«Суд-пуд демасдан, ичидаги одамлари билан бузиб, кўмиб ташлайсан» — Бухоро ҳокимини нима қуюшқондан чиқарганди?

Жорий йилнинг 12 июнь куни ижтимоий тармоқларда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зариповнинг мутасаддилар билан хусусий боғчалардан бирида бўлгани ва бир нечтасини буздириб ташлаттираётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Тарқалган видеотасвирда вилоят ҳокими, жумладан, «суд-пуд демасдан, ичидаги одамлари билан бузиб, кўмиб ташлайсан», деган. Шунингдек, у «Боғча ҳудудига кирганларни ҳаммасини ҳуқуқий ҳужжатларини кўтарасан. Йўқларини ҳеч кимни эшитмасдан бузасан. Бугунни ўзида бузиб ташлайсан, нарсалари билан, ичидаги одамлари билан кўмиб ташлайсан, к чёрту. Бўлди энди суд-пуд, деб эркалатгани», деган Бухоро шаҳар ҳокими ўринбосарига қарата.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати юқоридаги видеотасвирда кетган сўзлар Бухоро вилояти ҳокими томонидан айтилганини инкор қилмади. Бироқ кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган ҳолат аслида қандай? Вилоят раҳбари «хусусий боғчани бузиб ташлаш» кераклиги юзасидан топшириқ берганми?
Бухоро вилояти ҳокими ахборот хизмати раҳбари Олим Жўраевнинг «Xabar.uz»га билдиришича, аслида Бухоро ҳокими Ботир Зарипов ишчи гуруҳи билан жорий йилнинг 22 май куни Бухоро шаҳридаги 2-сонли давлат мактабгача таълим муассасасида бўлган. Бунда у давлат мактабгача таълим муассасасида амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларининг боришини кўздан кечирган. У ердаги оғир аҳвол, айниқса, боғчага туташ умумий овқатланиш объекти томонидан муассасада ҳудудининг тегишлича майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганига, болалар ҳаёти хавфсизлиги таъминланмаганига гувоҳ бўлган. Бухоро шаҳар марказидаги бундай ачинарли аҳволдан ва болалар тақдиридан хавотирланган вилоят раҳбари жаҳл устида жавобгар масъулларга тадбиркорнинг ўзбошимча хатти-ҳаракатларига нисбатан: «суд-пуд демасдан, ичидаги одамлари билан бузиб, кўмиб ташлаш» ҳақида танбеҳ берган.
Билдирилишича, Бухоро шаҳридаги 2-сонли давлат мактабгача таълим муассасаси 140 ўринга мўлжалланган. 1961 йилда қурилган ва ҳозирда таъмирталаб ҳолга келиб қолган. Ўтказилган хатловга асосан маҳаллий бюджет ҳисобидан зарур маблағлар ажратилиб, боғчада капитал таъмирлаш ишлари олиб борилиши кўзда тутилган.
Ўрганиш чоғида вилоят ҳокими қурилиш ишларини жадаллаштириш ва қисқа муддатда якунлаш юзасидан шаҳар ҳокимлиги ва соҳа масъулларига топшириқлар берган.
«Ўрганиш жараёнида тадбиркорнинг боғча ҳудудида тегишли рухсатларсиз, хуфёна ноқонуний кириш-чиқиш йўлаги очганига, бундан ташқари, боғча ҳудудининг бир қисмида юқори кучланишли трансформатор атрофи темир панжара билан ўраб олинмаганига гувоҳ бўлдик», - дейди Олим Жўраев.
Амалдаги қонунчиликка кўра, вилоят ҳокимлари зиммасига муассасаларнинг хавфсизлигини таъминлаш, шу жумладан, ҳудудлар атрофини ўраш, уларга ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича инспекторларни бириктириш, кузатув камералари ва ёнғинга қарши сигнализация тизимларини ўрнатиш чораларини кўриш, шунингдек, муассаса ҳудудининг ва кўчмас мулкининг бутунлигини ҳамда дахлсизлигини белгиланган тартибда таъминлаш вазифалари юклатилган.
Видеолавҳада тилга олинган «бузиб ташла» жумласида айнан ўша боғча ҳудудида тегишли рухсатларсиз, хуфёна, ноқонуний кириш-чиқиш йўлагини бартараф этилиши назарда тутилган. Ва асосий мақсад вилоят ҳокими томонидан 140 нафар боғча тарбияланувчиларини хавфсизлиги, ҳамда юз бериши мумкин бўлган турли нохуш, ноқонуний ҳолатларни олдини олиш бўлган.
Маълумот ўрнида: Бундан илгари Бухорода эътиборсизлик оқибатида боғча боласининг ток уриши оқибатида вафот этган ҳамда ток уришидан вафот этган боғча тарбияланувчиси иши бўйича қўшимча маълумот берилган эди.
«Ижтимоий тармоқ фаоллари ва фойдаланувчилари айнан шу жумлани «ҳоким хусусий боғчаларни бузиб ташлаш бўйича топшириқ бераяпти” тарзида муҳокама қилишмоқда. Бу эса мутлақо асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайди», - дейди Бухоро шаҳар ҳокими ўринбосари Феруз Ҳамроев.
Билдирилишича, вилоятнинг бошқа шаҳар-туманларидаги мактабгача таълим муассасаларида бу каби ҳолатларни ўрганиш ва зудлик билан бартараф этиш мақсадида Бухоро шаҳар ҳокимининг тегишли ўринбосарига «ҳайфсан» интизомий чораси қўлланилган. Ноқонуний йўлак бартараф этилган ҳамда ўрганиш олиб борилган 2-сон давлат мактабгача таълим муассасасидаги жараён тасвирга олиниб, мутасаддиларга юборилган ва шу тариқа кенг тарқалган.
Расмий муносабатда вилоятда қонун устуворлиги таъминланиши, бирорта ноқонуний бузилиш амалга оширилмаслиги таъкидлаб ўтилган. Ушбу ҳолатда эса вилоят ҳокими томонидан топшириқ бериш пайтида айрим раҳбарларнинг масъулиятини ошириш учун ҳиссиётли гапиришига тўғри келгани важ келтирилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter