Темир одам

Европа чемпионлар лигасида «ПСЖ» ўз тарихида илк бор ғалаба қозонди. Тарихий натижадан кейин асосий қаҳрамон сифатида жамоа бош мураббийи — Луис Энрике кўрсатилди.

Бундан 10 йил аввал «Чемпион» газетасида Луис Энрике ҳақида «Темир одам» сарлавҳали мақолам чоп этилганди. Унда Лучонинг бошига тушган синовлар, уларни қандай енгиб ўтгани ҳақида ҳикоя қилинганди. Ўша мақола ёзилганидан кейин ҳам ҳаёт унга янада қийин синовларни берди. Қанчалик оғир бўлмасин, у таслим бўлмади. Тақдир зарбаларидан йиқилди, аммо оёққа турди ва бошини баланд кўтара олди.
Шу тобда матонатли инсон ҳақидаги ўша ҳикояни яна қайта эълон қилишга қарор қилдим. Токи бу кўпчиликка сабоқ бўлсин: ҳақиқий ғалаба — фақат майдонда эмас, турли синовлар қаршисида синмасликдир.
ТЕМИР ОДАМ
Унинг ҳаёти ўзига хос мураккаб марафондан, давомли синовлардан иборат. У ҳар доим шундай қийинчиликларга бардош берган, иродали бўлган ва охир-оқибат уни енгиб ўтган.
Футболчилик фаолиятида «Спортинг Хихон»да ўзини кўрсатгани-ю, сўнг «Реал»га таклиф этилиб, эгнида Мадрид либоси бўлса-да, «Барселона» унинг севимли клуби эканини яширмаган Луис Энрике қатор машаққатларни енгиб, ўз мақсадига эришганини кўпчилик яхши эсласа керак. «Спортинг»да ҳужумчи, «Реал»да ҳимоячи, «Барселона»да ярим ҳимоячи. Ғалабага эришиш учун шундай узоқ ва синовли йўл...

Лучо ўз фалсафасини, ҳаёт йўлини шундай қургани кейинчалик маълум бўлди. Футболни тарк этгач, ўзининг темир иродасини янада тоблаш мақсадидами ёки мукаммаллик йўлидами, аввалига Австралияда сёрфинг билан (Энрикенинг кўпинча қора кўзойнакда юришининг сабаби ҳам шунда — у «сёрфингчи кўзи», яъни птеригий касаллигини орттириб олган), кейинчалик дунёнинг турли бурчакларида марафонча югуриш ва бошқа мураккаб спорт турлари билан шуғулланади.

Нью-Йоркда бўлиб ўтган дастлабки мусобақасида 42 километр масофани 3 соату 14 дақиқаю 9 сонияда югуриб ўтади. Луис Энрике фақатгина марафон билан кифояланмайди. Параллел равишда триатлон билан ҳам шуғулланади. Франкфуртда ўтказилган Iron Man мусобақасида Лучо 3,8 километр масофани сувда сузиб, 180 километрни велосипедда ва 42 километрни югуриб ўтади ва финишга 10 соат ичида етиб келади. Бу ҳали ҳаммаси эмасди.

2008 йили Энрике саҳро марафонида иштирок этишни мақсад қилади. Мусобақа иштирокчилари олти кун давомида Сахрои Кабир қумликларида 250 километр масофани, ўзи билан барча зарур нарсалар — овқат, сув, буюмларни елкасига кўтарганича босиб ўтишлари керак эди. Лучо ақлбовар қилмас шарт ва шароитдаги мусобақада финишгача етиб боради.

Курашувчанлик, мағлубиятлардан руҳан синмаслик, қаддини тутиб, фақат ва фақат олға интилишни ўзида тоблаган Энрике, ниҳоят футболга қайтди. Мураббий бўлиб қайтди.
Унинг мураббийлик фаолияти ҳам худди футболчилик пайтидагидек, марафонча услубда кечмоқда. Аввалига «Барса Б»да тажриба орттирди, сўнг «Рома» ва «Сельта»да ўз стратегияларини такомиллаштириб олди. Интилиши ва танлаган йўли орқали асосий мақсадига — «Барселона» бош мураббийлигига эришди.
«Барса»нинг ҳозирги ўйинларини кўрган мухлис ва мутахассисларнинг кўпчилиги бундай ҳужум триоси билан исталган мураббий натижа кўрсатган бўларди, деб ҳисоблайди. Четдан қараганда шундай осон. Лекин бу юлдузларни майдонда бирлаштириш, ўзаро жипслигини таъминлашнинг ўзи мураббийдан жуда кўп нарсани талаб этади. Юлдузли «Барселона» Гвардиола ва Энрике оралиғида қандай ҳолатда қолганини кўрдик. Юлдузлар ҳам қатъиятли мураббийга муҳтож эканига гувоҳ бўлдик.
Лучонинг «Барса»си ҳам марафонча услубда курашадиган жамоага айланди. Мавсум стартида куч сақланади, стратегиялар аниқ белгиланади, финиш яқинлашгач, рақиблар бирин-кетин ортда қолдирилади. Бу режа Энрикега биринчи мавсумдаёқ олти совриндан бештасини қўлга киритиш имконини берди.
Бу курашда Лучо нафақат рақибларни, бироз бузилган ички муҳитни, ФИФАнинг тақиқи ва ташқи босимларни енгган ҳолда ғолиб бўлганини алоҳида таъкидлаш керак. Энрике ўзи ишлашни истаган, бошқаришни орзу қилган жамоаси билан бугун дунёнинг энг кучли мураббийи бўлиб турибди.
Футболда ибтидо ва интиҳо доимо ёнма-ён юради. Асосийси, ўз ортингдан қандай ном қолдиришинг. Луис Энрике «Барселона» учун қандай футболчи бўлганини яхши биламиз. Бунинг учун статистикаларни титкилашимиз ҳам шарт эмас. Унинг сўнгги учрашувини ёдга олсак, ҳаммасини тушуниб етамиз.
Лучо 2004 йилнинг 16 майида «Барса» сардори сифатида футбол билан хайрлашди. Учрашувнинг 54-дақиқасида у алмаштирилаётганда, сардорлик боғичини ечишга уринган чоғи «Камп Ноу» ларзага келади, мухлислар унинг исмини баралла куйлай бошлайдилар. Шу пайтда боғичини ечиб, майдонни тарк этишига вазият йўл қўймайди — тўп аутга чиқмас, ўйинда ҳа деганда тўхталиш бўлавермасди — худди ки ҳеч ким, ҳатто тақдир ҳам унинг футболни тарк этишини истамаётгандек эди, гўё.
Унинг ўрнига тушиши керак бўлган Марк Овермарс ҳам майдон четида узоқ кутиб қолади. Бу вақт оралиғида стадионда «Луис Энрике! Луис Энрике!» дея янграган олқишлар кучайгандан кучаярди. Ниҳоят, ўйинда танаффус юзага келди ва Лучо захира ўриндиғи томон йўл олар экан, бутун «Камп Ноу» ўрнидан қўзғалди, мухлислар тик турганича уни давомли олқишлашди. Рақиб жамоа ҳам олқишларга қўшилди. «Барса» футболчилари бирин-кетин унинг олдига югуриб келиб, сардорга ўз ҳурмати ва миннатдорлигини билдиришди. Қатъиятли Энрике бундай бахтдан ўзини йўқотиб қўймасликка ҳарчанд уринмасин, барибир ўзини куз ёшдан тия олмаганди.
Учрашув тугаб, улкан стадионни мухлислар тарк этиб бўлишган. Трибуналарда эса жамоа сардори учун турли тилаклар битилган баннерлар, плакатлар осиғлиғича турарди. Улардан бирида шундай оддий жумла бор эди: «Ҳаммаси учун раҳмат!»
Энрикенинг футболчилик даврида узоқ кутган энг катта ғалабаси шу эди. У мураббийлик фаолиятидаям деярли шу йўлдан кетяпти. Бу «марафон»да ҳам финишни яна худди шундай босиб ўтишига, шахсан мен ишонаман.
2016 йил, «Чемпион» газетаси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter