Судлар фаолияти: карантин ва карантиндан кейин...

Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлиси бўлиб ўтди.
Олий маҳкама матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидовнинг маълум қилишича, видеоконференцалоқа режимида ўтказилган мажлисда Олий суд судьялари, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича ҳамда маъмурий, иқтисодий ва ҳарбий судлар раислари ва судьялари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари иштирок этди.
Унда Олий суд Пленумининг «Судлар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалишига қарши чоралар жорий этилиши шароитида қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги қарор лойиҳаси муҳокама қилинди.
Қайд этилдики, мамлакатимизда карантин жорий этилгач, судлар фаолияти тўхтаб қолгани йўқ. Фақат фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатлари борасида судларда иш тартиби ўзгарди. Фуқароларни шахсий ва сайёр қабулларини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлинди. Бироқ судларда кечиктириб бўлмайдиган тоифадаги ишлар кўриб келинмоқда, бошқа ишларни кўриш эса, маълум муддатга қолдирилди.
Карантин тартиби тугагач, судларга мурожаатлар сони кескин ошиб кетиши эҳтимоли юқори. Бу эса ҳозирдан жиддий тайёргарлик кўришини тақозо этади.
Айнан шундай ҳолатлар эътиборга олиниб, бугун муҳокама этилган Пленум қарори лойиҳаси тезкорлик билан ишлаб чиқилди. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатда эпидемиологик вазиятларда судлар қандай фаолият тартиби ўз ифодасини топган.
Пленум қарори билан карантин амал қилиши даврида даъво муддати Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 156-моддаси (даъво муддати ўтишининг тўхтатилиши) биринчи қисмининг 1 ва 2-бандларига асосан тўхтатилиши тушунтирилмоқда. Унга кўра, карантин даъво муддатининг охирги олти ойида жорий этилган ёки амал қилишни давом этиб турган бўлса, даъво муддатининг ўтиши тўхтатилади.
Карантин бекор қилинган кундан бошлаб даъво муддатининг ўтиши давом этади, бунда муддатнинг қолган қисми олти ойгача, даъво муддати олти ойдан кам бўлса, даъво муддатига қадар узайтирилади.
Пленум қарорининг яна бир эътиборга молик нуқтаси шундаки, унга кўра, карантин шартлари жорий этилгунга қадар қонуний кучга кирган, бироқ ижрога қаратилмаган суд қарорлари, шунингдек, карантин даврида чиқарилган ва карантин шартлари жорий этилиши муносабати билан апелляция тартибида шикоят қилинмаган суд қарорлари карантин амал қилиши бекор қилингандан сўнг ижрога қаратилади.
Шунингдек, Пленум қарорида Иқтисодий судларга муайян ишлар кўрилишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонининг қоидаларини инобатга олиниши лозимлиги ҳам тушунтирилмоқда. Бунда Фармон қабул қилингунга қадар қўзғатилган чет элдан хорижий валютадаги тушум тушиши кечиктирилишига йўл қўйган экспорт (импорт) қилувчиларга молиявий жарималар қўллаш, шунингдек солиқ қарздорликни ундириш тўғрисидаги ишларга алоҳида эътибор қаратилган.
Кўриб чиқилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Пленум мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Н.Йўлдошев иштирок этди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter