Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сунъий интеллектга оид муносабатлар тартибга солинади – қонун лойиҳаси

Сунъий интеллектга оид муносабатлар тартибга солинади – қонун лойиҳаси

Иллюстрация

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сунъий интеллектни қўллаш орқали юзага келадиган муносабатларни тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳасини муҳокама қилишди.

Қайд этилишича, илғор хорижий тажрибаларни инобатга олган ҳолда миллий қонунчиликка сунъий интеллект технологияларини қўллаш орқали юзага келадиган муносабатларни тартибга солиш, бунда фуқароларни ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қўшимча нормаларни киритиш зарурати вужудга келмоқда.

Шу боисдан, дастлабки қадам сифатида қонунчиликка сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишнинг умумий асосларига оид қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Хусусан, «Сунъий интеллект» тушунчасига таъриф берилиши билан бирга, давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда махсус ваколатли органнинг вазифалари, ахборот ресурсларини яратишда ҳамда ахборот тизимлари ишида сунъий интеллектдан фойдаланишнинг умумий қоидалари белгиланяпти.

Лойиҳада сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда яратилган ахборот ресурсларига маркировка қўйиш талаби назарда тутилмоқда. Шунингдек, сунъий интеллектдан фойдаланиб яратилган ахборот ресурслари ва сунъий интеллект технологиялари асосида ишлайдиган ахборот тизимлари инсон, унинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқларини бузмаслигига оид талабни киритиш кўзда тутиляпти.

Бундан ташқари, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинлигига алоқадор қарорларни қабул қилишда фақатгина сунъий интеллектдан фойдаланиб яратилган ахборот ресурслари ва сунъий интеллект технологиялари асосида ишлайдиган ахборот тизимлари хулосасига таянилмаслиги ҳам ўз аксини топмоқда.

Қонун лойиҳасида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда шахсга доир маълумотларга қонунга хилоф равишда ишлов бериш ва уни ОАВ ҳамда Интернетда тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Мажлисда депутатлар қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига алоҳида тўхталиб, уни янада такомиллаштириш, пишиқ-пухта ҳолатга келтириш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини билдирди. Лойиҳадаги айрим нормалар юзасидан аниқлаштирувчи саволлар кўтарилди. Қонун ташаббускорлари берилган барча саволларга батафсил тушунтиришлар бериб ўтди.

Таъкидланишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши сунъий интеллектдан фойдаланишни янада ривожлантириш, турли соҳаларга жорий этиш учун шарт-шароитлар яратиш, уни қўллаш орқали юзага келадиган муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш, сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда шахсга доир маълумотларга қонунга хилоф равишда ишлов бериш ва тарқатишнинг олдини олишга хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг