Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сурия ва Исроил ўт очишни тўхтатишга келишиб олди

Сурия ва Исроил ўт очишни тўхтатишга келишиб олди

Суриянинг Сувайда вилоятида друзлар қуролли гуруҳлари ва ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланган бадавий уруғлари ўртасида тўқнашувлар қайта бошланганидан сўнг вазият кескинлашди. Сурия президенти Аҳмад ал-Шара ўн минглаб одамларни уйларини ташлаб кетишга мажбур қилган жангларни бостириш учун вилоятга қўшинларни қайта киритиши ҳақида огоҳлантирди.

АҚШнинг Туркиядаги элчиси ва Сурия бўйича махсус элчиси Том Барак Х платформасидаги постида Сурия ва Исроил ўзаро сулҳга эришганини эълон қилди.

«Исроил Бош вазири Нетаняҳу ва Сурия президенти Аҳмад ал-Шара, АҚШ Давлат котиби Марко Рубио кўмагида Туркия, Иордания ва қўшнилар томонидан қўллаб-қувватланган ўт очишни тўхтатиш бўйича келишиб олди», – деб ёзди Баррак.

Дипломат келишувнинг ҳеч қандай тафсилотини ошкор қилмаган. Лекин барча томонларни қуролларини ташлаб, тинчлик ўрнатишни бошлашга чақирган.

Маълумот учун, Сурия жанубидаги Ас-Сувайда вилоятида друзлар ва маҳаллий сунний мусулмон бадавий қабилалари ўртасида тўқнашувлар ўтган якшанба куни бошланган. Ҳукумат кучлари, тартибни тиклаш учун ушбу можарога аралашди.

Исроил томони эса гўёки друзлар мудофаасига келиб, Сурия ҳукумати ҳарбийларига ўнлаб ҳаво ҳужумлари уюштирди ва Дамашқ марказидаги Сурия Мудофаа вазирлиги штаб-квартирасига ҳужум қилди.

Қайд этилишича, друзлар Исроилда муҳим жамоа бўлиб, улар содиқ озчилик ҳисобланади ва кўпинча Исроил армиясида хизмат қилади.

Бир ҳафта давом этган жангларда юзлаб одамлар ҳалок бўлди.

Чоршанба куни ал-Шара ҳукумати Вашингтон, Туркия ва бошқа араб давлатлари воситачилигида друзлар гуруҳлари билан сулҳ тузди ва ўз қўшинларини Сувайда вилоятидан олиб чиқишни бошлади. Пайшанба куни Сурия муваққат президенти томонидан эълон қилинган келишув тафсилотларига кўра, друзлар гуруҳлари ҳукумат қўшинлари олиб чиқиб кетаётганда ички хавфсизликни назорат қилиш вазифасини олган.

Бироқ пайшанба куни кечқурун бадавийлар ва друзлар ўртасида яна тўқнашувлар бошланди. Давлат оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, друзлар жангарилари бадавий жамоаларига қарши ҳужумлар уюштирган, бу эса янги кўчиш тўлқинига олиб келган.

Қўшни Дараа вилояти губернатори ўз баёнотида «ноқонуний гуруҳларнинг бадавий қабилаларига ҳужуми» натижасида 1000 дан ортиқ оилалар етиб келганини айтди.

15 июл куни Исроил армияси Сурия жанубидаги Ас-Сувайда вилоятида ҳукумат қўшинларига зарбалар йўллади. Исроил озчиликни ташкил этувчи друзларни ҳимоя қилиш мақсадида эканини айтди.

Ал-Шаранинг айтишича, «тўқнашувларни тўхтатиш ва можарони ерда ҳал қилиш» учун Ас-Сувайдага махсус кучлар юборилади.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, якшанба куни бошланган тўқнашувлардан бери 80 мингга яқин одам ўз уйини тарк этган. Ас-Сувайдада асосий хизматлар, жумладан, сув ва электр энергияси, шунингдек, телекоммуникация ва соғлиқни сақлаш муассасалари узилиб қолган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг