Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкент ва вилоятларда кимларда коронавирус аниқланди? ССВ маълумот берди

Тошкент ва вилоятларда кимларда коронавирус аниқланди? ССВ маълумот берди

Ҳамон аниқ даво чораси топилмаган коронавирус пандемияси дунёни хавотирда ушлаб турибди. Кўплаб давлатлар қатори юртимизда ҳам коронавирус инфекциясига қарши самарали олиб борилаётган чора-тадбирлар ўз натижасини бериб, карантин тадбирлари аста-секин юмшатилаётган бўлса-да, карантин қоидаларига қатъий амал қилиш долзарб бўлиб турибди. Негаки, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида аҳоли орасида коронавирус қайд этилиш ҳолатлари учраб турибди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар берди.

Мисол учун, аввал хабар қилганимиздек, 4 июнь куни давомида коронавирус аниқланган 96 нафар бемордан 13 нафари аҳоли орасида аниқланган. 5 июнь куни эса, умумий касалланиш кўсаткичи камайиб, 68 нафарни ташкил этган бўлса-да, улардан 17 нафари аҳоли орасидан аниқланган.

Шундан 9 нафари Тошкент шаҳридан, 4 нафари Қашқадарё вилоятидан, 2 нафари Тошкент вилоятидан, Наманган ва Бухоро вилоятларидан 1 нафардан.

Жумладан, Тошкент шаҳридаги Олмазор туманида нафақадаги фуқарода, Учтепа туманидаги «Ўрикзор» савдо мажмуасида яна бир дўкон сотувчиси ва унинг 5 нафар оила аъзоси (онаси, икки нафар қизи, ўғли ва жияни)да коронавирус инфекцияси тасдиқланган.

Айнан «Ўрикзор» савдо мажмуасида ўтган май ойи давомида юк ташувчи бўлиб ишлаган, сўнгра доимий яшаш манзили Қашқадарё вилояти Чироқчи туманига қайтган фуқаро ва унинг 3 нафар оила аъзоси (2 нафар акаси ва қизи)да ҳам ушбу касаллик аниқланди.

Тошкент вилояти инфекция аниқланган фуқароларнинг 1 нафари Оққўрғон туманидан бўлиб, ҳарорати кўтарилган ва намуна топширган. Яна бир ҳолат эса Қибрай туманида яшовчи фуқарода қайд этилган. У Юнусобод бозорида зираворлар савдоси билан шуғулланиб келган.

Бундан ташқари, Наманган вилояти Ички ишлар ҳамда Бухоро вилояти Шофиркон туманида йўл қурилиш идораси ходими (тана ҳарорати кўтарилган ва шифокор маслаҳати асосида таҳлил топширган)да ҳам коронавирус тасдиқланган.

Бугун айни пайтгача Тошкент шаҳрида аҳоли орасида яна 3 нафар фуқарода коронавирус аниқланган бўлиб, жумладан, Шайхонтоҳур туманидаги «Медиапарк» савдо мажмуасининг яна 2 нафар ходимида ҳам коронавирус қайд этилган. Юқоридаги барча ҳолатлар бўйича эпидемиологик суриштирув ишлари давом этмоқда.

Таҳлиллардан ойдинлашадики, нафақат «қизил» ва «сариқ» ҳудудлар, балки «яшил» ҳудудларда ҳам коронавирус юқтириб олиш хавфи мавжуд.

Бу барчамизни хушёр торттириши, карантин қоидаларига қатъий риоя этишимиз зарурлигини кўрсатади. Негаки, кўза кунда эмас, кунида синади, деганларидек, умуман кутилмаган жойда, кутилмаган вақтда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш мумкин.

Шу боис, Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолидан карантин ва санитария қоидаларига сўзсиз риоя этишни, касаллик аломати сезилган заҳоти шифокорга мурожаат этишни ҳамда кўчада, ишхонада, сафарда ва умуман қаерда бўлишингиздан қатъий назар, бир лаҳза бўлса-да, хушёрликни йўқотмасликни такрор-такрор сўраб қолади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг