Венгрия парламенти Виктор Орбан “мероси”дан воз кечди
Венгрия парламенти мамлакатнинг Халқаро жиноий суддан (ХЖС) чиқиши ташаббусини бекор қилишга доир қонунни маъқуллади. Бу 2010-2026 йилларда бош вазир вазифасида ишлаган Виктор Орбан сиёсий меросидан воз кечиш йўлидаги яна бир қадам ҳисобланади.
Қонун лойиҳасини яқинда ҳокимиятга келган «Тиса» партиясининг 133 депутати қўллаб-қувватлаган. ФИДЕС-КДНП коалициясининг 37 нафар депутати қарши овоз берган. «Бизнинг Ватан» партияси вакиллари бетараф қолган.
Қонун ташаббускорлари инсониятга қарши жиноятлар, геноцид ва уруш ҳуқуқбузарликлари номақбул экани, Европа Иттифоқининг барча аъзолари ХЖС аъзолари эканини далил келтирган ҳолда, мамлакатнинг ушбу халқаро тузилмага қайтиши лозимлигини таъкидлаган.
Халқаро жиноий суд — доимий асосда фаолият юритувчи юридик орган бўлиб, 1998 йил 17 июлда имзоланган Рим статутига асосан таъсис этилган. Маҳкама халқаро миқёсдаги оғир қилмишлар — геноцид, инсониятга қарши ва ҳарбий жиноятларни кўриб чиқади. Рим статутини имзолаган 123 давлат маҳкама ҳужжатларини бажаришга мажбур.
Аввал хабар берганимиздек, 2024 йил 21 ноябр куни ХЖС Ғазо секторида инсониятга қарши ва уруш жиноятлари содир этгани учун Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олишга ордер берган.
Ушбу икки шахсга Ғазо секторидаги тинч аҳолини яшаш учун зарур бўлган сув, дори-дармон, озиқ-овқат, тиббий жиҳозлар, ёқилғи ва электр энергиясидан қасддан маҳрум қилиш айби ҳам илгари сурилган.
Нетаняҳуга қарши ордер берилиши ортидан АҚШ, Венгрия каби Исроилнинг яқин иттифоқчилари ХЖСга нисбатан қарши позицияни кучайтирди.
Венгрия 1999 йилда ХЖСнинг таъсис ҳужжатини имзолаган ва уни 2001 йилда ратификация қилган эди.
Нетаняҳу ҳибс ордерига қарамай, 2025 йил 3 апрел куни ЕИ аъзоси бўлган Венгрияга ташриф буюрган эди. Венгрия раҳбарияти ХЖС талабига қарши боргани халқаро ҳуқуқнинг поймол этилиши деб баҳолаган.
Венгрия бош вазири Виктор Орбан маъмурияти ХЖС қарорини намойишкорона бузиш билан чекланмай, мамлакат мазкур тузилмадан чиқишини ҳам эълон қилди. Бу қарор Нетаняҳунинг Венгрияга ташрифи фонида қабул қилинганди.
Орбан маъмурияти ХЖС фаолияти жиддий баҳслар уйғотишини айтган.
Эслатиб ўтамиз, Венгрияда 2026 йил 12 апрел куни бўлиб ўтган парламент сайловида нафақат мамлакат, балки бутун Европа Иттифоқи тақдирига таъсир этадиган натижа қайд этилди. 45 ёшли Петер Мадяр бош вазир 62 ёшли Виктор Орбаннинг 16 йиллик бошқарувига чек қўйишга муваффақ бўлди.
Сайловда ғалаба қозонган ва мамлакатнинг янги бош вазири лавозимини эгаллаган Петер Мадяр, шунингдек, ЕИ томонидан Украинага кредит ажратилишига тўсқинлик қилмаслигини билдирди. Орбан бунга қадар ЕИ томонидан Украинага 90 миллиард евро миқдорида қарз ажратиш ҳақидаги қарорни ҳам блоклаб келганди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter