Шавкат Мирзиёев ўзбек тилининг халқаро нуфузини оширишга буйруқ берди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 23 декабр куни Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетига ташриф буюрди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Президент университетда яратилган шароитларни кўздан кечириб, ўқитувчи ва талабалар билан суҳбатлашди. Шавкат Мирзиёев Навоий асарларининг мултимедиавий луғатини яратиб, халқимизга етказиш, илмий изланишларни рағбатлантириш зарурлигини таъкидлади.
Ўзбек тилининг халқаро нуфузини ошириш, ўзбек адабиёти намуналарини чет тилларга таржима қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
— Она тилимизнинг бойлигини, унга ҳурматингиз ва муҳаббатингизни тилимизни дунёга тараннум этиш билан кўрсатишингиз керак, — деди Шавкат Мирзиёев университет мутахассислари билан суҳбатда.
Шавкат Мирзиёев уларнинг ижтимоий шароитлари билан ҳам қизиқди. Университет ўқитувчилари учун Тошкент шаҳридан 20 та уй ажратиш бўйича топшириқ берди.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2016 йил 13 майдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида уч факультет, ўн иккита кафедра мавжуд. Ўтган вақт мобайнида ушбу олий таълим муассасасига ажратилган ўқув бинолари капитал таъмирдан чиқарилиб, замонавий шароитлар яратилди. Бугун университетда 1 минг 100 талаба таҳсил олмоқда, уларга фан докторлари ва PhD даражасига эга юқори малакали мутахассислардан иборат ўқитувчилар жамоаси дарс бермоқда.
Университетда таълим жараёни тўлиқ электронлаштирилган. Видеоконференция зали, синхрон таржима ва овоз ёзиш хоналари, ахборот-ресурс маркази замонавий технологиялар билан таъминланган. Wi-Fi тармоғига уланган мулоқот масканлари, Алишер Навоий достонларидагидек кўшклар ташкил этилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter