Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Халқаро медиа ва туризм форумида Марказий Осиёда экотуризмни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди

Халқаро медиа ва туризм форумида Марказий Осиёда экотуризмни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди

Қозоғистоннинг Олмаота вилояти Конаев шаҳрида 21–23 июль кунлари бўлиб ўтган I Халқаро медиа ва туризм форумида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги вакиллари иштирок этди.

Форумни Олмаота вилояти ҳокими Марат Султонгазиев, Қозоғистон Республикаси ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазири Дархон Кидирали ва Туркий тилли журналистлар жамғармаси президенти Назия Жоямерген очиб берди.

Бугунги кунда туризмни ривожлантиришда ахборот билан таъминлаш ва оммалаштириш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, медиа соҳаси ва туризмни бир йўналишда бирлаштирган бугунги форум ушбу тарихий макон имкониятларини янада кўпроқ кўрсатиб, бутун дунёга намойиш этишда муҳим аҳамият касб этади, деб ўйлаймиз, — деди Дархон Кидирали.

«Туркийзабон журналистлар жамғармаси» жамоат фонди томонидан Олмаота вилояти ҳокимлиги, Қозоғистон Республикаси Ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги, Қозоғистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Қозоғистон, Буюк Британия, Швейтсария, Австрия, Бельгия, Германия, Франция, Нидерландия, Молдова, Туркия, Шимолий Кипр, Ўзбекистон, Озарбайжон, Қирғизистон каби хорижий давлатлардан 200 га яқин оммавий ахборот воситалари ва туризм вакиллари иштирок этди.

«Бундай тадбирлар Қозоғистонни сайёҳлик маскани сифатида танитиш ва унинг бой маданий меросига эътибор қаратишда муҳим аҳамият касб этади. Олмаота вилояти қадимий қозоқ анъаналари, урф-одатлари ва тарихи ривожланган етакчи вилоятдир. Шунинг учун бу йилги форумни шу ерда ташкил қилдик. Қозоғистонда саёҳат қилиш учун етарли жойлар мавжуд. Ижтимоий тармоқларни мамлакат табиатини кенг тарғиб қилишга ва ёритишга чақираман», — деди Назия Жоямерген.

Тадбир давомида Ўзбекистон Экология вазирлиги томонидан вазирнинг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси – матбуот котиби Лола Раҳмонбоева «Марказий Осиёда экотуризмни ривожлантириш истиқболлари» мавзусида тақдимот қилди. Унда ҳудудда экотуризмни ривожлантиришнинг афзалликлари, камчиликлари кўрсатиб ўтилди ва тавсиялар берилди.

«Ўзбекистонда давлатимиз раҳбари томонидан нафақат экотуризм, балки, туризмнинг барча йўналишларини ривожлантириш йўлида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ юртимизга келаётган хорижлик туристлар сони йилдан-йилга ошиб боряпти, — деди Экология вазири матбуот котиби Лола Раҳмонбоева. — Аслида, нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё ўзининг ноёб табиий гўзаллиги, бой маданий мероси ва хилма-хил экологик ресурслари туфайли экотуризмни ривожлантириш учун катта имкониятларга эга. Кўплаб миллий боғлар, қўриқхоналар ва табиий диққатга сазовор жойлар экотуризмга қизиқувчи сайёҳларни жалб қилади. Қолаверса, Марказий Осиё бир қанча маданий-географик минтақалар туташган жойда жойлашгани маданий ва экологик туризмни ривожлантириш учун ноёб имкониятлар яратади. Сайёҳлар миллий боғлар ва қўриқхоналарга саёҳат қилиш чоғида маҳаллий маданият, анъана ва урф-одатлар билан танишишлари, маҳаллий табиатнинг гўзаллигидан баҳраманд бўлишлари мумкин».

Шунингдек, форум доирасида тадбир иштирокчилари Қозоғистоннинг Чарин канёни ва Кўлсай кўли каби диққатга сазовор жойлари ва табиий масканларида бўлишди.

Чарин канёни ёки «Қалъалар водийси» — сувлар билан ювилган қуруқ дара. Канённинг ўзига хослиги турли хил флора ва фаунанинг кўплигидадир. Масалан, бу ерда 1,5 мингга яқин ўсимлик турларини кўришингиз мумкин (бундан ташқари, 17 тур жуда кам учрайди, миллий Қизил китобга киритилган ва давлат муҳофазасида).

Кўлсай кўллари — шимолий Тян-Шандаги, Кўлсай дарасида, Кунгей-Олатау ва Зайлий Олатау тизмаларини боғловчи учта кўл тизими. Кўллар Қозоғистоннинг Олмаота вилояти Райимбек тумани ҳудудида денгиз сатҳидан тахминан 1000 м, 2500 м, 2700 м баландликда жойлашган.

Маълумот учун, форумни ўтказишдан мақсад – медиа ва туризм соҳасидаги янги жараёнларни ҳисобга олган ҳолда тажриба алмашиш, ахборот маконини кенгайтириш, ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, Қозоғистоннинг тарихий-маданий масканларини хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида тарғиб қилиш, ОАВ вакиллари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан иборат.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг