Тўрга ўтинг, бой ака!..
Пул алмашганида, хаёлим қочган эканми, бир даста «бели синмаган» қизил ўн сўмликлар кўздан нарироқ жойда қолиб кетибди. Орадан анча вақт ўтгач кўриб қолдик. Бундай қарасанг – муомаладан чиққан бўлса ҳам кўзингга чўғдек кўринади, қанча йиллар белимизни бақувват қилиб юрган муллажиринг-да. Аммо энди қимматини бутунлай йўқотган, оддий қоғоз. Ташлаб юборай десанг, кўзинг қиймайди, сақлай десанг, фойдаси йўқ.
Собиқ тузумнинг пуллари ўтмас матоҳга айланганида қизиқ бир воқеа юз берган экан. Мамлакат миқёсидаги махсус омборхоналардан бирига муомаладан чиққан бир неча минг вагон қоғоз пул тўпланибди. Банк ходимлари, пул зарб қиладиган мутахассислар уларни нима қилишни билмай роса бошлари қотибди.
Кимдир бу пулларни қайта ишлаб, чорва моллари учун озуқага айлантирса бўлади, деган экан, синаб кўришса, бундай «озуқа»ни еган сигирнинг сути нақд заҳарнинг ўзи бўлар экан. Бошқа бир киши пулларни қоғоз майдалагичдан ўтказиб, цементга қўшиб қурилишда ишлатишни таклиф қилибди. Аммо бунинг ҳам иложи бўлмабди – бундай қилинса янги иморатларнинг деворлари ҳа-ҳу демай нурай бошлар экан. Охири туби кўринмайдиган чуқур кавлаб кўмадиган бўлишибди. Қарангки, бундан хабар топган эколог олимлар «Йўқ, мумкин эмас, қанча майдон, ерости сувлари заҳарланади», деб оёқ тирашибди. «Яхшиси ёқиб юбора қолайлик» деган қарорга келишган экан, катта жанжал бошланибди. Агар шундай қилинса ҳавога неча минг-минг тонна заҳар чиқиб кетар экан...
Мана сизга пул деганлари! Аслида у кимёвий йўл билан ишлов берилган, турли рақамларнинг сурати туширилган расмли қоғоз. Бошқа ҳеч нарса эмас.
«Пул нима?» деб сўрасангиз, олимлар: «Тўлов воситаси», деб жавоб беришади. Шундай. Чунки биз унга ишонамиз, еру кўкка ишонмаган сиримизни шу пул деб аталмиш қоғозга ишонамиз. Уни гоҳо ўзимиздан ҳам яширамиз. Пулни буюк халоскор деб тушунамиз. Пул билан ҳамма нарсани ҳал қилса бўлади, ҳамма нарсани сотиб олиш мумкин, деган фикр онг-шууримизга сингиб кетган. Шу маънода бу қуриб кетмагур дастмоя кўпларнинг кўзига ҳаётнинг бош маъноси бўлиб кўринади.
Пулдорларга эътибор беринг. Уларнинг ҳаммаси ҳам донишманд одамлар эмас. Аммо айтганлари айтган, деганлари деган. Қўйин-қўнжингиз тўла бўлса, сиз ҳам бетўхтов эътиборга тушасиз, атрофингиздан одам аримайди. Ҳузурингизга келишади, сиз билан маслаҳат қилишади, йўл беришади, гапингизга қулоқ осишади, қаерга борманг, жойингиз тўрда бўлади.
Аксинча бўлса-чи? Оч баччағардан қоч, баччағар. Давраларда ўзингизни камтарроқ тутганингиз маъқул. «Ким ўзи у, ҳамёнида тўрт тангаси йўқ, гердайишини қара», деб қолишса, хижолат тортиб кетасиз.
Пулсиз одамнинг кўзи кўпинча нурсиз, нигоҳи маҳзун, сўзи деярли беўхшов бўлади, бундай одамлар ҳатто кулишни ҳам ўрнига қўйиша олмайди. Пулдорнинг йўриғи бошқа: нима деса – тўғри, нима гапирса – қизиқ, нима кийса – ярашиқли. Хоҳласа маҳаллага қўшилади, хоҳламаса – уйида ёнбошлаб ётиб ҳам ишини битираверади.
Пулдор бўлсангиз тўй-маъракага амалдорлар қаторида айтиласиз. Қаерда ким билан ўтиришингиз, «Бекники бежоғли» дегандай, аввалдан белгилаб қўйилган. Атрофингизда одамлар парвона. «Иккинчи овқатни тортаверайликми?» ёки «Фалончилар келиб қолди, қаерга олайлик?» дея сиздан маслаҳат сўраб туришади.
Пул – инсонга тегишли кичик бир ихтиро. Бу ихтиродан уни ўйлаб топган инсондан бошқа ҳеч ким азият чекмайди...
Аҳмаджон Мелибоев


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter