Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сертификат олиш мажбурий бўлган товарлар рўйхати кескин қисқартирилади

Сертификат олиш мажбурий бўлган товарлар рўйхати кескин қисқартирилади

Президент сертификатлаштириш ва стандартлаштириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирларини белгилаб берди.

Алоҳида фармон билан Техник тартибга солиш агентлиги, Санэпидқўм, Ветеринария қўмитаси, Карантин агентлиги каби идораларнинг маҳсулотга хулоса бериш ваколатлари аниқ белгилаб берилади.

Бунда такрорланувчи ва устма-уст тартиблар босқичма-босқич бекор қилинади. Масалан:

  • озиқ-овқат маҳсулоти сифати ва хавфсизлиги назорати билан фақат Санэпидқўм шуғулланади;
  • озиқ-овқат учун техник регламентлар ва стандартлар мажбурийлиги бекор қилинади;
  • қўмита асосий озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича санитария қоидалари ва нормаларини халқаро талабларга – Кодекс Алиментариусга мувофиқлаштиради.

Бошқа тизимлар ҳам худди шу тартибда қайта кўриб чиқилади.

Шунингдек, хавф даражаси юқори бўлган 7 та товар гуруҳидаги маҳсулотларни давлат рўйхатидан ўтказиш амалиёти бекор қилинади.

Сертификат олиш мажбурий бўлган товарлар рўйхатини кескин қисқартириб, маҳсулот мувофиқлигини декларациялаш амалиёти жорий қилинади.

Асбоб-ускуна, хомашё, махсус техника, транспорт импортида мамлакатда тан олинадиган хорижий юқори сифат ва назорат тизимлари мезонлари ишлаб чиқилади, улар импорт қилинаётганда миллий сертификат олиш талаб қилинмайди.

«Бир сўз билан айтганда, биз маҳсулотларнинг бозорга киришини енгиллаштириб, уни реализациясидаги назоратни кучайтирамиз. Бу халқаро амалиётда ўзини оқлаган», - деди президент.

Мутасаддиларга «Бозор назорати тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.

Умуман, синов ва сертификатлаштириш бўйича давлат лабораториялари хусусий секторга инвестиция киритиш шарти билан берилса, соҳада сифат ва рақобат бўлиши, хизмат нархи тушиши кўрсатиб ўтилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг