Теҳрон айрим минтақа давлатлари билан Ҳўрмуз бўйича келишув тузмоқчи
Яқин Шарқдаги кескинлик фонида Эрон Ҳўрмуз бўғози бўйича янги ташаббус билан чиқди. Мамлакат ҳукумати ҳузуридаги ахборот кенгаши раҳбари Элиас Ҳазратий баёнотига кўра, Теҳрон Европа, Осиё ва араб давлатлари билан мазкур стратегик денгиз йўлидан фойдаланиш бўйича келишувлар тузишга тайёр.
Унинг таъкидлашича, Эрон ҳозирда Ҳўрмуз бўғози устидан тўлиқ назорат ўрнатган ва ундан фойдаланиш тартибини халқаро келишувлар асосида белгилаш масаласини кўриб чиқмоқда. Шу мақсадда, нефть ва газ ташишда мазкур йўлдан фаол фойдаланувчи давлатларга расмий таклиф юборилиши мумкин.
Маълумки, Ҳўрмуз бўғози жаҳон нефть ва суюлтирилган газ таъминоти учун энг муҳим транзит нуқталаридан бири ҳисобланади. Сўнгги ҳарбий тўқнашувлар ортидан бу ҳудуддаги кема қатнови деярли тўхтаб қолди, бу эса глобал энергия бозорида жиддий тебранишларга сабаб бўлди.
Шу билан бирга, АҚШ президенти Дональд Трамп бу масала юзасидан бошқа позицияни илгари сурди. Унинг айтишича, можаро якунланганидан сўнг Ҳўрмуз бўғозидаги кема қатновини тиклаш асосан ушбу йўлдан фойдаланувчи давлатлар зиммасига тушади. Трамп, шунингдек, АҚШ мазкур йўл орқали таъминотга муҳтож эмаслигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, 28 февраль куни АҚШ ва Исроил Эронга қарши ҳарбий операция бошлаганидан сўнг минтақадаги вазият кескинлашган эди. Жавоб зарбалари ва ўзаро ҳужумлар Ҳўрмуз бўғозида хавфсизликни издан чиқариб, халқаро савдо йўлларига жиддий таъсир кўрсатди.
Мутахассислар фикрича, Эроннинг бу ташаббуси минтақадаги янги геосиёсий ва иқтисодий тартибни шакллантиришга қаратилган бўлиши мумкин.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter