Туристик стартапларга 1 млрд сўмгача субсидия берилади
Ҳукуматнинг 18 августдаги 443-сон қарори билан туристик стартапларга субсидия ажратиш тартиби белгиланди.
Регламентга кўра, субсидия Туризм қўмитаси томонидан давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ажратилади.
Стартапни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизи, бироқ 1 млрд сўмдан ошмаган миқдорда қопланади. Маблағ ҳар йили энг яхши 10 тагача туристик стартап учун ажратилади.
Субсидия олиш учун лойиҳалар махсус комиссия томонидан баҳоланади. Комиссия таркиби Туризм қўмитаси раиси томонидан шакллантирилади.
Талабгорнинг аризаси келиб тушганидан кейин комиссия унга 5 иш куни ичида суҳбат ўтказилиши ҳақида хабарнома юборади.
Суҳбатдан сўнг комиссия 10 иш куни давомида талабгорнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини ўрганиб чиқади. Бу жараёнда стартапнинг туризм соҳаси учун аҳамиятига алоҳида эътибор берилади.
Хусусан, лойиҳанинг муайян туристик хизматни ривожлантиришга қаратилгани, бу хизматга туристлар эҳтиёжи ва талабининг долзарблиги баҳоланади.
Шунингдек, стартап аввал мавжуд бўлмаган ёки мавжуд ечимни сезиларли даражада такомиллаштирган янги хизматни таклиф этаётгани ҳам ҳисобга олинади.
Харажатларни қоплаш тўғрисида қарор қабул қилинганидан сўнг Туризм қўмитаси маблағни талабгорнинг хизмат кўрсатувчи тижорат банкларидаги ҳисобварақларига ўтказади. Маблағлар қарор қабул қилинган кундан бошлаб 7 иш куни ичида ажратилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter