Тошкент, Наманган ва Қашқадарёда порахўрлар ушланди

Давлат хавфсизлик хизмати Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида коррупцияга оид бир қатор жиноятлар фош қилингани ҳақида хабар берди.
Наманган вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси бош мутахассиси суд тизимидаги танишлари орқали жорий йилнинг январ ойида 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган маҳкумнинг ишини судда қайта кўриб чиқиш ва озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазони тайинлаш эвазига 30 минг АҚШ доллари талаб қилади.
ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят ИЖҚК Департаменти ходимларини жалб қилган ҳолда ўтказилган тезкор тадбирда бош мутахассис олдиндан 10 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланган.
Таъкидланишича, мазкур мутахассис фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун муқаддам бир неча маротаба судланган.
Вилоятда ўтказилган яна бир тезкор тадбирда, мол-мулкларни баҳолаш фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбари солиқ органларидаги мансабдор танишлари орқали тадбиркорга тегишли бўлган МЧЖнинг 783 млн сўмлик солиқ қарздорлигини 141 млн сўмгача камайтириб бериш эвазига 4 400 АҚШ доллари олган вақтида жиноят устида қўлга олинган.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, мансабдорнинг таниши ҳисобланган Наманган вилояти солиқ бошқармаси шўъба бошлиғи ҳам 4 400 АҚШ долларини пора сифатида олган вақтида ушланган.
Пойтахтда қайд этилган ҳолатда, Миробод туман ҳокимлиги Ижтимоий мослаштириш маркази раҳбари ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, фуқаролиги бўлмаган шахсга фуқаролик паспортини расмийлаштириш ҳамда доимий рўйхатга қўйдириб бериш эвазига 1 200 АҚШ доллари олган вақтида ушланган.
Қашқадарё вилоятида эса Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Қарши шаҳар бўлими давлат ижрочиси ўз иш юритувида бўлган, жавобгар фуқаронинг қарийб 70 млн сўмлик қарздорлигини ундириш учун унинг автотранспорт воситасига қўйилган тақиқни ечиб бериш эвазига 1 000 АҚШ доллари талаб қилади.
Ўтказилган тезкор тадбир натижасида, давлат ижрочиси талаб қилинган пулни Қарши туманидаги фермер хўжалиги раҳбари воситачилигида пора сифатида олган вақтида ушланган.
Юқоридаги шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter