Ижтимоий тармоқларда мамлакатимизда мухолифатга шароитлар йўқ деб жар солиб, «намойиш қиламиз», «виртуал сайлов» ўтказамиз дея ёқа йиртаётган одамларга ишонманг. Улар юртимиздаги тинчлик ва тараққиётга ҳасад қилаётган турли сиёсий ўйинчиларнинг қўғирчоқларидир.
Айнан мана шундай «мухолифат»чилар Ливияни яксон қилди, айнан мана шундай ташқи кучларнинг ноғорасига ўйнаган кимсалар Тунис, Сурияда миллионлаб исонларнинг ёстиғини қуритди.
Бугун «мухолифатман» дея бонг ураётган одамларда сиёсий билимлар етарли бўлганида, улар ҳақиқий сиёсий ҳокимиятни, уни бошқаришни тушунганида эди, аввало, ҳокимиятга эришиш учун (ташқаридан берилаётган кўрсатмалар ва пулларга учмасдан) биринчи навбатда, шу халққа, мамлакатга хизмат қилган, шу юрт равнақи йўлида жон куйдирган бўлар эди.
Дунё тажрибасида ўз мамлакати тараққиётини кўзлаб сиёсий майдонга кирмоқчи бўлган ҳақиқий сиёсий партия, ҳақиқий сиёсий мухолифат турли норозилик намойишлари, бузғунчи ғоялар, Президентликка номзодларнинг шахсиятига тегиш, салбий тарғибот-ташвиқот ўтказиш каби технологиялардан фойдаланиши ҳолатлари кузатилмайди.
Балки улар, аввало, юрт ривожига ҳисса қўшишда, одамларнинг оғирини енгил қилишда намуна бўлиш, сиёсий технологиялар воситасида ўзидаги ижобий жиҳатлар, умри давомида халққа, жамиятга қилган хизмати, бирор соҳада эришган муваффақиятлари, иш фаолиятидаги ўзига хос фазилатларини тарғиб қилиш ва халққа кўрсатиш орқали фуқароларнинг қалбини қозонишга, қонуний асосда сиёсий майдонда ўрин эгаллашга ҳаракат қилади.
Сайлов куни яқинлашгани сари, одамлар орасига қутқу солаётганлар анча ғимирлаб қолди. Уларнинг хатти-ҳаракатларига қараб бир нечта саволлар туғилади: «Мухолифат» тўнини кийиб халлослаётган одамларда сиёсий ҳокимият учун курашиш лаёқати борми, аслида, сиёсий ҳокимиятга эришиш мумкин бўлган хусусиятлар мавжудми?
Уларнинг қайси бири жамиятда «сиёсий капитал»га эга, қайси бирининг «сиёсий вазн»и бор?! Уларнинг «сиёсий харизма»сини ҳеч бир асосга эга бўлмаган «адолат йўқ, ҳақиқат йўқ» деган гапларига қараб баҳолаймизми ёки уларнинг «сиёсий ахлоқи»ни ижтимоий тармоқлардаги куракда турмас постлари даражаси бўйича асослаймизми?!
Хуллас, шуни унутмайликки, Президентлик сайлови арафасида ижтимоий тармоқларда тарқалаётган турли иғволарга ишониш, уларга эргашиш ҳаётимиздаги ҳаловатимизни ва бахтимизни йўқотишга тенг.
Аслида, Ўзбекистонда ҳақиқий сиёсий мухолифат ҳақидаги нормалар Конституциямиз асосида яратилган қонунчиликда белгилаб қўйилган.
Нурали Шодиев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Давлат бошқаруви академияси доценти,
cиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter