Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

У ерда мен ҳам бор эдим! (Эссе)

У ерда мен ҳам бор эдим!  (Эссе)

Фото: сунъий интеллект

“Уруш — бу дунёдаги энг катта ва энг шафқатсиз беъманиликдир. Уни бошлаганлар, биринчи куниёқ ўз фарзандларининг жасадини кўрганларида эди, уруш дарҳол тўхтаган бўларди.”

(Эрнест Хемингуэй)

У ерда мен ҳам бор эдим. Баҳор эшик қоқиб турган сурурбахш кунлар эди. Қуёш янада чарақлаб бор сахийлигини улашар, ундан миннатдор дарахтлар, кўкалам ўт-ўланлар қулочини кенг ёйиб, чуқур-чуқур нафас олишаётган, тупроқ-замин ҳам ўтган йилдан қолган чангу ғуборларини қуёш тафтида эритиб, баҳорий эпкин билан артиб тозалаб, қайта туғилмоқ учун кўпчиб тайёргарлик кўраётган ажиб паллалар эди. Қушларни айтмайсизми, мовий осмонда сузиб юрган паға булутлардан учиб тушаётгандек озод ва бахтиёр қанот қоқишар, шодон чуғурларини таърифлашга манаман деган шоирнинг ҳам тили ожиз қоларди.

Айниқса, бу гўзалликларга жўр бўлаётган болалар кулгуси, шавқ-завққа тўлган қийқириқлар атроф-оламга жон бағишлар, кўп қаватли мактабга олиб борадиган йўл четидаги нимпушти ўрик гуллари, юзидан нур таратиб турган жажжи қуёш нусхалари бўлмиш қоқигуллар ҳам уларга эргашиб мактабга боргиси келаётгандек хиёл эгилиб, нозик қўлларини чўзиб туришарди. Навниҳол ўғил-қизлар мактаб сумкаларини елкаларига илиб олишганича саф-саф бўлиб ўтишар, қайсилари шўхлик қилиб қувлашмачоқ ўйнаса, бошқалари ўзаро гурунглашиб кетишарди. Чамамда 8-9 ёшлар атрофида бўлган қизалоқ ёнидаги тенгдош дугонасига йўл бўйидаги андизлар орасидан сариқ бўёғини сачратиб жилмайиб турган қоқигулларни кўрсатиб, қўлидан тортқилайди:

 — Юр, гуллардан териб олайлик, устозга олиб борардик!

 — Йўқ, дарсга кеч қоламиз. Кел, яхшиси мактабдан қайтишда онамиз учун териб оламиз. Устозга эртага олиб борамиз, бўладими?

 — Майли! — дейди-да, узун икки ўрим сочига тақилган оппоқ шойи тасмаларини силкитганича югуради. — Қани, мени тутиб ол-чи!

 ​Иккинчи қизалоқ дугонасининг ортидан чопқиллай туриб гап қотади:

 — Тўхтасанг-чи, сен карра жадвалини ёдладингми?

 — Ҳаа, ёдладиим! — деган шодон овоз шундоққина рўпарадаги мактаб биносига урилиб, акс-садо беради. — Икки карра билан уч каррани ёд олдим. Сен-чи?!

 — Мен яхши ёдлай олмадим, тўхтасанг-чи, менга ёрдам бериб юбор! Бирга такрорлайлик!

 — Келақол, тез етиб ол! Икки карра икки — тўрт, икки карра уч — олти!

 Ортидан югураётган қизалоқ давом эттиради:

 — Икки карра тўрт — саккиз, икки карра беш — ўн...

​Шу тариқа овозлар мактаб бағрига сингиб кетади. Кўклам осмонида қанот қоқиб, шодон куйлаётган қалдирғочларга жўр бўлиб, дарсга шошилаётган катта-кичик ўқувчилар ҳам мактаб биносига кириб кетишади. Яккам-дуккам кечикувчи болалар учраб қолмаса, мактаб йўли тиниб қолади. Энди ғала-ғовур мактаб биносининг деразаларидан эшитила бошлайди.

Мактаб қўнғироғи билан бир пайтда қаердандир келиб қолган дайди шамол увиллаб, безовта айланиб, дарахт шохлари, ўт-ўланларни тортқилаб ўтди-ю, бор безовта руҳини ҳамда қорамтир кулранг булутларини қолдириб кетди. Ўриклар беихтиёр гулбаргларини тўкиб юборишди, қоқиўтлар сесканиб юзларини ёпиб олишди. Қушларнинг безовта чинқириғи бутун оламни тутгандек бўлди. Улар нима бўлаётганини англаб, ўзларини ўнглаб улгурмасларидан аввалига чийиллаган, кейин гумбурлаган товушдан оёқларим остидаги ер зир титраб, гўёки қиёмат қўпди: қулоқлар том битди, ҳушим бошимдан учди. Портлаш зарбидан танам қаёқларгадир улоқтирилди ва ҳушимга келиб ўрнимдан турганимда, вайрон бўлиб, ўрадек ўйилиб кетган мактаб харобалари қаъридан қора тутун буруқсиб, оҳ-воҳлар ҳамда даҳшатли чинқириқларга гувоҳ бўлдим. Нима бўлаётганини идрок этолмай қанчадир вақт меровсираб турдим. Кейин шанғиллаётган қулоғим, карахт миям очила туриб, мактаб томон югураётган одамлар, ёрдам чақириқлари, дод-фарёдлар ортидан гандраклаганимча кетавердим...

Сизга ростини айтаман, бугун илк бор ёзувчи бўлганимдан ўкиндим. Ёзиб бошлаганимга беш йилча вақт бўлиб қолган бўлса, ўша қўққисдан ижод қила бошлаган кунларимдан уйқу деган ҳаётий сокинлик, руҳий ҳамда жисмоний ором олиш жараёни мени буткул тарк этди. Худди бутун дунё дарди, ғам-ташвишлари бошимга келган-у, киприк қоқмасдан ўйлайверсам бартараф этилиб, бу бедаво дунё чароғон, одамлари бахтли бўлиб кетадигандек. Кун бўйи жонсаракман. Гўёки бошимдаги тинимсиз айланаётган тегирмон тошининг ғувиллаши ҳар айланада миямни эзиб ўтиб азоб беради: бошим, балки бутун танам тошметиндек қотиб оғирлашиб, руҳимни пачоқлайди. Ўзим барпо этган руҳият оламим вайроналарида яшашга маҳкумман. Дунёда содир этилаётган ҳар битта адолатсизлик, хунрезлик ҳамда шафқатсизлик фонида бевосита мен борман — қашшоқлар ва оч-наҳор бечоралар кулбасида очлик, чорасизликдан азоб чекаман. Воз кечилган етим гўдак, қариялар уйида мўлтираб йўл қараётган ота-она, умуман, жаҳолат қурбонлари бўлмиш — тутдай тўкилаётган маҳкумлар ҳукми менинг юрагимда ижро этилади.

Ишонаверинг, бу айни ҳақиқатки, Алберт Камю ўзининг “Исёнкор одам” асарида айтган: “Мен дунёнинг қаеридадир бир боланинг азоб чекаётганини билар эканман, ўзимни бахтиёр ҳис қилишга ҳаққим йўқ!” каломи билан ҳамоҳанг тарзда эшитилади. Шу тариқа, кашкулини йўқотган девонадек қалбим вайроналари лабиринтида адашиб юравераман.

​Ҳа, ишонаверинг, ўша XXI асрнинг энг йирик ва қонли фожиаларидан бири бўлиб тарихга кирган, қурбонлари сони 30 мингдан ошиб (шундан 13 мингдан ортиғи болалар), чинакамига болалар қабристонига айланган Ғазо урушида мен ҳам бор эдим. Вайроналар шаҳрида оч бўридек увиллаб, бетонлар остида қолиб кетган минглаб қавмдошлари ва болаларини чиқариб олиш учун тирноқлари синиб, панжаси қон қотган абгор она бўри мен бўламан. Етмиш мингдан ортиқ ярадорларга ёрдам кўрсатиш учун тун-у кун жон бериб югурган, аммо тиббий ёрдам етишмаслиги туфайли қўлидан ҳеч нарса келмай йиғлаган, болакайлар ва қизалоқларни бирор тиббий муолажаларсиз, оғриқ қолдирадиган малҳамсиз жарроҳлик амалиёти ўтказган иложсиз ва бебурд шифокор ҳам мендан бошқа ҳеч ким эмас! Мен ўша пичоқ остида чинқираётган гўдакларнинг кўзларида Хемингуэй айтган “итдек ўлиб кетиш” қисматини кўрдим. Адиб ҳақ эди: “Уруш қанчалик “адолатли” ниқобини киймасин, у барибир энг катта жиноят бўлиб қолаверади”. Руҳим ҳамда танам ҳавода визиллаётган ўқлар, қонли осмондан ёғилаётган суробсиз бомбалар, димоқни ёрадиган порох ҳамда куйинди ҳидлар орасида қўрқувдан эсини йўқотиб чинқириб тасдиқлайди: оиласидан бирор кими тирик қолмаган ярадор болани кунпаякун бўлган Ғазо, балки юрагим вайроналарини оралаганимча уввос тортиб етаклаб юрган чорасиз бандаи бечора — ўзимман...

Ўзимга келганимда мактаб ҳовлисидаги ярми куйиб қорайиб кетган ўриндиқда омонатгина ўтирардим. Карахтлигим атрофимда бўлаётган ҳаракатларни кинолардаги секинлаштирилган кадрлар каби кўрсатар, жаҳаннам қаъридан келаётган овозлар ҳам чўзилиб гувиллаб эшитиларди. Кўзларим кўраётганларига ишонмас, уруш ҳақидаги кинокартинани суратга олиш майдончасида турибман-у, рўй бераётган саҳна декоратсиялари актёрлар ижросидан кейин йиғиштириб олинадигандек туюлар, балки шуни истардим. Бошларини қай деворга уришини билмай ҳар тарафга югуриб, алам ва азобдан кўксига муштлаб фарёд чекаётган ота-оналар, харобалар остидан суғуриб олинаётган қизалоқлар, болакайларнинг мажақланган таналари: “Олинди! Бугун яхши ишладик, ҳаммага раҳмат!” дейилиши билан жилмайишиб, уст-бошини қоқиб ўринларидан туриб кетишса-да... “Ваҳимамни қара, жуда таъсирчанман-да, ахир бу кино-ку! Қойил, болалар сохталикни билишмайди, жуда самимий кўрсатиб беришади, уларга актёрликнинг ҳам кераги йўқ!” деганимча мамнун жилмайиб қўйсам қандай соз бўларди-я, деб ўйлайман.

​Йўқ! Бундайин ваҳшийликни, гуноҳсиз болаларни қонга ботириб, фаришта вужудларини жасадларга айлантириб, полиэтилен қопларга жойлаб қўйишни киночилар эплай олишмайди! Бундайин қонли саҳна кўринишларини қонхўр сиёсатдан бошқаси амалга оширолмайди ва ҳеч нарса бўлмагандек бамайлихотир, камига қонли панжасида ғалаба байроғини ҳилпиратганича йўлида давом этолмайди. Бу костюмли пўрим жаллод урушларни адолатли ечим, ўлимлар рўйхатини статистика, вайроналарни ғалаба деб атайди ва боши узра кўтарган зафар қадаҳи ҳам бегуноҳ одамлар қони билан тўлатилган бўлади.

Мактаб харобалари орасида қанча вақт ўтирганимни билмайман: балки соатлар, балким кунлар, балки йиллардир — билмадим. Шу вақтлар оралиғида дод-фарёдлар, вайроналар йўқликка сингиб, мактаб ўрни лаънат теккандек қорайиб кетган улкан ўрага айланибди. Увиллаган совуқ шамол китоб-дафтарларнинг куйган парчалари, қон юқи теккан соч тасмалар, синган қалам бўлакларини учириб ўйнайди. Бўм-бўш юрагим билан ёлғиз ҳувиллаб қолавераман...

Уч кундан буён ёмғир тинай демайди. Анчайин аччиқ, аламли изғирини ҳам бор. Ёмғир эмас, болагинаси куйигидан дунёларга сиғмай кетаётган аламзада онанинг фарёдли кўз ёшларига ўхшайди. Одатда, ёмғирли об-ҳаводан қандайдир руҳий сокинлик ҳис этар, айниқса, соябон остида ёлғиз сайр қилишни ёқтирардим. Аммо бугунги ёмғир баданимни жунжиктирди ва ўз навбатида бу совуқлик ичкарига ўрлаб, юрагимни увиштирди. Унча-бунчага кўз ёшларини кўрсатмайдиган тошметин дийдам ҳам йиғилиб турган аччиқ ёмғирини қўйиб юборди. Гўёки ёмғир ва мен кўз ёшларимиз билан бегуноҳ болалар қони бўяган тупроқни ювиб, уларни ортга қайтаришни аҳд қилганга ўхшаймиз. Қанийди, кўз ёшлар хунрезликлар, бесабаб тўкилган қонларни ювиб, барчасини ортга қайтара олганида эди, бутун дунё аёллари тўховсиз уввос солиб кўз ёш тўкардик. Қанийди, адабиёт қалами билан бешавқат сиёсатни енга олганимда эди, умрим етгунича, уйқу нималигини билмай бетўхтов ёзишга куч топар эдим. Қанийди... Қанийди...

​Эсладим, 13-14 ёшларда эдим. Отамнинг кутубхонасидан севимли адибим Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси” асарини топиб олдим-у ҳаловатим йўқолди. Ўша пайтда илк марта номинг ўчгур уруш билан юзлашган эдим. Робияни ота-онасиз қолдирган, минглаб оталар, баҳодир ўғлонларни бағримиздан юлиб кетган, аёлларни бева, болаларни етимликка маҳкум этган, фронт ортида қолган халқни ҳам зулм ва очликдан абгор қилган лаънати махлуқни болаларча дуоибад қилгандим. “Сени ўйлаб топганларни Худойим жазосини берсин! Уруш бўлишини, одамлар ўлишини ҳечам хоҳламайман!” деб кўз ёш тўкардим. Робия ҳамда Кимсаннинг эндигина куртак очиб келаётган муҳаббати ҳаққи, ота-онасининг чеккан заҳматлари ҳаққи, Кимсан урушдан тирик қайтсин дердим. Робия билан ёнма-ён, куну тун, гоҳ ширин хаёллар суриб, гоҳ рўмолча четига “К” ҳарфидан кашта тикиб, кўзларим тўрт бўлиб Кимсанни кутган эдим. Мактабга борардим, қайтардим, хаёлим асар давоми билан банд бўлар ва бир гапни пичирлардим: “Нима бўлса бўлсин, Кимсан қайтиб келсин! Майли, бир оёғидан айрилар ё бўлмаса қўлини йўқотар, лекин тирик қайтсин!”

Афсуски, буни уруш дейдилар: кўзларимиз тўрт бўлиб кутган Кимсанимиз бегона юртларда ҳалок бўлди, Робия Раъно келинойиси ташлаб қочган эрга хотин, ўғлига она бўлди, Музаффар ўз синглисини севиб қолди, Мунаввар зилзила туфайли девор остида қолди. Юзи қора уруш ҳеч кимни аяб ўтирмади. Асарни тугатиб шунчалар умидсиз бўлиб қолгандимки, юрагимда пайдо бўлган бўшлиқни урушга лаънатлар ёғдириш билан тўлдиришга ҳаракат қилардим. Ёш бўлишимга қарамай, ўшандаёқ урушнинг маъно-мантиқсиз қирғин экани, ўлат келтирувчи панжалари билан асрлар оша нечалаб одамлар умрини завол этишдан тўхтамаслигини юрагимдан ҳис этгандим.

Энди-чи, касофат уруш домига тортиб кетган болалар, аёллар, умуман, одамларни кутишимдан бирор мантиқ борми? Йўқ, яна худди ўша Кимсанни интизорлик билан кутган ва ўлимини эшитган оғриқли вақтлардагидек умидсизлик ҳамда тушкунлик ботқоғига ботиб кетавераман.

​Мана, мен шу ердаман: ҳали тупроғи совиб улгурмаган сон-саноқсиз қабрлар оралаб кетяпман. Уларни санай олмайман, тишимни тишимга босиб, жимгина қулоқ тутиб боравераман.

 — Карра жадвалини ёд олдингми? — дейди қизча шивирлаб.

 — Ҳа, ёдладим, сен-чи? — дейди иккинчи қизалоқ янада шивирлаб.

 — Мен ёдлай олмадим, келақолинглар, бирга ёдлай қолайлик!

 — Икки карра икки — тўрт! Қайтарамиз!

 — Беш карра беш — йигирма бееш! — жўр бўлишади ҳаммаси.

 — Йўқ, бу камлик қилади! Ортимдан такрорланг: ўн карра ўн — юууз!

 — Бу ҳам камлик қилади! — шивирлайди учинчи қизалоқ. — Юз карра юу-уз...

Қулоғимни кафтларим билан ёпаман. Аммо шивирлар ҳамда саноқлар тинай демайди...

О-о, бу шивирлар биз катта одамларни тинч қўярмикин? Гўдакларни ўлимга маҳкум этаётган қўлларимиз қонини минг йил ёмғир ёғса ҳам кетказолмаслигимизни англаб турган ҳолимизда мантиқсиз ва “адолатли” қирғинларни яна ва яна давом эттираверишимизни нима деб атасак бўлади? Биз шафқатсиз одамзот гуноҳларимизни қандай ювамиз? Ундан кўра, абгор этган дунёмизга оддийгина қоқиўт бўлиб келсак бўлмасмиди? Қизалоқлар териб олишиб, бошларига гулчамбар ёки онажонларига гулдасталар ясаб қувонишарди. Дарахт бўлсак-чи, баҳорда гўзал гулларимиз, ёзда меваларимиз билан уларни хурсанд қила олардик. Урушлар бўлмас эди. Болалар ҳам ўлмас эди.

Энди ўзимни тушуниб етгандекман: аслида ёзувчи эмас, одам бўлганимдан ўкинаётган эканман. Ҳа, худди шундай, одам бўлиб дунёга келганимдан!

Мен ҳамон шу ердаман...

Мастура Абдураимова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг