«Улар вампир эмас»: Ўзбекистондаги кўршапалакларни қутқариш нега муҳим?
Кўршапалаклар Ўзбекистон экотизимининг муҳим қисмидир. Аммо нима учун уларнинг сони камайиб бормоқда? Бу жонзотлардан қўрқиш қаердан келиб чиқади? Уларнинг қон ичиши ростми?
Шундай саволларга жавоб топиш учун мутахассисларга юзландим.
Суҳбатдошларимдан бири Aнтон Влашченко биология фанлари доктори, Григорий Сковорода номидаги Харков миллий педагогика университетида дарс беради. Ҳозирда у Филипп Шварц стипендияси совриндори ва Берлин ҳайвонот боғидаги институти ходими. Кўршапалаклар билан боғлиқ вазиятни ўрганиш ва уларни ҳимоя қилиш учун ишлайдиган маҳаллий жамоа билан танишиш учун Ўзбекистонга келган.
Яна бир мутахассис Елизавета Игнатева Россиядан Ўзбекистонга 2019 йилда кўчиб келган. Суҳбатдошимнинг айтишича, илк марта Москва ҳайвонот боғида кўршапалаклар билан учрашган ва уларни ёқтириб қолган. Ҳозир Елизавета кўршапалакларнинг акустикасини ўрганмоқда ва кўршапалаклар одамларнинг уйларига кириб қолса, уларни қутқаришга ёрдам беради.
– Aнтон, марказ ҳақида гапириб бера оласизми?
– Дунёда бундай марказлар бир нечта, Ўзбекистонда эса ҳали бундай марказ йўқ. Ҳаммаси талабалик давримда бошланган: Қишда биздан бир гуруҳ кўршапалакларни қутқаришни сўрашди. Бўлмаса уларни ўлим кутаётган эди. Мен уларни уйга олиб кетдим, шундан сўнг бу севимли машғулотимга, касбимга айланди. 1999 йилга келиб, биз ўша пайтда 80 га яқин кўршапалакларни даволаш марказини очдик. Харковда кўршапалаклар кўпинча биноларнинг ичига, дераза ромлари орасига кириб қолиб, ёрдамсиз нобуд бўларди. Шунинг учун биз тадқиқотларимиз билан параллел равишда уларни қутқариш устида ишладик. Вақт ўтиши билан фаолиятимиз кўлами кенгайди. 2013 йилдан бери Марказ Фелдман Экопарк билан ҳамкорликда ишлайди ва 2022 йилдан бошлаб, у Украина миқёсидаги лойиҳага айланди. Бугунги кунда бу уруш пайтида ҳам фаолият юритиб келаётган мамлакат бўйлаб кўнгиллилар ва ҳамкорлар тармоғидир. 2017 йилда бизнинг тажрибамизни Москва ҳайвонот боғи ўзида тадбиқ этди. Натижада шунга ўхшаш лойиҳа Россия пойтахтида ҳам ишга тушди. Кўршапалаклар билан ишлаш усулларини зоолог Константин Панютин тадбиқ этган эди. Ҳозирда буни унинг шогирдлари дунёнинг турли бурчакларида амалга оширишмоқда. 2022 йилдан бери мутахассисларнинг фаол профессионал ҳамжамияти мавжуд ва қийинчиликларга қарамай, унинг асосий мақсади ўзгаришсиз қолмоқда – кўршапалакларни қутқариш ва одамларнинг бу ажойиб жониворлар ҳақида билимини ошириш.
– Нима учун кўршапалаклар экотизим учун муҳим?
Елизавета: – Кўршапалаклар биологик хилма-хилликнинг муҳим қисмидир, чунки улар табиий ўзаро таъсирларга интеграциялашган. Aммо одамлар учун амалий фойда нуқтаи назаридан, уларнинг асосий роли ҳашаротларга қарши курашдир. Дунё бўйлаб 1500 дан ортиқ кўршапалак турлари мавжуд ва уларнинг аксарияти ҳашаротлар билан озиқланади. Ўзбекистонда барча кўршапалак турлари фақат ҳашаротхўр. Кенг тарқалган афсоналарга зид равишда, улар қон ичишмайди. Улар зараркунандаларни йўқ қилиш орқали қишлоқ хўжалиги экинларини ҳимоя қилишда муҳим рол ўйнайди. Бу пестицидлардан фойдаланишни камайтириш ва экологик тоза ишлаб чиқаришни таъминлайди. Бироқ, кўршапалаклар сони ҳозирда камайиб бормоқда. Aсосий сабаб ерларнинг ўзлаштирилиши, кимёвий моддалардан кенг фойдаланиш, кўршапалакларнинг анъанавий яшаш жойларининг йўқ қилиниши ва турли касалликлардир. Тадқиқотлар шунингдек, кўршапалаклар популяциясининг камайиши ва одамларга салбий таъсирнинг ортиши ўртасидаги боғлиқликни кўрсатади.
– Кўршапалаклар қандай ҳашаротлар билан озиқланади?
Антон: – Содда қилиб айтганда, кўршапалаклар жуда кўп ейишади. Бир кечада улар тана вазнининг учдан бир қисмидан ярмигача ҳашаротларни истеъмол қилишлари мумкин. Бу шуни англатадики, ҳатто кичик бир кўршапалаклар колонияси ҳам жуда кўп зараркунандаларни йўқ қилишга қодир, бу эса қишлоқ хўжалигига катта фойда келтиради. Кўршапалакнинг овқатланиши унинг ҳажмига боғлиқ. Тошкентда кўпроқ учрайдиган кичикроқ турлари асосан чивинлар билан озиқланади. Икки рангли кўршапалак каби йирикроқ турлари куя ва майда қўнғизларни овлайди, энг катта турлари эса йирикроқ ҳашаротларни овлайди. Дунё кўршапалакларнинг қишлоқ хўжалигига қандай ёрдам беришини фаол ўрганмоқда. Улар, хусусан, шоли далалари, узумзорлар ва зайтун боғларига жалб қилинади, бу ерда улар зараркунандаларни самарали йўқ қилади. Бу тажриба, масалан, пахта зараркунандаларига қарши курашда Ўзбекистон учун ҳам фойдали бўлиши мумкин. Шунинг учун фермерлар ўз экинларини ҳимоя қилишнинг табиий ва хавфсиз усули сифатида кўршапалакларни ўз далаларига жалб қилишга тобора кўпроқ ҳаракат қилмоқдалар.
– Елизавета айтинг-чи, Ўзбекистонда қандай кўршапалак турлари яшайди? Бугунги кунда кўршапалаклар учун қандай хавфлар мавжуд?
– Ўзбекистонда 21 та рўйхатдан ўтган кўршапалак тури мавжуд, улардан ҳозирда 19 таси учрайди. Тўртта тури аллақачон Қизил китобга киритилган ва бу рўйхат кенгайиши мумкин. Улар орасида катта оқ кўршапалак каби ноёб турлари ҳам бор. У нафақат ҳашаротлар билан озиқланади, балки чаёнларни ҳам овлай олади. Улар учун асосий хавф инсон фаолиятидир. Кўршапалаклар қишлайдиган эски бинолар бузиб ташланмоқда ва янги биноларни таъмирлаш уларнинг ҳозирги уяларини йўқ қилмоқда. Кўршапалак уйга учиб кирганда, одамлар кўпинча уни ўлдиришга ҳаракат қилишади, гарчи кўп ҳолларда ҳайвон шунчаки стресс ёки жароҳатдан ўлади. Иқлим ўзгариши ҳам рол ўйнайди. Ўзбекистонда сув танқислиги кучайиб бормоқда ва кўршапалаклар сув ҳавзаларига жуда боғлиқ, чунки учиш учун кўп энергия талаб этилади. Шамол энергиясининг ривожланиши қўшимча хавф туғдиради. Европа ва Қўшма Штатлардаги тажриба шуни кўрсатадики, шамол турбиналари кўчиб юрувчи турларнинг оммавий қирилиб кетишига сабаб бўлмоқда. Ва ниҳоят, афсоналар муҳим омил ҳисобланади. Одамлар ҳали ҳам кўршапалакларни хавфли касалликларнинг ташувчиси, «вампирлар» ёки кўр мавжудотлар деб ҳисоблашади. Бу қўрқувлар ҳар бир мамлакатда турлича, аммо натижаси бир хил: салбий муносабат ва ҳайвонларнинг йўқ қилиниши. Шунинг учун, бугунги кунда мутахассисларнинг асосий вазифаларидан бири бу таълим бериш ва кўршапалаклар ҳақидаги афсоналарни фош қилишдир.
– Агар кўршапалак уйга учиб кирса, нима қилиш керак?
Aнтон: – Aсосийси ваҳима қилмаслик ёки ҳайвонга зарар етказишга уринмаслик. Кўршапалакларни йиқитиш ёки ҳайратда қолдириш керак эмас, бу деярли ҳар доим уларнинг ўлимига олиб келади. Улар ўз-ўзидан бирон бир юзага, кўпинча пардалар, гиламлар ёки деворларга ёпишади. Кейин қалин қўлқоп кийиб ёки сочиқ орқали эҳтиёткорлик билан уни ушланг. Секин олиб, ташқарида бирор нарса устига қўйинг. Кўршапалакларни ташқарига қўйворишда кун ботишини кутиш керак. Кундузи улар уча олмайди. Ушлаган билан деразадан улоқтириш нотўғри, чунки улар қанотларини ёйиб, учишга шайланишлари учун вақт керак. Энг яхши вариант мутахассисга мурожаат қилиш. Кўршапалакни вертикал юзага қўйиш муҳим, у исиши ва қанотларини ёйиши учун вақт керак. Қушлардан фарқли ўлароқ, кўршапалаклар дарҳол ердан уча олмайди. Ва агар кундузи қўйиб юборилса, улар мушуклар ёки қарғалар учун осон ўлжага айланиши мумкин. Шунинг учун, энг муҳими, қўрқмаслик, аниқ ҳаракат, хотиржамлик ва озгина сабр-тоқатдир.
– Кўршапалаклар қанча умр кўради?
Елизавета: – Бу энг ҳайратланарли саволлардан бири. Узоқ умр кўриш рекорди 41 ёшида қайд этилган Сибир кўршапалагига тегишли. Кўршапалаклар ўртача 10-20 йил умр кўришади, бу еса бундай кичик ҳайвонлар учун анча узоқ. Бироқ, омон қолиш даражаси паст: ёш ҳайвонларнинг атиги оз қисми кейинги мавсумгача тирик қолади. Aсирликда улар мураккаб овқатланиш ва атроф-муҳит шароитларига сезгирлиги туфайли анча қисқа умр кўришади, кўпинча касалликлар ва витамин етишмовчилиги ривожланади. Яқинда бир оила менга қўнғироқ қилди: кўршапалак уйига кириб қолиб, бир неча кун давомида пардага ёпишиб турган. Мен уни олиб кетдим ва энди, ҳаво исиб кетгач, уни табиатга қўйиб юборишни режалаштирмоқдаман.
Aнтон: – Икки рангли кўршапалак (Веспертилио муринус) Сибир ва Уралдан Шарқий Европагача Евросиё бўйлаб кенг тарқалган. Қизиғи шундаки, бу кўршапалаклар жуда катта масофаларни босиб ўтишлари мумкин. Масалан, улар Ғарбий Сибир ўрмонларида туғилиши ва кейин қиш учун Марказий Осиёга кўчиб ўтиши мумкин. Лекин айнан шу миграция уларни заиф қилади. Шамол турбиналарининг улкан қурилиши аллақачон кўчиб юрувчи турлар сонининг камайишига олиб келди. Бир қатор минтақаларда уларнинг популяцияси сўнгги ўн йилликларда кескин камайди ва баъзи жанубий гуруҳлар деярли йўқ бўлиб кетди. Бугунги кунда омон қолган турлар асосан узоқ масофаларга миграция қилмайдиганлардир.
– Aгар кўршапалаклар уйга ин қурса нима қилиш керак?
Антон: – Вазиятни хотиржам қабул қилиш керак. Кўршапалаклар кемирувчилар эмас, улар симларга ёки мебелларга зарар етказмайди ва одамлар учун ҳеч қандай хавф туғдирмайди. Бироқ, бинода катта колония яшаса, бунинг натижасида уларнинг ахлати тўпланади, бу эса ҳид ва шовқин келтириб чиқаради. Марказий Осиёда улар кўпинча эски масжидларнинг гумбазлари остида уя қурадилар. Ғарбий Европа мамлакатларида қатъий қоидалар колонияларни йўқ қилишни ёки безовта қилишни тақиқлайди. Aгар бино таъмирланиши ёки бузилиши керак бўлса, иш бошланишидан олдин ҳайвонлар аввал хавфсиз тарзда бошқа жойга кўчирилиши керак. Одатда қуш инларига ўхшаш махсус кўршапалаклар уяларини ўрнатиш одатий ҳолдир. Бу кўршапалаклар популяциясини сақлаб қолиш ва одамлар билан можароларни камайтиришга ёрдам беради. Баъзи ҳолларда, бунга янада жиддийроқ қаралади. Масалан, Португалияда катта колонияни бошқа жойга кўчириш учун эски бино ёнида алоҳида иншоот қурилган. Кўршапалаклардан заҳар ёки бошқа кескин усуллар билан қутулишга уринишлар нафақат самарасиз, балки шафқатсизликдир. Aмалда бундай ҳаракатлар камдан-кам ҳолларда натижа беради ва ҳайвонларнинг ўлимига олиб келиши мумкин. Биргаликда яшаш учун хавфсиз ва экологик тоза ечимларни излаш анча ўринли.
Aсосийси, кўршапалаклар душман эмас, балки бизнинг иттифоқчиларимиз. Улар зараркунандаларни йўқ қилади, ўсимликларни чанглатади ва табиат мувозанатини сақлайди. Aгар кўршапалак топсангиз, қўрқманг ва унга зарар етказманг. Шунчаки биз билан боғланинг, биз сизга қандай ёрдам беришни айтамиз ёки ҳайвонни реабилитация қилиш учун олиб кетамиз. Биргаликда биз бу ажойиб турни келажак авлодлар учун сақлаб қолишимиз мумкин.
– Суҳбат учун катта раҳмат, Aнтон ва Елизавета! Марказга муваффақият ва кўпроқ кўршапалакларни асрашга бел боғлаган кўнгиллилар кўпайишини тилайман.
Наргис Қосимова суҳбатлашди


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter