Тошкент «Coffee&Tea Fest Expo Uzbekistan»га таклиф этмоқда: гастрономия, анъаналар ва сайёҳлик

Туризмни ривожлантириш ва Ўзбекистонга кўпроқ сайёҳлар оқимини жалб этиш мақсадида 16-18 май кунлари пойтахтдаги «Анҳор Локомотив» боғида «Coffee&Tea Fest Expo Uzbekistan» фестивали ўтказилади. Ушбу кенг кўламли тадбир гастрономик ва маданий туризмни оммалаштириш учун ташкил этилган бўлиб, дунёнинг турли бурчакларидан келган меҳмонларга маҳаллий чой ичиш ва қаҳва маданиятининг бетакрор муҳитини ҳис қилиш имконини беради.
Кеча бўлиб ўтган матбуот анжуманида фестиваль ҳақида батафсил маълумот берилди. Таъкидланишича, меҳмонлар дунёнинг турли халқларининг анъанавий чой маросимлари билан танишиш, шунингдек, ўзбек минтақавий чой ичиш анъаналарининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида кўпроқ билиб олиш имкониятига эга бўладилар. Бундан ташқари, кўргазмалар, маҳорат дарслари, семинарлар ва концертлар ҳам ташкил этилади. Фестивалда чой ва қаҳва саноатининг 70 дан ортиқ компаниялари ўз маҳсулотларини намойиш этиши кутилмоқда.
Фестиваль чет элдан келган етакчи баристалар ва қаҳва саноати вакилларини тўплайди. Улар якка тартибдаги ва жамоавий мусобақаларда, жумладан латте-арт беллашувларида ўз маҳоратларини намойиш этадилар. Кўргазмалар, таълим сессиялари ва ишбилармонлик дастури тадбирни тажриба алмашиш, халқаро алоқалар ўрнатиш ҳамда қаҳва, чой ва меҳмондўстлик соҳасидаги замонавий йўналишларни тарғиб қилиш учун ноёб платформага айлантиради.
Бу йилги асосий янгилик хайрия кимошди саводоси бўлиб, унда қаҳва қуйқаси ёрдамида яратилган тўртта сурат сотувга қўйилади.
Эслатиб ўтамиз, «Coffee&Tea Fest Expo Uzbekistan» халқаро фестивали 2022 йилдан бери ҳар йили ўтказиб келинмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter