Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сурхондарё: маҳалла раиси уздирган «газ»ни бутун маҳалла улатолмаяпти

Сурхондарё: маҳалла раиси уздирган «газ»ни бутун маҳалла улатолмаяпти

Таҳририятга Ўзбекистон жанубидаги энг чекка ҳудуд – Сурхондарёнинг Сариосиё туманидан мурожаат келиб тушди.

Унда мингдан ортиқ хўжалик (4 мингдан ортиқ аҳоли)нинг 10 йилдан буён ҳал этилмай, «отанга бор, энангга бор» қабилида ёндашиб келинаётган муаммоси ҳақида арз қилинади. Маҳалла аҳли ўтган муддат ичида қаергаки ёзиб мурожаат қилиш мумкин бўлса, ҳаммасига ёзган ва табиийки, аҳоли маҳаллий мутасадди ташкилотдан бир хил мазмундаги – шаблон жавобларни олиб келаверган...

Энг охиргилари – Президентга ва унинг бир нусхаси бизга, таҳририятга келиб тушди.

Гап Сариосиё тумани ҳокимияти рўпарасидаги, туман марказида жойлашган Биллур маҳалласи ва у ерда 10 йилдирки бемаъни мақсадда тармоқдан узиб ташланган табиий газнинг йўқлигидан азият чекиб келаётган аҳоли ҳақида.

Мурожаатда айтилишича, 1126 та хўжалик истиқомат қилиб келаётган ушбу маҳалла 2015 йилда табиий газга аҳолидан пул йиғишда туғиладиган муаммолардан қутилиш учун маҳалла раисининг «бемаъни хати» сабаб газ тармоғидан узиб қўйилган. Ўша йилнинг 16 июнида эса туман ҳокимлиги ҳам 667-қарори билан Биллур маҳалласини «табиий газ етиб бориши қийин бўлган маҳаллалар рўйхати»га тиркаб қўйган. Гуёки шу билан қулоқлар тинч, муаммо бартараф этилган...

Ваҳоланки, юқорида айтилганидек маҳалла туман марказида жойлашган ва атрофдаги маҳаллалар, ҳатто мазкур маҳалла бошида қурилган «метан заправка» ҳам табиий газ билан таъминланган. Аҳоли мурожаатлари эса (таҳририятда мурожаатчилар томонидан жўнатилган ҳужжатлар, жумладан, 150 нафар киши томонидан имзоланган Президентга мурожаатнома ҳам мавжуд, -таҳр.) амалдорларнинг столларини айланиб келиб «Ҳудудгаз Сурхондарё» газ таъминоти филиалига ёки туман ҳокимлигига келиб тушаверган.

Жавоблар эса, айрим ўринларни истисно қилгандан, деярли бир хил ва тахминан қуйидагича:
«... маҳалласидаги аҳол хонадонлари Президентнинг 2015 йил 7 июлдаги ПҚ-2367-сонли, 2016 йил 10 июндаги ПҚ-2545-сонли, 2017 йил 22 июндаги ПҚ-3079-сонли қарорлари, Ҳукуматнинг 2015 йил 6 апрелдаги 26-сонли, 2016 йил 18 апрелдаги 44-сонли, 2016 йил 4 апрелдаги 47-сонли йиғилиш баёнларида белгиланган топшириқларнинг ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокими ва туман ҳокимлиги томонидан тасдиқланган қарорлар, жадваллар ва рўйхатлар асосида табиий газ таъминоти танқис ва етказиб бериш қийин бўлган ҳудудлар рўйхатига киритилиб, ушбу маҳаллага ижара шартномаси асосида овқат тайёрлаш ва сув иситиш учун маиший газ баллонлари ажратилиб, суюлтирилган газ таъминотига мослаштирилгани тушунтирилди».

«Ҳудудгаз Сурхондарё»нинг Энергетика вазирлигига қайтарган жавоби эса ҳаммасидан ошиб тушган. Унда юқоридаги шаблон гаплардан сўнг масаланинг «асл моҳияти»га тўхталинади. Таъкидланишича, мазкур маҳалланинг табиий газ тармоғига қайта уланиши «туманнинг бошқа ҳудудларида яшовчи 37 557 та суюлтирилган газ билан таъминланувчиларнинг ҳақли (таъкид таҳририятники) эътирозларига сабаб бўлиб, куз-қиш мавсумида 12 721 та табиий газ истеъмолчилар газ таъминотида узилишларни келтириб чиқаради».«Ҳудудгаз»нинг Сурхондарё филиали шу боис мингдан ортиқ хўжаликни қиш мавсумида оғир шароитларда яшашга маҳкум қилади ва вазирликка буни «юқоридаги омиллар сабаб аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлашни мақсадга мувофиқ деб топгани» билан тушунтиради.

Мурожаатчиларнинг жон куйдиришича эса вазият орада сарсон юрган сўров ва жавоб хатларида айтилгандек эмас. Туман марказидаги бошқа маҳллаларда табиий газ бор ва бу техник имкониятлар борлигини билдиради. Қолаверса, маҳалла аҳолиси яхши умидлар билан мана 10 йилдирки гази бўлмаса-да, газ узатиш тармоқлари (трубалар), газ тақсимлаш асбобларини сақлаб келади.

«Биз тармоққа уланиш учун фақат рухсат беришларини сўраяпмиз, холос. Қачонгача, марказда яшаб таппи-тезак, ўтин ёқамиз. Яшаётган шароитимиз қишлоқ жойлардан ҳам абгор. Қиш кунлари уй иситишга, овқат қилишга қийналиб келяпмиз.

Мутасаддилардан бирор моддий ёрдам сўрамаяпмиз. Газ тармоғига уланишимиз учун ҳамма шароитимизни сақлаб қўйганмиз, шунчаки рухсат беришса бўлди», – дейди ўзини Назриқул Азимов деб таништирган маҳалла аъзоларидан бири.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг