Вагон кузатувчиси ишдан олинди: муаммога ечим ишдан бўшатишми?
Жорий йилнинг 1 август куни Бухорога чипта олишдаги муаммолар ҳамда 712-Ф сонли «Тошкент — Бухоро» йўналишида ҳаракатланган йўловчи поезд вагон кузатувчисининг хатти-ҳаракатлари ҳақида 4 август куни тарқалган «Ўзбекистон темир йўллари»даги хизмат 90-йилларни эслатяпти(ми?)» сарлавҳаси остидаги мақола кенг жамоатчилик олдида муҳокамага айлаган эди.
5 август куни эса «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ расмий саҳифасида ушбу хабарларга изоҳ берилиб, поездда йўловчиларни «Купе» вагонга ўтказишни ваъда қилган вагон кузатувчиси ва поезд бошлиғи хатти-ҳаракатларига нисбатан «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ томонидан хизмат текшируви бошлангани ва унинг натижаси юзасидан расмий саҳифаларида яна маълум қилиниши айтиб ўтилган эди.
Шунга қарамай, ижтимоий тармоқларда «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ фаолиятига доир, жумладан, чипта харид қилишдаги ташвишлар, жазирама кунларда темир вагонларда қулай шароит яратилмагани, конднционер масаласи оғриқли муаммога айланиб бораётгани ва ҳоказолар тўғрисида муҳокамалар кучайган.
Ушбу муҳокамаларда «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ расмий саҳифасида эълон қилинган хабар ҳолатга етарлича муносабат эмаслиги тўғрисида ҳам сўз борган.
Шундай сўнг, орадан уч кун ўтгач, яъни 7 август куни «Xabar.uz» мухбирига овозли хабар жўнатган акциядорлик жамиятининг маркетинг ва сервис хизматлари бўйича директори Суннатилла Ҳамидов хизмат текшируви натижаларига батафсил муносабат ҳолат ўргануви тўлиқ якунлангач, бу борада ҳужжатлар тайёрланиб, чора-тадбирлар белгилангач, берилишини билдирган. Журналистнинг кейинги кун сўрови ҳам «Йўқ ҳали, хизмат текшируви тугасин, кейин бўлади-да» деган жавоб топган.
Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалар яна давом этавергач, «Xabar.uz»да ҳолатга узвий боғланган кейинги «Ўзбекистон темир йўллари»нинг ёғоч ковуши ёхуд мақолага муносабат қани?!» сарлавҳаси остидаги мақола 8 август куни чоп этилган.
«Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ матбуот котиби Алишер Балтабаев ҳолатни акциадорлик жамияти эътиборсиз қолдирмаётгани, барчаси тизимли назоратда экани, фақат биргина вагон кузатувчиси эмас, шу хунук ҳолатнинг юзага келишида сабабчи бўлган бошқа шахсларга нисбатан ҳам чоралар белгиланаётганини, уларга нисбатан ўз хизмат вазифасига нолойиқ хатти-ҳаракатлари учун лозим бўлса, ишдан бўшатилишгача жазо чоралари қўлланилиши мумкинлигини билдирган.
Журналистнинг: «Танқид – кимнидир ишдан бўшатиш учун эмас, муаммо бартараф этиш учун ёзилади» деган сўровига Алишер Балтабаев:
«Темир йўл тизимининг ўз ички қоидалари бор, улар қатъий тартибга асосланган. Тизимимизда ишчи-ходимлар учун имконият, шароит етарлича. Ойлик маошлар ҳам кам эмас. Шундай шароитда фаолият кўрсата туриб, яна ўз хизмат вазифасини суистеъмол қилишга уринган, қўпол хатога йўл қўйган ходимларга нисбатан кескин чора кўрилади. Бундайларга нисбатан енгил чоралар қўлланиладиган бўлса, ўз хизмат вазифасига садоқатли бўлмаган бошқа бир вагон кузатувчиларида ҳам: «Мана, енгил чора билан вазиятдан чиқиб кетса бўлар экан-ку!»-деган қарашни уйғотиб қўйиши мумкин. Ўз вазифасини суистеъмол қилишга уринган вагон кузатувчиларига ишдан бўшатиш чорасининг қўлланилиши – худди шундай ҳолатнинг камайишига ёхуд такрорланмаслигига сабаб бўлади», — дея жавоб берган.
9 август куни «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ расмий саҳифаларида ҳолат юзасидан ўтказилган хизмат текшируви натижаси эълон қилинди. Текширув натижасига кўра, ҳолатда иштирок этган поезд бошлиғи ва 2 нафар вагон кузатувчилари «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ ички меҳнат тартиби қоидаларининг 56-, 91-, 92-моддаларини бузганлиги учун ҳамда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 161-модда (Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра, бекор қилиш) 2-қисмининг 5-бандига асосан, меҳнат шартномаси бекор қилинган.
«Ишчи гуруҳ ҳолат бўйича йўловчи поездлар ва вокзалларда ўрганиш ишларини давом эттирмоқда», — деди Алишер Балтабаев.
Лайло Ҳайитова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter