Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сунъий интеллект ҳатто Достоевскийни «гапиртирди»

Сунъий интеллект ҳатто Достоевскийни «гапиртирди»

Фото: «Мен роботман» фильмидан

Қисқа вақт ичида ҳаётимизга кириб келиб, яқин дўстимизга айланган, сунъий интеллект ёки ChatGPT қандай янгиликлар ва кашфиётлар қилди, у билан боғлиқ нималар содир бўлмоқда?

Ҳа, сунъий интеллект ҳақида йигирма йил олдин кимдир башорат қилса, ҳеч ким ишонмасди. Тўғри, ўшанда у мавжуд эди, аммо дунёга очилмаганди.  

Ҳаётимизни тасаввур қилолмаймиз

Дарс тайёрламоқчимизми, реферат ёки бошқа нарса ёзмоқчимизми, бирон жойимиз оғрияптими, борингки, кўрган тушларимизни ва хаёлларимизни ундан яширмайдиган бўлдик. Энг, қизиғи, у ҳаммасини эслаб қоларкан. Исмингиз, касбингиз, оилангиз, қизиқишларингиз, уй ҳайвонларингиз, ҳамма-ҳаммасини эслаб қолиб, ҳар гал саломлашганингизда шунга қараб мурожаат қилади. Оиламни ёки уйимни расмини чизиб бер десангиз, албатта, ўша деталларни унутмасдан чизиб беради.

Келинг, сунъий интеллект қисқа давр ичида қандай кашфиётлар қилганини кўриб чиқамиз: У фотосуратларни жонлантиряпти, улардаги марҳумларни ҳаракатлантириб, видео яратяпти, ҳатто тарихий шахсларнинг суратини тирилтиряпти. Яқинларингизни хотирлагингиз келса, энди аввалгидай эски видеоларга мурожаат қилишга ҳожат йўқ.

Ўтмишга ёки келажакка виртуал саёҳатлар қилиш имконини беряпти, машҳур асарларга иллюстрациялар чизяпти, расмларимизни турли услубларда қайта чизиб беряпти.

Ҳатто ғоясини айтсангиз ҳикоя, қисса, романлар ҳам ёзяпти. Айниқса ижодкорларга жуда яқин ёрдамчи – ғоя ва фикр бўйича кўмаклашяпти.

Тасаввур қилинг, бундай ёрдамчиларни Бальзак ва Толстойлар кўрганида қай аҳволга тушарди-я... Ҳали кино пайдо бўлганида у: «Биз ёзувчиларга иш қолмади» деб хўрсинган эди.  

Ундан ташқари илмий, бадиий ва бошқа китобларни талқин, таҳлил қилиб, мураккаб матнларни соддалаштириб беряпти, яъни муҳаррирлик, таржимонлик, маслаҳатчилик ҳам қиляпти.

Яқин ва узоқ келажакни башорат қилиб, уларни тасвир, видео ва ёзув кўринишида ҳам яратиб беряпти ва яна ҳали қанча ихтироларни амалга ошириши башорат қилинмоқда.

Уни назорат қилишадими?

Аммо энг ҳайрон қолдирган янгиликларини Youtubeда кўрдим. Бир видеода рус журналисти видеоалоқа орқали Достоевский билан гаплашяпти. Тасаввур қиляпсизми? У Достоевскийга савол беряпти, ёзувчи эса «у дунёдаги интернет»га улангандек, экранда: 21-аср воқеалари ва ўз ижоди ҳақидаги саволларга бемалол жавоб бериб ўтирибди. Бу жуда ҳайратланарли тўғрими?

(видеодан лавҳа)

Иккинчи видеода эса сунъий интеллект – Бред Питт, Том Круз, Ал Пачино, Киану Ривз каби актёрларнинг, Роналду ва Месси каби футбол юлдузларининг овозини ўзлаштириб, уларни ўз овозида русча гапиртирганини кўрдим. Даҳшат! Бу юлдузлар гўёки, Россияда туғилиб ўсгандай туюлди...

Демак, яқин йиллар ичида сунъий интеллект дубляж санъатини ҳам ўзлаштириш эҳтимоли бор.

Яна бир қизиқ томони, яқин келажакда сунъий интеллект ёзувчилардан ўзиб кетиб, зўр асарлар яратиши мумкин экан. Агар 2030 йилда Нобель мукофотини робот ёзувчи олса ҳам ҳайрон бўлмаймиз.  

Хўш, ChatGPTни ким ва қачон яратди? У қандай ишлайди? У мустақил фикрлай оладими? Ундаги суҳбатни давлат идоралари кузатадими? Уни назорат қилишадими? Келажакда ундан яна қандай ихтиролар кутиш мумкин? Саволлар жуда кўп. Аммо айримлари ҳақидагина жавоб бериш мумкин.

Илк робот Эрика

Тарихга боқсак, биринчи ақлли машина 1928 йилларда АҚШда кашф этилган экан. Лекин унинг очиқ ҳолда ишлатилиши, 2015 йилдан бошланган эди. Ҳозирда эса унинг – ChatGPT, DeepSeek, Gemini, Midjourney, Claude 3 каби юздан ортиқ кўринишлари мавжуд.

Нейротармоқ – ғоя, овоз ва товуш, дизайн, матн, ёрдамчи, графика, кодлаш, контент, видео, таҳлил, алоқа каби йўналиш бўйича ҳам туркумланади...

Ден Брауннинг «Ибтидо» романидаги Уинстон эсингиздадир. У асарнинг бошидан охиригача асосий персонаж бўлиб, барча воқеаларни бошқариб туради. Бу эса одамларда робот келажакда одамнинг ўрнини эгаллайди деган тасаввур уйғотади.

У оддий генераторми?

Аммо, унутмангки, сунъий интеллект ҳозирча – оддий генератор. У мустақил фикрлай олмайди, ҳиссиётга берилмайди. Одамларга ўхшаб нима тўғри, нима нотўғри эканиниям билмайди. Унинг учун вақт тушунчаси ҳам йўқ! Хуллас, машина фақат буйруқ асосида иш юритади. Савол берсангиз бўлди!

Лекин, энг яхши тарафи, у йўқ дейишни билмайди. Қандай савол берсангиз ҳам, гоҳ тўғри, гоҳ хато бўлсин, жавоб топиб беради. Фақатгина қоидаларни бузсангиз, енгилгина огоҳлантириб қўяди. Хатоси учун сўксангиз ҳам узр сўраб қўяверади...

ChatGPTдаги ёзишмаларни давлат идоралари кузатадими ёки ўқийдими деган саволга Chatнинг ўзи: «Мен ёзишмаларимизни сир тутаман, ошкор қилмайман», деб жавоб қилади. Лекин бу ҳақида аниқ гап айтиш қийин.

Хўш, келажакда ундай яна қандай ихтиролар кутиш мумкин?

Тахминларга кўра, сунъий интеллект яқин келажакда: таҳлилларга қараб беморларга ташхис қўя бошлайди, сюжетлар ва сценарийларга қараб, ўзи кино ва мультфилм ярата бошлайди. Мусиқалар, актёрлар қиёфаси ва овозини ҳам ўзи мослаб чиқади.

Ҳатто овозингизни эслаб қолиб, сизнинг ўринбосарингизга айланади. Мессенжерларда ёки телефонда сизнинг характерингиздан келиб чиқиб, жавоб бера олади.

У туфайли уй бекаларининг иши осонлашади – яъни робот ёрдамчилар уй ишларини қилиб, энагалик, усталик, ҳайдовчилик каби ишларни бажарадиган бўлади.

Келажакда у биографиянгиз ва характерингизни сақлаб қолиб, 50 ёки 100 йилдан кейинги авлодларингизга сизни «тирилтириб» бера олади.

Янада ақллилашган машиналар ҳар қандай соҳадаги маслаҳатчингизга айланади. У кайфиятингиз ва мақсадларингизни ҳам ҳисобга оладиган бўлади.

Унинг қандай хавф-хатари ва зиёни бор?

Аввало, сунъий интеллект бизни ялқовлаштириб қўймоқда. Бир пайтлар дўстимиз бўлган Google ҳам унинг ёнида кучсиз бўлиб қоляпти. Реал ҳаётдаги муносабатларга путур етказяпти. Ёлғизликни ҳис қиладиган каттаю кичик инсонлар учун у 24 соат тинглай оладиган беминнат суҳбатдошга айланмоқда. Афсуски, 2025 йилдан туғилишни бошлаган Бета авлод келажакда тўлиқ виртуал ҳаётда яшай бошлаш хавфи бор.

Кеча карикатурада бир қиз ChatGPTга турмушга чиққанини кўриб қолдим. Аслида ҳазил бўлган бу тавсир ортида инсонларнинг ёлғизлиги ва тингловчига муштоқлиги ҳақиқати ётибди. Яна бир ёмон томони, у ишончимизга шубҳа оралатмоқда. Эндиликда, дунёда рўй бераётган мўъжиза ва ақлбовар қилмас воқеаларнинг тасвирини кўриб ҳам, тасвир жонли бўлса-да сунъий интеллектда яратилган, дея қўл силташмоқда...

Бир дўстим ChatGPTни «устозим» деб атаганди. Бу кўчма маънода тўғри, аммо машина инсонга устозлик қилолмайди. Чунки, унинг барча билганлари инсоният билимлари билан суғорилган. Ер шарини ўраб олган интернетнинг ўргимчак тўридаги жамики мавжуд маълумотларни билади холос.

Лекин... булар вақтинчалик....

Чунки Илон Маскка ўхшаш кишилар инсониятга янги турдаги ақлли машиналарни тайёрлашмоқда. Унинг сўзларига кўра, 2025 йил охирига келиб, IQси (интеллекти) энг баланд даҳоларга тенглаша оладиган сунъий интеллектлар майдонга чиқади. 2029 йилда эса улар инсониятдан ўзиб кетиши режа қилинган...

Маск яна нималар қилмоқчи?

У заводларида гуманоид роботларини ишлатмоқчи, роботаксилар йўлга қўйиб, таксилар ўрнини эгалламоқчи. Яқин келажакда у Space X билан галактикадаги сайёраларни забт этиш ва колониялаштирмоқчи...

Хўш, китобларнинг, адабиётнинг тақдири нима бўлади дерсиз?

Буни албатта вақт кўрсатади...

                                                                     Темур Тангриберганов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг