Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Японияда «Ўзбекистон ҳафталиги» ўтказилди

Японияда «Ўзбекистон ҳафталиги» ўтказилди

Фото: «УзА»

Жорий йил 15-22 май кунлари Япониянинг қатор шаҳарларида «Ўзбекистон ҳафталиги» ўтказилди, деб хабар берди «ЎзА».

«Ўзбекистон ҳафталиги» доирасида Япониянинг Токио, Нагоя ва Осака шаҳарларида концертлар, миллий маданиятимиз ва урф-одатларимизни ифода этувчи фотокўргазмалар ташкил этилди.

Ҳафталик давомида «Кўҳна ва навқирон Ўзбекистон» ҳужжатли фильми намойиш этилди. Фильмда мамлакатимизнинг гўзал масканлари, тарихий обидалари, замонавий иншоотлар, шунингдек, халқимизнинг миллий урф-одат ва анъаналари аксини топган.

Япониянинг йирик шаҳарлари – Токио, Нагоя ва Осакада кенг жамоатчиликка ўзбек санъат усталари ва ёш ижрочилар иштирокидаги концерт дастурлари, диёримизнинг туристик салоҳияти акс этган миллий фото ва амалий санъат кўргазмалари ҳам намойиш этилди.

Ҳафталик доирасида Ўзбекистон делегацияси Токио миллий музейи директори Масами Зения, «Мин-Он» мусиқа ассоциацияси президенти Казуто Ито, Токио санъат университети президенти К.Сава билан учрашувлар ўтказди. Ушбу тадбирларда маданият ва санъатни ривожлантириш мақсадида икки томонлама ҳамкорлик, таълим йўналишида тажриба алмашиш, ходимлар малакасини ошириш мавзуларида фикр-мулоҳазалар алмашилди.

Ҳафталикнинг сўнгги кунида Осака университети маданият саройида ўтган миллий либослар ва кўл меҳнати билан тайёрланган буюмлар кўргазмаси японияликларда катта қизиқиш уйғотди.

Кўргазмадан сўнг томошабинларга маданият саройининг катта саҳнасида ўзбек санъаткорлари ижросидаги концерт дастури намойиш этилди. Япониялик санъат шинавандалари ёш ижрочилар томонидан жонли овозда тақдим этилган опера ариялари, миллий куй-қўшиқларимиз, бетакрор рақс ижроларидан баҳраманд бўлди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг