Талабалар журнали чиқа бошлади
Ўзбекистонда ёшларга мўлжалланган «O’zbekiston talabasi» журналининг нишона сони чиқди.
Ушбу нашр бир-биридан қизиқарли мақола ва хабарларга бой. Унда талабалар мавзуси қаторида кўпчиликка манзур бўладиган материаллар берилган. Шу жиҳатдан, «O’zbekiston talabasi»ни оммабоп дейиш мумкин. Жумладан, Ўзбекистондаги вазирларнинг қайси олий ўқув юртида таҳсил олгани, дунё университетлари рейтинги, Навоий замонидаги стипендия, япониялик ёш онанинг ҳасратлари қизиқиш билан ўқилади.
Журналдан талабалар ҳаётига доир биринчи ўзбек сериали сценарийнависи Исмоил Шомуродов билан суҳбат ҳам жой олган. У «Нима учун «Олтин даврим» сериали «Иван Васильевич касбини ўзгартиради» фильми каби оммалашиб кетмади?.. Ваҳоланки, сценарий муаллифи шуни хоҳлаган эди» деб номланади. «Футбол майдонида топилган миллионлар» мақоласида эса ўзбек футболининг бугунги ёш юлдузи Элдор Шомуродовнинг муваффақият йўли ҳақида ўқийсиз.
Нашр ёшларга тўғри йўл-йўриқ беришни мақсад қилган. Жумладан, «Чилим, бу – сен яқинлашаётган ўлим» мақоласи навқиронларни ўз гирдобига тортаётган иллатни фош этади.
– Журналимиз, энг аввало, талабаларга манзур бўлишидан умидвормиз, – дейди нашр бош муҳаррири Ёшин Ҳакимов. – Келгусида режаларимиз бисёр. Талаба ёшларга оид энг сара мақола ва хабарларни эълон қилиш, уларнинг маънавиятини бойитиш, ижодкор ёшлар учун махсус саҳифалар ажратиш, турли совринли танловлар ўтказиш, шу билан бирга, олий ўқув юртларидаги танқидий-таҳлилий мақолалар бериб бориш кўзда тутилган.
А.Фатҳуллаев
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter