Шавкат Мирзиёев Пашинянни сайловдаги ғалаба билан табриклади
Президент Шавкат Мирзиёев Арманистон Бош вазири Никол Пашинянга у раҳбарлик қилаётган «Фуқаролик шартномаси» партиясининг парламент сайловидаги ғалабаси муносабати билан табрик йўллади. Бу ҳақда Пашиняннинг идораси хабар бермоқда.
Давлат раҳбари ўз мактубида мазкур сайлов натижалари арман халқи томонидан Пашинян олиб бораётган ички ва ташқи сиёсатга бўлган юксак ишончнинг амалий тасдиғи эканини таъкидлаган.
«Сайлов натижалари Арманистон халқининг мамлакатдаги ислоҳотлар ва Жанубий Кавказда тинчлик ҳамда фаровонликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларингизга бўлган юқори ишончини яна бир бор намоён этди», – дейилади табрикда.
Президент Мирзиёев келгусида ҳам икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш бўйича биргаликдаги ишлар давом эттирилишига ишонч билдирган.
Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари Никол Пашинянга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат ва масъулиятли давлатчилик фаолиятида улкан муваффақиятлар, Арманистон халқига эса тинчлик ва фаровонлик тилаган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter