Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкент ҳарбий округидаги ҳарбий тревога ниҳоясига етди

Тошкент ҳарбий округидаги ҳарбий тревога ниҳоясига етди

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

11 июнь куни тонгда Ўзбекистон Қуролли Кучлари Бош штаби томонидан Тошкент ҳарбий округи қўшинлари юқори даражадаги жанговар шайликка келтирилган эди. Ўқувларда Мудофаа вазирлигининг мазкур округидаги барча ҳарбий қисм ва муассасалари билан бирга Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Ички ишлар ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда Миллий гвардиянинг Тошкент шаҳри, Сирдарё ва Тошкент вилоятларидаги ҳудудий бошқарма ва бўлинмаларининг иштироки ҳам таъминланди.

Машғулот режасига кўра, йиғин сигнали берилгач тезкор равишда округ ҳудудида жойлашган барча ҳарбий қисмлар, муассасалар жанговар шай ҳолатига келтирилди. Юқори қўмондонлик ва бўлинмалар ўртасида видеоконференция алоқа ёрдамида мулоқот бўлиб ўтди. Унда мавжуд ҳолат бўйича маълумот берилиб, командирларга тегишли кўрсатма ва вазифалар қўйилди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Тактик ҳаракатларда қўшинлар турли йўналишларга ташланди. Махсус бўлинмалар Мудофаа вазирлиги Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли вертолёт авиацияси ёрдамида белгиланган жойларга десантлаштирилди. Қолган бўлинмалар эса автомобиллар ва ҳарбий техникаларда калонна тартибида узоқ масофаларга марш уюштирди.

Режавий машғулотларга кўра, тактик ўқувлар бўйича асосий жараёнлар Мудофа вазирлигининг «Чирчиқ» ва «Ангрен» дала-ўқув майдонларида ташкил этилди. Шартли душман ёриб кирмоқчи бўлган тоғли ҳудуддаги мураккаб шароитдан келиб чиққан ҳолда олдиндан тахмин қилинган ҳар қандай хавф-хатарларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Чегарани бузиб кирган шартли ноқонуний қуролланган жангариларга дастлаб Қуролли Кучлар тузилмаларидан таркиб топган бўлинмалар томонидан ҳамкорликда зарба берилди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Олиб борилган кенг кўламли тактик ўқувлар мобайнида бир қатор назорат синовлари ҳам ўтказилди. Командирларнинг бошқарув салоҳиятига баҳо берилди. Ҳарбий хизматчилар гуруҳ қуролларидан отиш нормативларини топширишди.

Турли масофалардан тоғли ҳудудда жанговар техникаларда амалга оширилган отиш машғулотлари юрт посбонлари учун яна бир маҳорат синови бўлди.

5 кун мобайнида бўлиб ўтган тактик машғулот турли хавф-хатарлар, фавқулодда вазиятларда Қуролли Кучлар тузилмаларининг ҳамкорликда ва жипсликда ҳаркатланиши, командирларда бошқарувчанлик кўникмаларини мустаҳкамлаганлиги ҳамда қўшинлар жанговар шайлигини ошириш имкониятини берганлиги билан аҳамиятли бўлди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг