Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сўнгги 2000 йилликнинг энг қайноқ ёзи

Сўнгги 2000 йилликнинг энг қайноқ ёзи

Иллюстратив фото

Олимлар дунёга келажакда хавф соладиган иқлимий инқирозлар билан қўрқитмай қўйишди. Чунки ўша қўрқинчли келажакка етиб келдик, дея таъкидлашмоқда улар. Ўтган 2023 йил 1850 йилдан буён кузатувлар тарихидаги энг қайноқ йил бўлди — бунга сабаб иқлим ўзгаришлари, деб ёзмоқда BBC.

Бироқ иқлим ўзгаришларининг бундан-да олисроқ тарихига назар солиш имконини берувчи бошқа далиллар ҳам бор. Масалан, дарахтлар танасида ҳар йили пайдо бўладиган ҳалқалар. Буни ҳам ўрганган олимлар ўтган йилги ҳароратлар нечоғлиқ юқори бўлганига яна бир карра амин бўлишди.

Кембриж университети олимлари 2023 йилнинг июн-июл-август ойларида ҳаво ҳарорати тахминан 2000 йил аввалги энг совуқ ёз ойларига нисбатан 4 даража юқори бўлганини аниқлашди. Иқлимшунослар сўнгги ўн йилликларда глобал ер сирти ҳарорати тез юқорилаб бораётганини кузатишмоқда. БМТ қошидаги иқлим масалалари билан шуғулланувчи ташкилот тахминларига кўра, 2023 йил ёзидаги каби иссиқ ҳарорат Ерда сўнгги марта 100 минг йил олдин кузатилган бўлиши мумкин.

Ўтган йилги ёз сўнгги 2000 йилдаги энг қайноқ ёз бўлди.

Тадқиқотда қатнашган экологик тизимлари таҳлили бўйича профессор Улф Бюнтгеннинг айтишича, ҳалқалар нафақат дарахтнинг ёшини кўрсатувчи белги, шунингдек, дарахтнинг умри давомида турли йилларда иқлим қандай бўлгани ҳақида қимматли маълумот берувчи кўрсаткич ҳам саналади.

Ҳар бир ҳалқа кенглигини ўлчаган олимлар дарахт ўсган даврлардаги ҳаво ҳарорати ҳақида маълумотга эга бўлишлари мумкин.
Фото: University of Cambridge

Олимлар тирик дарахтлар билан бирга, тошга айланган дарахтларни ҳам ўрганишди. Иссиқ йилларда дарахтлар тез ўсгани учун ҳалқалари кенгроқ, совуқ йилларда эса ҳалқалари ингичкароқ бўлади, деди профессор Бюнтген.

Турли намуналарни ўрганишлар ва солиштиришлар асосида тадқиқотчилар дунёнинг (экваторга нисбатан) шимолий қисми учун сўнгги 2000 йилликнинг ҳароратлар харитасини тузишди. Якуний хулосага кўра, «саноатгача бўлган давр» —  1850-1900-йиллар ёзига нисбатан, 2023 йил ёзи Целсий шкаласи бўйича 2,07 даража иссиқроқ бўлган.

Сайёрамизда сўнгги 2000 йилликнинг энг совуқ ёзи 536 йилда кузатилган — бунга вулқон отилиши оқибатида Ер атмосферасига жуда кўп миқдорда олтингугурт ажралгани сабаб бўлган.

Дарахтлар танасидаги ҳалқаларга кўра, икки минг йилликнинг энг иссиқ йили — 246 йил. Аммо ўша йилнинг ёзи ҳам жазирама бобида 2023 йил ёзига яқинлаша олмайди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг