Соғлиқни сақлаш вазири жамоатчиликка мурожаат билан чиқди

Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров жамоатчиликка мурожаат билан чиқди. Вазир, жумладан, тиббиётни коррупциядан холи, тўлақонли халқчил тизимга айлантириш жамоатчиликнинг фаол иштироки ва кўмагисиз мушкул эканлигини айтади.
«Шу сабабли бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш ва ўзаро ҳамкорликда ўз ечимини кутаётган оғриқли муаммоларимизни елкама-елка туриб, самарали ҳал этиш юзасидан Сизларга мурожаат қилмоқдаман.
Шу маънода, бугун соҳадаги ютуқни – ютуқ, камчиликни – камчилик, деб айтиб, тизимдаги «касалликлар»га тўғри ташхис қўйиб, уларнинг давосини топишга биргаликда ҳаракат қилишимиз зарур», – дейди Худаяров.
ССВ раҳбари ҳали ҳам соғлиқни сақлаш муассасаларида коррупция, бюрократия, таъмагирлик, манфаатлар тўқнашуви каби айрим салбий ҳолатлар сақланиб қолаётганини афсус билан тилга олиб, бу тизимдаги ислоҳотлар самарадорлигига путур етказиши, халқнинг тиббиётга, соҳа фидойиларига бўлган ишончини заифлаштиришини таъкидлайди.
«Тизимда коррупцияга қарши курашишнинг замонавий механизмларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Соҳа фаолиятида очиқликни таъминлаш, жамоатчилик олдида ҳисобдорликни ошириш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Хусусан, қисқа вақт ичида қатор электрон модулларни ўзида жамлаган Ягона тиббиёт ахборот тизими (DMED) яратилиб, амалиётга татбиқ этилмоқда. Шунингдек, “Ситуацион марказ” ташкил қилиниши соҳада бюджет маблағларининг мақсадсиз сарфланиши ҳамда коррупция рискларини барвақт аниқлаш ва олдини олишга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.
Бинобарин, тиббиёт ходимларини ишга қабул қилишда рақамлаштирилган янги механизм ишга туширилгани ва Бухоро вилоятида тажриба-синов лойиҳаси сифатида жорий этилгани муҳим янгиликлар сирасидан.
Ўз навбатида, соҳа раҳбар-кадрлари бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, замонавий менежмент асослари бўйича ўқитилмоқда. Тиббиёт муассасалари ҳисобчиларининг молиявий билим ва кўникмаларини ошириш бўйича ўқув курслари ташкил қилиняпти», – дейди Асилбек Худаяров.
Ўз навбатида, фуқаролардан вазирлик марказий аппарати, ҳудудий бошқармалари, тизим ташкилотлари ва муассасалари ходимларининг коррупциявий хатти-ҳаракатларига гувоҳ бўлганида ёки қонунчиликка зид бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига алоқадорлиги юзасидан маълумотга эга бўлишганида, вазирликнинг «1203» қисқа рақами ҳамда https://t.me/ssvantikor_bot расмий телеграм боти ёхуд info@ssv.uz электрон почта манзили орқали ўз мурожаатларини йўллашлари сўралган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter