Транспорт воситаларидан чиқинди ташлаганлик учун жазо чораси кучайтирилади

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга транспорт воситаларидан чиқинди ташлаганлик учун жазо чораси кучайтирилишини назарда тутувчи ўзгартириш киритилиши кўзда тутилган. Бу ҳақда 2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш консепциясида белгилаб қўйилган.
Негаки чиқиндилар атроф-муҳитни ифлослантирувчи асосий воситалардан ҳисобланади ва аксарият чиқиндилар, хусусан, пластиклар узоқ муддат чиримайди ва табиатга зарар етказади. Транспорт воситалари ҳайдовчилари кўчага ташлайдиган чиқиндиларнинг аксарият қисмини эса айнан пластик идишлар ташкил этади.
Маълумот ўрнида: Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 91¹-моддасида белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаган жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан 3 бараваригача, юридик шахсларга эса 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима қўллаш белгиланган. Ваҳоланки, дунё тажрибасида бундай ҳуқуқбузарликларга катта миқдорда жарималар қўлланилади. Шунинг учун бизда белгиланган жарима миқдорини ҳам кўпайтириш, жазо чорасини кучайтириш лозим (масалан, ҳуқуқбузарлик биринчи марта содир этилганда БҲМнинг 3-5 баравари, такрорий ҳолатда эса 10-15 баравари).
Баҳолашларга кўра, ҳайдовчилар ва йўловчилар кўчалардаги чиқиндиларнинг асосий манбаи ҳисобланади. Масалан, Буюк Британияда йилига йўллардан тахминан 200 000 қоп чиқинди йиғиштириб олинади, бу чиқиндилар таркибига фастфуд қадоқлари, тамаки қолдиқлари, пластик бутилка ва бошқалар киради.
Тадқиқотларга қараганда, йўллардаги барча чиқиндиларнинг тахминан 53 фоизи автомобильлар ҳайдовчилари ва йўловчилари томонидан ташлаб кетилар экан. Бу чиқиндилар орасида тамаки қолдиқлари, овқат ва ичимлик қадоқлари, пластик бутилкалар ҳамда қоғоз маҳсулотлари кўп учрайди.
Ўтган йилги маълумотга кўра, Тошкент шаҳрида 638,8 мингдан ортиқ транспорт воситаси мавжуд, унга қўшимча равишда бир кунда пойтахтга ўртача 150 мингдан 300 мингггача транспорт воситаси кириб келади. Энди тасаввур қилинг, бир кунда ҳар 10 та автомобильдан биттасидан чиқинди ташланганда ҳам Тошкент кўчалари бир кунда 15 мингдан 30 мингтагача чиқинди билан тўлади. Бу эса салбий оқибатларни келтириб чиқариши тайин.
Юқоридаги рақамлар автомобильлардан чиқинди ташлаш жиддий муаммо эканлигини ва бу ҳолат алоҳида эътибор ҳамда ечимларни талаб қилишини кўрсатиб турибди. Шунинг учун ҳам консепцияда айнан шундай ҳуқуқбузарликларга нисбатан жазо чораларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter