Вазир Озодбек Назарбековнинг «яширин» бизнеси ошкор бўлди
Ижтимоий тармоқларда Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбековнинг «Коба санъат мажмуаси» МЧЖнинг таъсисчиси эканлигига оид хабарлар тарқалди. Бу вазиятга Коррупцияга қарши кураш агентлиги изоҳ берди.
Агентликнинг ёзишича, ўрганиш мобайнида ҳақиқатдан ҳам О.Назарбековнинг 2016 йил 16 мартда давлат рўйхатидан ўтказилган «Коба санъат мажмуаси» МЧЖда 100 фоизлик улуш билан таъсисчи эканлиги аниқланган.
Агентликнинг таъкидлашича, давлат хизматчилари иш вақтидан ташқари тадбиркорлик ва бошқа ҳақ тўланадиган фаолият билан шуғулланмасликлари шарт, қонунлар ва президент қарорларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Охир-оқибат қонунчиликка номувофиқлик бартараф этилиб, «Коба санъат мажмуаси» МЧЖ таъсисчиси ўзгартирилган.
Шунингдек, Маданият ва туризм вазирлигига агентлик томонидан «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонун ва бошқа қонуности ҳужжатларига қатъий риоя қилинишини ҳамда вазирлик фаолиятида очиқлик ва шаффофлик, рақобат ва холислик ҳамда коррупцияга йўл қўймаслик принципларига риоя қилинишини таъминлаш чораларини кўриш юзасидан тақдимнома киритилган.
Маълумот учун, «Коба санъат мажмуаси» фаолият тури умумий овқатланиш бўлиб, компаниянинг устав капитали 404 800 000,00 миллион сўмни ташкил қилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter