Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сунъий интеллект ва рақамлаштириш: Германия ҳуқуқий ахборот тизими мисолида

Сунъий интеллект ва рақамлаштириш: Германия ҳуқуқий ахборот тизими мисолида

Иллюстратив фото

Германия Федератив Республикаси қонун ижодкорлиги, қонунлар ижросини таъминлаш ва уни аҳоли кенг қатламига етказиш соҳасида етакчи давлатлардан ҳисобланади. Айни пайтда, немис қонунчилиги нисбатан мураккаб тили ва ўзига хос техникаси билан ҳам ажралиб туради.

Бироқ, бу атайин аҳолига тушуниш қийин бўлиши учун жорий қилинган тизим эмас.

Қонунларнинг мураккаблиги шунчаки уларни қабул қилишда жуда кўплаб органлар жалб қилиниши, кўпинча қийин мавзуларнинг бир неча марта текширилиши ҳамда бу ҳақда барча фуқароларга доимий маълумот тақдим этиб турилиши билан изоҳланади.

Жараённинг мураккаблиги аслида демократия ва қонун устуворлиги тамойилларини акс эттиради. Мазкур тамойиллар эътиборга олинмайдиган жойларда — тоталитар режимлар ва ҳарбий диктатураларда қонунларни қабул қилиш тез ва осон кечади. Бундай давлатларда қонунларнинг ижроси адолатсиз ва самарасиз бўлиши ҳам тасодифий ҳол эмас.

Германиянинг янги қабул қилинган қонунлари Германия Федерал қонун газетаси (Bundesgesetzblatt) орқали эълон қилинади. Мазкур газета (I, II ва III қисмлардан иборат) мамлакатнинг расмий нашри ҳисобланади. У биринчи навбатда федерал қонунларни эълон қилиш манбаси бўлиб, Бонн шаҳрида Федерал Адлия ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вазирлиги (Bundesministerium der Justiz) томонидан нашр этилади.

Bundesgesetzblattда қонуннинг эълон қилиниши қонунчилик жараёнининг якуний босқичидир. Бу ҳар қандай қонуннинг кучга кириши учун расмий талаб саналади (Германия конституциясининг 82-моддаси 1-қисми 1-банди). Федерал қонун газетаси 1998 йилдан интернетда электрон шаклда ҳам эълон қилиниб келмоқда.

Шунингдек, Германияда аҳолининг кенг қатламига 16 федерал ер (Die Länder) расмий манбалари орқали ҳам ҳуқуқий ахборот бериб борилади.

Федерал маъмурий қоидалар ва тартиб-таомилларни, янги қабул қилинган қонун ҳужжатлари бўйича тавсияларни ижрочиларга етказишда қатор манбалар мавжуд бўлиб, Bundesanzeiger журнали ва Федерал ички ишлар вазирлиги нашри бўлган Gemeinsames Ministrialblatt (Ҳукумат вазирликларининг қўшма газетаси) уларнинг энг асосийлари ҳисобланади.

Бундан ташқари, қонунчиликнинг муайян тор соҳалари бўйича нашрлар — Федерал меҳнат вазирлигининг Bundesarbeitsblatt (Федерал меҳнат қонуни газетаси) ёки Федерал молия вазирлигининг Bundessteuerblatt (Федерал солиқ газетаси) нашрлари ҳам ижрочилар учун муҳим ахборот манбаси саналади.

ХХ асрнинг 70-йилларида Федерал адлия вазирлиги томонидан ташкил этилган «Juris» маълумотлар базаси, шубҳасиз, Германиянинг энг асосий ҳуқуқий ахборот тизими ҳисобланади. Ушбу юридик маълумотлар базаси йиллар давомида ҳуқуқий ҳужжатлар ва суд қарорларини ягона платформада тўплаш орқали юридик ахборот билан танишиш имкониятини демократлаштирди. Мазкур манба кўп жиҳатлари билан миллий қонунчилигимиздаги «Lex.uz» порталини эслатади. Эътиборли томони, Германиядаги «энг қадимги» юридик маълумотлар базаси саналган «Juris» 1980-йилларда хусусийлаштирилган. Аксарият улуш ҳали ҳам Германия федерал ҳукуматига тегишли, қолган акцияларни бир неча йил олдин Нидерландияда жойлашган «Sdu» нашриёти сотиб олган.

Яқинда Германия ҳукумати «Juris» базаси билан ҳамкорликда федерал маъмурий қонун-қоидалар учун махсус рақамли портал — Vervaltungsvorschriften im Internetни ишга туширди. Ушбу портал кенг жамоатчиликка турли федерал ҳукумат вазирликлари томонидан чиқарилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан бепул танишиш ва фойдаланиш имконини берди. Ваколатли федерал органлар томонидан доимий равишда янгиланиб турилгани боис улар «тирик ҳужжатлар» деб аталади.

2020-йиллардан бошлаб «Juris» тизимига сунъий интеллект (СИ) алгоритмлари интеграция қилиниб, фойдаланувчилар учун контекстуал қидирув, ҳужжатлар таҳлили, СИ асосидаги юридик маслаҳатлар ва «smart search» функцияларини амалга ошириш имконини берди (Braegelmann, 2021; Schveighofer, 2022).

Ўзбекистоннинг «Lex.uz» миллий қонунчилик портали Германиянинг «Juris» тизимига маълум даражада ўхшаш, аммо ҳали сунъий интеллект, автоматлаштирилган таҳлил ва контекстуал ҳужжат боғланмаларини тақдим эта олмайди. Шу сабабли қуйидаги чора-тадбирларни амалга оширишни долзарб деб биламиз:

  • Маълумотлар базаларининг автоматик таҳлили — Ўзбекистон қонунлари ўртасидаги коллизиялар, такрорланишлар ва мантиқий узилишларни автоматик ва тез фурсатда аниқлаш:
  • Блокчейнли нотариал рўйхатлар — расмий эълонларнинг ўзгармаслигини ва ҳақиқийлигини кафолатлаш;
  • Чатбот-ёрдамчи ҳуқуқий маслаҳатчилар — оддий фуқаролар ва тадбиркорлар учун қонун билан боғлиқ саволларга тезкор жавоб берувчи сунъий интеллект дастурларини жорий этиш;
  • LegalTech стартапларни қўллаб-қувватлаш — хусусий юридик хизматлар кўрсатиш имконияти берувчи дастурлар ва технологик компанияларни қўллаб-қувватлаш.

Хулоса қилиб айтганда, Германияда ҳуқуқий ахборот тизимининг рақамлаштирилиши ва СИ технологияларининг интеграцияси ҳуқуқий тизимнинг шаффофлиги ва самарадорлигини сезиларли даражада оширди. Ўзбекистон ҳуқуқий тизимида ҳам шу каби ёндашувлар, хусусан, «Lex.uz» порталида СИ имкониятларидан фойдаланиш, нотариал амалиётда блокчейн технологиясини жорий қилиш бизни замонавий ҳуқуқий давлат сари янада яқинлаштиради.

Насим Носиров,
Бизнесда сунъий интеллект регуляцияси
ва стратегияси бўйича эксперт

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг