Тараққиётнинг европача янги андозаси қандай бўлади? Франция элчиси муҳим масалаларга ойдинлик киритди

Франция раисликка киришиши муносабати билан Эйфель минораси ЕИ байроғи “либос”ида намоён бўлди.
Франция жорий йил 1 январдан, 14 йилда илк маротаба Европа Иттифоқи Кенгашида раислик қила бошлади. Кенгашга раислик қилувчи давлат 27 та аъзо мамлакат ўртасидаги муносабатларни мувофиқлаштиради, долзарб масалалар бўйича ўзаро тил топишиш, якдил қарорлар қабул қилишни таъминлайди.
Франция президенти Эммануэль Макрон 2021 йил декабрь ойидаги матбуот анжуманида мамлакатнинг ЕИ Кенгашидаги раислиги даврида Европани кучли, суверен ҳамда ўз тақдирини ўзи идора этишга қодир даражага кўтаришни мақсад қилганини баён этган эди.
Э.Макрон 19 январь куни Европа парламентидаги маърузасида ҳам иқлим ўзгариши, рақамли инқилоб ва хавфсизлик каби масалаларни санаб ўтар экан, сўздан амалга ўтиш вақти келганини таъкидлади. ЕИга аъзо мамлакатларни бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиш, бир тану бир жон бўлишга даъват этди.
Франция ўтган асрнинг 50-йилларида Европа Иттифоқининг тамал тоши қўйилишида таъсисчи давлатлардан бири сифатида муҳим роль ўйнаган. Интеграция ғоясининг илдизлари эса анча олдинга даврларга бориб тақалади. Масалан, атоқли француз адиби ва жамоат арбоби Виктор Ҳюго XIX асрдаёқ Европа бирлиги ва биродарлиги ғояларини илгари сурган, ҳатто “Европа қўшма штатлари” атамасини қўллаган эди. Расмий Париж ҳозир ҳам Европа бирлиги ғоясига кучли ишончи билан ажралиб туради. Бугун бутун дунё ҳамжамияти каби Европа Иттифоқи ҳам жиддий синовларга рўбарў келиб турибди. Ана шундай паллада Франциянинг раислигига катта умидлар қилинмоқда. Шу муносабат билан Франциянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Орелия БУШЕЗ хонимга бир неча савол билан мурожаат қилдик.

Элчи Орелия Бушез. Фото: Франция элчихонаси.
– Президент Макрон ЕИ Кенгашидаги раислик даврида кўҳна қитъани янада кучли ва мустақил қилиш ғоясини эълон қилди. Мазкур улкан мақсадга эришиш учун мамлакатингиз қандай чора-тадбирларни амалга оширишни режалаштирган?
– “Xabar.uz” муштарийларига Франциянинг Европа Иттифоқи Кенгашидаги раислигининг устувор йўналишларини тақдим этишдан бахтиёрман. Бироқ ундан аввал, Франция Ўзбекистоннинг ЕИ билан муносабатларига қаратаётган эътибори ва унинг Европа ташаббусларига бўлган қизиқишини қадрлашини айтиб ўтишга ижозат бергайсиз. ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Биз ушбу музокараларда ҳам муваффақият тилаймиз.
Европа Иттифоқи Кенгашидаги раислигимизнинг устувор йўналишларига келсак, Республика президенти Эммануэль Макрон бу йўналишда аниқ мақсад қўйди: “сарҳадларимиз доирасидаги ҳамкорлик Европаси”дан “батамом мустақил, ўз танлови ва ўз тақдири ўз қўлида бўлган, дунёда катта қудратга эга Европа”га ўтиш. Франция бу истакка эришиш йўлида уч йўналишдан иборат дастурни белгилаб олган.
Биринчи йўналиш бу – янада суверен Европа.
Ўз чегараларини назорат қилишга қодир Европа. Бу борада ҳаракатларимизни Шенген ҳудудини ислоҳ қилишдан бошлаймиз. Шунингдек, биз ушбу масалаларга масъул бўлган вазирларнинг мунтазам йиғилишларини ташкил этиш орқали Шенген ҳудудининг сиёсий тизими ва бошқарувини таъсис этиш, инқироз содир бўлган тақдирда чегараларда фавқулодда ёрдам механизмини яратиш ёки “Европа миграция пакети”ни қабул қилишни режалаштирмоқдамиз.
Кучли мудофаа сиёсатига эга Европа. Франция раислиги ўзига хос “стратегик йўлкўрсаткич”, яъни таҳдидлар ҳолатини таҳлил этувчи ва Европа мудофааси учун янги йўналишларни белгилаб берувчи мудофаа ва хавфсизлик бўйича Европа қўлланмасини қабул қилиш имконини беради.
Ўз қўшниларининг барқарорлиги ва фаровонлигини таъминлай оладиган Европа. Раислигимиз остида Европа Иттифоқи ва икки яқин қўшнимиз: Африка ва Ғарбий Болқон ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаймиз. Февраль ойида Африка Иттифоқи ва Европа Иттифоқи ўртасида олий даражадаги учрашув ташкил этилади. Бу саммит Европа ва Африка ўртасида янги иқтисодий келишув ҳамда хавфсизлик ҳамкорлиги ўрнатилишини таъминлайди. Шу билан бирга, жорий йил июнь ойида мажбуриятлар ва минтақага сармоя киритиш борасида Европа сиёсатини белгилаб олиш мақсадида Ғарбий Болқон конференцияси ҳам бўлиб ўтади.
ЕИ Кенгашига раислигимизнинг иккинчи асосий йўналиши тараққиётнинг европача янги андозасини қуришдан иборат.
10-11 март кунлари “Европа-2030” саммити ўтказилади. Ушбу анжуманнинг мақсади Европа тараққиётининг янги моделини белгилаб олиш бўйича ўн йиллик стратегияни яратиш бўлиб, унда қуйидаги мақсадлар кўзда тутилади:
Европани ишлаб чиқариш, инновациялар ва иш ўринлари яратиш қитъасига айлантириш. Шу тарзда, март ойигача бир қатор сармоя режалари ва янги саноат иттифоқлари тузилади.
Иқтисодий ривожланиш ва иқлим бўйича интилишларни мувофиқлаштириш. Раислигимиз даврида 2050 йилга мўлжалланган углерод нейтраллиги ва 2030 йилгача ис гази чиқишини 55 фоизга камайтириш вазифаларини белгилаб берувчи ўтган йил июль ойида қабул қилинган ҳужжатлар бўйича олға ҳаракат қилиш имкони яратилади. Шу нуқтаи назардан, Европа чегараларида “углерод солиғи” деб аталадиган углерод чиқиндиларини камайтириш механизмини амалга ошириш энг муҳим чораларимиздан бири бўлади. Қолаверса, Франция ўрмонларнинг кесилиб кетилишига қарши кураш бўйича Европа дастагини яратиш бўйича музокараларни илгари суради.
Европани рақамли қудратга айлантириш. Янги стартаплар ва рақамли технологиялар ўйинчиларини молиялаштириш учун Европа фондлари ташкил этилади. Франция раислиги, шунингдек, рақамли дунёни тартибга солиш бўйича бир қатор қоидаларни қабул қилишга имкон беради. Жумладан, дунё веб-гигантлари бўлмиш GAFA (Google, Apple, Facebook ва Amazon) компанияларини солиққа тортиш бўйича халқаро битим, рақамли гигантларнинг тийиқсиз монополияга айланишининг олдини олишга қаратилган “Рақамли бозор тўғрисида”ги қонун (DMA) ёки катта платформалар учун жавобгарлик тизимини ўрнатадиган “Рақамли хизматлар тўғрисида”ги қонун (DSA).
Ижтимоий масалаларга келсак, раислигимиз давомида олдимизга қўйган асосий мақсадимиз бир қатор қонунларни киритиш ҳисобланади: энг кам иш ҳақи тўғрисида, аёллар ва эркаклар иш ҳақининг тенглиги ҳақида ҳамда маъмурий кенгашларга квоталар ҳақида йўриқномалар.

Ниҳоят, Франция раислигининг учинчи асосий йўналиши бу – ўз фуқароларига янада яқинроқ ва янада демократик бўлган инсоний Европа.
2022 йил май ойида Европа истиқболи бўйича конференция ишининг якуни Франция раислиги учун муҳим воқеа бўлиши кутилмоқда. Қонун устуворлиги ҳақидаги мунозаралар, бу борада янги механизмлар ҳақида мушоҳадалар, хусусан, мустақил ва суриштирув олиб борувчи журналистларни қўллаб-қувватлаш Европа жамғармаси, нафрат билан боғлиқ жиноятлар ва нафрат ифодасига нисбатан ҳам Европа жиноий ҳуқуқбузарликларини кенгайтириш, ирқчилик ва антисемитизм ҳамда аёлларга нисбатан зўравонликларга қарши кураш бўйича стратегияларни ишлаб чиқиш бўйича мунозаралар давом этади.
Франция ўз раислиги даврида Европа тарихи бўйича кенг миқёсли ишни қайта бошлашни истайди. Шу мақсадда жорий йил июнь ойида Европа университетларининг йирик анжумани ташкил этилади. Бундан кўзда тутилган мақсад бутун Европа бўйлаб тарихчилар мустақил тарихий тадқиқот устида ишлашни давом эттириши мумкин бўлган академик асос яратишдир. Шунингдек, 27 та аъзо давлатдан барча фанлардан зиёлиларни бирлаштирадиган Европа академиясини таъсис қилиш масаласи ҳам кўриб чиқилади.
2022 йил Европада ёшлар йили бўлади ва Франция раислик мақомидан фойдаланиб, 25 ёшгача бўлган барча ёшлар учун очиқ бўлган 6 ойли Европа фуқаролик хизматини ташкил этиш ташаббусини илгари суради.
– Марказий Осиё минтақаси бўйича устувор вазифалар ҳақида ҳам мухтасар сўзлаб берсангиз.
– Европа Иттифоқи Марказий Осиёнинг асосий савдо ва инвестиция ҳамкори ҳисобланади. 2019 йилнинг июнь ойидан буён минтақадаги Европа стратегияси барқарорлик, фаровонлик ва минтақавий ҳамкорликни оширишни кўзламоқда. Франция бу ҳаракатларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди, мазкур ҳаракатлар пандемия ва Афғонистондаги инқироз шароитида янада кучайтирилиши керак. Хусусан, Франциянинг ЕИ Кенгашидаги раислиги доирасида биз иккита асосий масала бўйича ишларни амалга оширамиз: ҳамкорларимиз ва Европа ташкилотлари томонидан қўллаб-қувватланиши мумкин бўлган минтақавий ҳамкорлик ва ўзаро боғлиқлик бўйича аниқ лойиҳаларни белгилаб олиш; минтақа мамлакатларига ЕИнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича меъёрларига амал қилган ҳолда Европа бозорига имтиёзли шартларда киришга имкон берувчи умумий преференциялар тизимини (GSP) қайта кўриб чиқиш бўйича муҳокамаларни давом эттириш.
– Бушез хоним, сиз нафақат Франция ташқи ишлар вазирлиги, балки ЕИ ташқи сиёсат маҳкамаси тизимида ҳам дипломат сифатида фаолият юритгансиз. Сизнингча, ҳозирги даврда ЕИ олдидаги турган асосий муаммолар нимадан иборат?
– Европа Иттифоқи айни дамда кенг кўламли муаммоларга бой алоҳида бир даврни бошдан кечирмоқда ва биз европаликлар бу муаммоларга тайёр туришимиз керак.
Биринчидан, Европа дунё миқёсидаги муаммоларга дуч келмоқда. Жумладан, қарийб икки йилдан бери бутун дунёни ларзага солаётган эпидемиологик инқироз, жадаллашиб бораётган иқлим ўзгаришлари, инсонларнинг кундалик ҳаётини ўзгартириб юбораётган рақамли инқилоб ёки кучайиб бораётган глобал тенгсизликлар.
Шунингдек, биз Европада фаровонлик ва тинчликни сақлаб қолишни истасак, фуқароларни тўлиқ иш билан таъминлаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Айнан шу – бизнинг Европа учун янги тараққиёт андозасини белгилаб олиш истагимизнинг муҳим йўналишидир.
“Кўҳна қитъа” кўпроқ ўзига тегишли бўлган синовларни ҳам енгиб ўтиши зарур. Масалан, айрим давлатларнинг ҳийла-найранглари туфайли кескинлашаётган миграция муаммолари, демократиямизни мувозанатдан чиқаришга бўлган уринишлар ёки энг яқин қўшниларимизда ҳам кескинликнинг кучайиши каби.
Таҳдид солаётган ушбу инқирозларнинг барчасига қарши ўлароқ Европа бирлиги ва бирдамлиги биз учун ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ ва бу бизнинг қудратимизни намоён этади. Айнан мана шу муаммоларга жавобан Франция мен юқорида батафсил баён қилиб ўтган дастурни яратди. Шундай қилиб, Франциянинг ЕИ Кенгашига раислиги янада самарали, янада қатъий, янада мустақил ва бирдам Европани илгари суриш имкониятини беради.
– Маълумки, жорий йил апрель ойида мамлакатингизда президентлик сайлови бўлиб ўтади. Мазкур сиёсий тадбир ЕИ Кенгашидаги раислик бўйича чора-тадбирларни амалга оширишга халал бермайдими?
– Сайлов даври Франциянинг ЕИ Кенгашига раислиги вазифасини бажаришига тўсқинлик қилмайди. Апрель ойида бўлиб ўтадиган президент сайловидан қатъи назар, мамлакатимиз ўз мажбуриятларига содиқ қолади ва бу вазифани адо этишда барча масъулиятни ўз зиммасига олади. Раислик Франциянинг Европа тараққиёти йўлидаги ғояларини илгари суриш ва амалга ошириш имкониятини намоён этади. Ушбу лойиҳаларнинг баъзилари кечиктириб бўлмайдиган лойиҳалардир. Масалан, рақамли технологияларни тартибга солиш, Европада энг кам иш ҳақи ёки чегаралардаги углерод солиғи каби. Шу нуқтаи назардан, Франциянинг ЕИ Кенгашига раислигини кейинроққа қолдириш мумкин эмас.
Бошқа томондан олиб қарасак, тарихий тажриба ЕИ Кенгашига раислик ва тегишли мамлакатдаги президентлик сайлови ўртасида ҳеч қандай номувофиқлик бўлмаганини қайта-қайта кўрсатиб берган. Мисол учун, президент Жак Ширак 1995 йилда Франциянинг Европа Иттифоқига раислиги даври ўртасида ўз лавозимига киришгани ҳеч қандай муаммо туғдирмаган.
Франция сайлов тақвимига риоя қилган ҳолда Европа Иттифоқидаги мажбуриятларини бажариш учун барча чораларни кўриб қўйди. Амалдаги қонунларга мувофиқ сайлов сукунати муддатига риоя қилинади. Шунингдек, тегишли мутасаддилар ва жамоалар сайлов даврида ҳам ўз фаолиятини давом эттиради. Яна Франция ҳукумати европалик ҳамкорларимизни хабардор қилиш ва улар билан маслаҳатлашувни таъминлайди. Демак, партиялараро, жумладан, европалик парламентарийлар билан маслаҳатлашувлар мунтазам равишда ташкил этилади.
С.Салим суҳбатлашди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter