигоҳларни пайқагани заҳоти, беихтиёр мушт бўлиб тугилади ва кўзлари улоқтириш учун тош қидира бошлайди.

Унга қараб турар эканман, юрагим алланечук аралаш-қуралаш ҳисларга тўлиб кетади. Қизимнинг қўлидан тортқилайман.

 — Келчи болам, сенга ўйинчоқ олиб бераман. Қарагин, мана бу ўйинчоққа нима дейсан? Ажойиб-а, — дейман ўйинчоқни қўлимга олиб. Қизим менга ҳайратланиб қарайди.

 — Ойи, жуда кичкина кўриняпманми? Ёдингизда бўлса мен ўн ёшдаман. Кейин, менга ўйинчоқ эмас, китоб олиб бермоқчи эдингиз. Агар, мободо ўйинчоқ ўйнагим келиб қолса ҳам бу махлуқчангизни олмасдим.

— Нега олмайсан, қара ёқимтойлигини?!

— Ҳечам ёқимтой эмас, қаранг у жудаям жаҳлдор, кўзлари ҳам қўрқинчли. Ҳудди синфимиздаги ёмон болага ўхшайди, ўқишни, ёзишни ҳам билмайди. Ҳаммани уради, ҳафа қилади. Билган иши ёмонлик...

 —Йўқ, сен яхшилаб қарагин, у ким биландир дўстлашгиси, бирга ўйнаб табассум қилгиси келиб турибди. Балки, у билан дўст бўлсак, меҳр билан қучоқлаб, ҳудди иккимиз бир-биримизга айтгандек, ҳар куни «Мен сени яхши кўраман!» — десак, яхши махлуқчага айланиб қолар, нима дейсан? Оламизми?

— Йўқ, барибир у менга ёқмайди, олмайман! — ўйлаб ҳам ўтирмасдан жавоб берди қизим.

Уйга қайтаётиб, лип-лип ортда қолаётган йўллар, одамлар, етаклашиб кетаётган она-болаларни кузата туриб ҳаёл яна болалик томон олиб қочади. Синфимизда бир бола бўлар эди, қорачадан келган, жиккаккина гавдаси ва сичқонникидек ялтироқ тимқора кўзлари атай тери рангига мослаб ясалгану, ёқимсиз тиржайиб туриши, ҳар куни кўплаб жанжаллар уюштириб ёқа йиртиши, синфдаги ўғил болалар, балки, қиз болаларга ҳам аямасдан қўл кўтариши, мудом ғазабнок ҳамда аламзада қиёфаси билан бир-бирини тўлдириб тургандек кўринарди. Ўқитувчилар қандай усулни қўллашмасин у ўзгармас, бошланғичдан юқори синфга ўтганимизга қарамасдан на бирор ҳарф танир на ўқиб-ўрганишга ҳаракат қилмас, синфдошлар ҳам ундан узоқроқ юришга ҳаракат қилар, бирор яқин ўртоғи ҳам йўқ эди. У кўпинча ёлғиз юрар, ҳали бировни тошбўрон қилиб бошини ёрса, бошқанинг сумкасини сувга отар эди. Ҳозир эсласам, мен ҳам бу боладан жуда қўрқар эдим. Орадан шунча йиллар ўтсада, юз қиёфаси ҳамон эсимда, у юқоридаги қаҳрамонимиз ёвуз қиёфали махлуқчанинг ўзгинаси эди. Кўп ўтмасдан у мактабга келмай қолди.

Эшитишимизча, оиласи кўчиб кетишибди. (Адашмасам, бу пайтда 6-7 синфда ўқирдик) Синфимиз, балки, бутун мактаб тинчиб, шу қадар енгил тортдикки, асти қўяверасиз. Кейинчалик, нима сабабдан кўчиб кетишгани маълум бўлди. Оиласи етишмовчилик, камбағалчиликдан, ичкиликбоз отанинг таҳқирлари, ота-онасининг ҳар кунги жанжалларию, болаларни дўппослашгача борадиган босимлардан аллақачон жар ёқасига келиб қолган, отанинг ичкилик туфайли вафот этиши барчасига нуқта қўйиб тугатган экан. Гарчи, ҳали жуда ёш бўлсамда ўша дамларда ҳам бу тўполончи синфдошимизга жуда ичим ачишган, агар яна мактабга қайтиб келадиган бўлсаю, барчамиз: «Яхшиям келдинг, синфимиз сенсиз ҳувиллаб қолди. Биз сени яхши кўрамиз!»  — десак, у яхши болага айланиб қоладигандек, ҳамма билан аҳил-иноқ, қувониб, дарслардан яхши ўзлаштириб, чеҳраси ҳам очилиб, ўзини бахтли ҳис этадигандек туюлган, балки мен шуни истаган, ишонган эдим. Қизиқ, буни қарангки, нима бўлмасин синфдошимиз меҳр ва юпанчни синфдошларидан топган экан. У ҳар йили ёзги таътилдан олдин, имтиҳонлар топшириб юрган маҳалимизда мактабимизга келар, 4-5 кун бизлар билан дарсларда қатнашиб, суҳбатлар қуриб яна уйига қайтиб кетарди. У гўёки бошқа болага айланиб қолгандек эди. Кўзларидаги ғазаб ва аламзадалик кетгандек, ҳатто кўркамлашгандек эди. Шу бўлдию, токи мактабни битириб кетгунимизга қадар келиб-кетиб турди. Дўстлик ришталаримиз узилмади. Ўша вақтлардаёқ меҳр-оқибат аста-секин ҳар қандай одамни яхши томонга ўзгартириши, қаттиқлашган қалбини юмшата олишига амин бўлган эдим ва шу ўринда буюк мутафаккир, тиббиёт отаси Абу Али ибн Сино айтган сўзларни келтириб ўтсам мақсадга мувофиқ бўлади деб ўйлайман:

«Оилада катта ёки кичик нарса бўлмайди. Ҳамма нарса, ҳатто, энг оддий бўлиб кўринган оилавий муносабатлар ҳам болага таъсир кўрсатади. Айнисқа, ростгўйлик, самимийлик, садоқатлилик, ширин сухан бўлиш бола камолотидаги зарур ҳаётий воситалардан биридир».

Мана, яна бир дўконда таниш махлуқчамизга дуч бўлиб қолдимда, унинг йиғилган қовоғи, чақчайган кўзларига қараб ўйлаб қолдим ва атрофдаги ўтиб-қайтаётган ота-оналарга гўёки, ғайриоддий мурожаат сигналларини юбора бошладим.

Одамлар бу ёқимтойни ичига ёвуз руҳ жойлашиб олган, у болаларга ёмон таъсир ўтказади дейишгача борди. Қизиқ, жуда кулгим қистади бу сафсаталарингизга!

Уларга хаёлан мурожаат қилдим: «синчиклаб боқинг-чи, бу махлуқчанинг юзига, у сизга кимнидир эслатмаяпдими? Болалигингиздаги ёқимтой, ақллигина «Чебурашка»ни эслайсизми? Қойилмақом ўхшашликми? Фарқи, у сизни ота-онангиз тарбия қилган анъанавий, бу эса ҳозирда сиз тарбия этаётган замонавий «махлуқча»лар. Мистикага берилманг, уни ичига ёвуз руҳ жойлаштиришдан олдин озгина ўйлаб кўрингчи, сизга икки махлуқча ҳам битта мавжудоту, иккинчиси нимадандир хафадек, норозидек, меҳрга жудаям муҳтождек, жаҳли чиққандек кўринмаяптими?

Ишли одамдирсиз, вақтингиз бебаҳодир, чарчагандурсиз, фарзандингиздан узоқ ёки яқиндадирсиз, бугун сизни бир савол билан банд қиламан. Ахир ўйлаш учун ортиқча вақт сарфланмайдику, тўғрими?! Йўл-йўлакай ўйласа ҳам бўлади, шундай эмасми!?

Яхшилаб ўйланг, кейин менга, йўқ, ўзингизга жавобини айтасиз! Келинг, яхшиси умумсўровнома уйиштира қоламиз.

Балки, ўзимиз ёвуз руҳдирмиз, биз, ота ёки оналар бугун, кеча, ўтган куни, умуман яқин ойлар ёки йиллар мобайнида фарзандимизнинг юзи, кўзлари, нигоҳларига бирор марта бўлсин эътибор бериб қарадикми? Овқатланаётганида, дарс тайёрлаётган маҳалида, телефонда ўйин ўйнаётганида юз қиёфаси, мимикаси, тана ҳаракатларини кузатдикми? Улар мактабидан қайтгач ёки биз ишимиздан уйга келгач дарслари қандай ўтгани, мактабида нималар билан банд бўлгани ҳақида қизиқиб кўрдикми? Агар уларда қандайдир руҳий ўзгариш бўлса, сезиб оламизми? Фарзандларимиз ҳеч кимга айтолмайдиган ички сирларини бизга, яъни ота ёки онасига айта оладими? Яқин дўстлармизми? Охирги марта қачон ва қайси китобни совға қилган эдик? Улар билан нималар ҳақида суҳбатлашаяпмиз? Умуман атроф-олам, одамлар ҳақидаги турли хил қора фикрлар, майда ва ғийбат гапларни оила даврасида тўкиб солаверамизми? Аслини олганда, фарзандларимизнинг руҳ устози, уларга илк шакл, руҳий қиёфа берадиган, ҳар бир ҳаракат, ҳар битта сўзимиз, муносабатимиз инсонийлик ёки аксинча, нотўғри томонга етаклайдиган, ташқаридаги бегоналар эмас, биз ота-оналар эканимизни ўзимиз англаб етолганмизми? Улар энг кўп вақтини ким ёки нима билан бирга ўтказмоқда? Нималарга қизиқади, яхши ёки ёмон кўрадиган, уни қўрқитадиган нарсалар ҳақида биламизми?

Охири йўқ саволлардан сабр-тоқатингиз тошиб, ҳафсалангиз пир бўлиб кетдими? Чуқур нафас олинг, охирги саволга келдик. Ўйлаб кўрингчи, фарзандингизга «Сен энг яхшисан, сен чиройлисан, сен ақллисан, кучлисан, сени жудаям яхши кўраман» — деб айтган кунни эслай олармикинсиз?»

Дўкондан чиқиб кетаётиб таниш маҳлуқчамиз «Лабубу»нинг чимирилиб турган қулоқчаларидан тортқилаб эркалаб қўйган бўлдим. Ёнимдаги аёл: «Бирам хунук ўйинчоқ-а!?» — деди унга бармоғини нуқиб.

«Жуда ёқимтой, мен уни яхши кўраман!» — дедим махлуқчани ёноғидан енгил чимчилаб. Аёл гоҳ менга, гоҳ махлуқчага ҳайрон қараганича қолди. Энди таниш китоб дўконга йўл оламан, қизимга ваъда қилган китобни олиб борсам жуда хурсанд бўлади. Балки, китобини кейинчалик махлуқчасига ҳам ўқиб берар...

Мастура Абдураимова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг