Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Трамп фойдаланган, кино суратга олинган. Машҳур яхта Тунисда аварияга учради (фото)

Трамп фойдаланган, кино суратга олинган. Машҳур яхта Тунисда аварияга учради (фото)

Фото: NYpost

Қачонлардир АҚШнинг 45-президенти Доналд Трампга қарашли бўлган, Бонд ҳақидаги филм суратга олинган узунлиги 86 метрли Kingdom 5-KR суперяхтасига Тунис портида жиддий шикаст етди. Бу пайтда янги хўжайин — саудиялик шаҳзода кема бортида бўлганми-йўқми, номаълум. Ҳодиса ҳақида NYpost хабар берди.

Гувоҳларга кўра, яхта вақтида тўхташга улгурмаган, тўлқин қайтаргични илинтириб олиб, тошдан қурилган докка келиб урилган. Яхта корпуси ва таг қисми жиддий зарар кўрди, кемалар тўхташ жойи ҳам бузилган.

Кеманинг эгаси, саудиялик шаҳзода Ал-Волид бин Талал ҳодисага муносабат билдирмади. Фақат янгилик ҳақидаги хабарга ёзилган изоҳларда «кема экипажига анча қийин бўлиши» ёзилган.

Қурол савдоси билан шуғулланувчи саудиялик миллиардер Аднан Қошиқчи яхтани 1980 йилда 100 миллион долларга қурдирган. «Қурол барони» яхтага қизининг номини беради — Nabila. Қошиқчи ёшлигидан яхталар ишқибози бўлган, биринчи яхтасини 18 ёшида сотиб олган, ҳар сафар жонига теккунича фойдаланиб, янада каттароқ ва ҳамашаматлироғига алмаштираверган. Охир-оқибат сотиб олишга арзигулик биронта яхта қолмагач, у дунёдаги энг ҳашаматли ва тенгсиз яхтани ясаб беришни сўраб британ дизайнери Жон Банненбергга мурожаат қилади. Ваҳоланки бу пайтда унинг яхтаси иккита эди.

«У дунёдаги энг яхши яхтани истаганди ва биз буни уддалагандик», — деганди Банненберг.

Британиялик яхтани ясаши учун 35 млн доллар кетди. Аммо Қошиқчи бу билан ҳам қаноатланмай италиялик дизайнер Луижи Стурикони ёллаб, кема ички безагига зўр беради, айтишларича, бунга яхтани қуришдан ҳам кўп пул кетган.

Nabila ҳақиқий санъат асари эди, деворлари чинор ёғочидан ясалиб, чарм билан қопланган.

Nabila яхтаси интерьери энг яхши йилларида
Nabila яхтаси интерьери энг яхши йилларида

Хуллас, кема эмас, бутун бошли сузувчи қаср эди. Кинотеатр, сартарошхона, ҳатто жарроҳлик хонасигача муҳайё. Қошиқчининг энг дабдабали базмлари Nabila бортида ўтган. Кемада киноюлдузлар, давлат раҳбарлари меҳмон бўлган. Бирваракайига беш давлат раҳбари ва уч қирол дам олиб кетган пайтлар ҳам бўлган. Айнан шу яхтада, нейтрал денгиз сувларида қурол савдоси битимлари тузилган.

Улкан яхтани Бондиананинг «Ҳеч қачон дема «ҳеч қачон» (1983 й.) филмида кўришингиз мумкин: ўша кинодаги ёвуз қаҳрамон Максимилиан Ларгонинг қароргоҳи шу кемада жойлашган.

Nabila яхтаси интерьери энг яхши йилларида

Қошиқчи империяси 1980-йиллар ўрталарида инқирозга юз тутади. Бир сафар у 50 млн доллар кредит олиб, гаровга Nabilaни қўяди. 1987 йилда Қошиқчи қарзини узолмаганидан сўнг яхта Швейцария холдингига ўтади ва 50 млн долларга сотувга қўяди.

1987 йил сентябрида Nabila сотилаётганини эшитган Доналд Трамп дарҳол нақд пул таклиф қилиб кемани 30 млн долларга ўзиники қилади. Яхта номи Trump Princessга ўзгаради. Қўшимча $8,5 млн сарфланиб, кема қайта таъмирланади: бўялади, дизайнига ўзгартиришлар киритилади.

Trump Princess яхтаси эгаси ўзгарганидан сўнг

Кейинроқ Трамп яхтани Бруней султонига сотиб юборди ва айланиб-айланиб кема яна бойлигини кўз-кўз қилишни яхши кўрувчи саудияликлар қўлига келиб тушди.

Суперяхта ўз бортига 22 меҳмон ва 31 нафар экипаж аъзосини сиғдира олади. 11 каютали, олтита улкан музлатгичи, бешта палубаси ва катта бассейни бор.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг