Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Текширув тартибини бузган икки масъул жавобгарликка тортилди — Бизнес-омбудсман

Текширув тартибини бузган икки масъул жавобгарликка тортилди — Бизнес-омбудсман

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солингани маълум. Шунга қарамай, айрим назорат қилувчи органлар томонидан текширув тартибини бузиш ҳолатлари учрамоқда.

Бизнес-омбудсман матбуот хизматининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ходимлари М.Б. ва М.С. «HAVAS FOOD» МЧЖнинг бино ва иншоотини ўсимликлар карантини назоратидан ўтказиш ва фитосанитар ҳолатини текшириш учун борган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги «Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олиниши шарт эканлиги, текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олинмаган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар ноқонуний ҳисобланиши белгиланган.

Ҳолат фош бўлгач, масъуллар қонундан тегишли «насибаси»ни олдилар. Яъниким, Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг ҳар икки ходими МЖтКнинг (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс) 241-2-моддасида (Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш тартибини бузиш) кўзда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, маъмурий жаримага тортилди.

Пировардида, Бизнес-омбудсман тадбиркорларга эслатадики, агар Сизга нисбатан давлат органлари мансабдор шахслари томонидан ноқонуний ҳаракат ёки ҳаракатсизлик содир этилса, бу ҳақда 71-239-25-03 ёки 71-202-08-81 телефон рақамларига қўнғироқ қилишингиз мумкин.

Тортинманг!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг