Тожикистонда коронавирус билан боғлиқ вазият ўзгармоқда

Ўтган бир кеча-кундузда Тожикистонда янги коронавирус ҳолати қайд этилмади. Бу ҳақда якшанба, 3 январь куни мамлакат Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, пандемия бошланганидан буён республикада 13,3 мингта ҳолат аниқланган.
«Ўтган бир кеча-кундузда мамлакат фуқаролари орасида COVID-19 коронавирус инфекциясининг янги турини юқтирган бирорта ҳам ҳолат қайд этилмади. 2021 йил 3 январгача республикада коронавирус билан касалланганларнинг умумий сони 13,3 минг кишини ташкил этди», — дейилади хабарда.
Уч кундирки мамлакат ҳудудида янги беморлар қайд этилмаяпти. Шунга ўхшаш вазият 2020 йил 31 декабрь ҳамда 2021 йил 1 январда ҳам кузатилганди.
Пандемия даврида қарийб 13 минг киши тузалди. Бу умумий касалланганларнинг 97,6 фоизини ташкил этади. Шу билан бирга, 230 киши уйда даволанмоқда, уларда хасталик енгил шаклда кечмоқда.
Бундан ташқари, ўтган 24 соат ичида коронавирус асоратларидан ўлим ҳолати қайд этилмади. Аянчли ҳолат охирги марта 2020 йил 26 декабрда кузатилганди. Жами 90 киши ҳаётдан кўз юмди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter