Хавфни хавф деб ўйламаслик хавфи ёхуд «Ҳеч нарса қилмайди» қурбонлари
«Ток урди...», «заҳарланди...», «тушиб кетди...»
Болалар боғчаси ҳудуди. Беш ёшли болакай трансформатор ертўласининг дарчасидан пастга тушиб кетади. Юқори кучланишли ток жажжи вужудни куйдиради, бола оғир жароҳатлар билан шифохонага ётқизилади.
Бошқа бир манзил. 11 ёшли қизалоқ томдан ўйинчоғини олиб тушмоқчи бўлади. Симларга тегиб кетиши оқибатида ток уриши қизчанинг ҳаётига нуқта қўяди.
Темирйўл станцияси. Жиззах вилоятида 17 ёшли ўсмир йигит дўстлари билан вагон устига чиқади. Аммо юқори кучланишли электр тармоғи сония ичида уларинг навқирон ҳаётини кулга айлантиради.
Орадан ҳеч қанча ўтмай, худди шундай манзара, худди шундай темирйўл вагон устида чирчиқлик 14 ёшли мактаб ўқувчиси ток уришидан оғир куйиш жароҳати олади.
Ўсмирлар-ку ҳали ёш, қизиққон дейлик. Лекин ҳаёт тажрибасига эга катталарга, соҳа мутахассисларига нима бўлган?
2023 йил 22 июль. Тошкент вилоятининг Нурафшон туманида «Тошкент коммунал қурилиш сервис»нинг тўрт нафар ходими канализация тармоғини тозалаш ишларини олиб бораётган эди. Жараёнда 57 ёшли ишчи қудуқ ичидаги заҳарли газлардан ҳушини йўқотади. Уни қутқараман деб орқасидан ҳеч қандай ҳимоя воситасиз, таваккал қилиб чуқурга тушган 23, 27 ва 55 ёшли ҳамкасблари ҳам заҳарланади. Улардан уч нафари ўша ернинг ўзида жон таслим қилади, бири эса оғир аҳволда шифохонага олиб борилади. Суд-тиббий экспертизаси ўлим сабабини водород сулфидидан (сероводород) ўткир заҳарланиш деб кўрсатди. Орадан уч йил ўтиб, Жиноят кодексининг 247-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан очилган жиноят ишларига қарамай, Андижонда худди шу аянчли ўлим сценарийси такрорланди. Яна тўрт нафар инсон, яна қудуқ ва яна ўша меҳнат хавфсизлигига риоя қилмаслик...
Бу эса уч йил ичида Нурафшондаги фожеадан ҳеч қандай хулоса чиқармаганимиздан, ўша тўрт қурбоннинг аянчли ўлими тизим учун дарс бўлмаганидан далолат беради. Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотига кўра, уларнинг ҳам ўлимига водород сульфиддан ўткир заҳарланиш ва юқори нафас йўлларининг суюқлик билан беркилиши натижасида юзага келган механик асфиксия сабаб бўлган.
Жамиятимизда нафақат иш жойларида меҳнат муҳофазаси, балки кундалик ҳаётимизда, маҳалла ва кўчаларимизда ҳам энг оддий хавфсизлик маданияти бутунлай фалажланган. Нега биз хавфни кўриб туриб, у бизга зарар етказса-да ҳушёр тортмаймиз? Болаларни ток уриши ва қудуқ ичидаги тўрт нафар катта ёшли инсонларнинг вафоти ўртасида қандай боғлиқлик бор? Боғлиқлиги шундаки, жамиятимизда болалар, ёшлар, катталар ва иш берувчи раҳбарлар хавфни хавф деб ўйламаслик ХАВФи остида яшаётгани...
Хўш, нима учун ўсмир хавфни хавф деб билмайди? У поезд вагонлари тепасида неча минг вольт кучланишли ток борлигини, бу ток одамни бир сонияда куйдириб кул қилишини билмайдими?
Хавфни писанд қилмаслик...
Ўсмирлар психологиясида жуда хавфли омил бор, яъни «Шахсий миф» (Personal Fable) деб аталадиган психологик феномен. Бу ёшдаги болаларнинг миясида «Ёмон воқеалар, ўлим ёки бахтсиз ҳодисалар кимгадир содир бўлиши мумкин, лекин менга эмас. Мен бошқачаман, менга ҳеч нарса қилмайди» деган мутлақ ишонч бўлади. Улар ўзларини кино қаҳрамондек ҳис қилишади.
Бундай «хавфни писанд қилмаслик» фақат бизнинг ёшларимизга хос муаммо эмас. Дунёнинг энг ривожланган давлатлари ҳам вақтида худди шу ижтимоий инқироз билан тўқнаш келган. Масалан, Австралиянинг Мелбурн шаҳрида ўсмирларнинг темир йўл ва метро атрофидаги бепарволиги, хавфли ҳаракатлари ортидан бахтсиз ҳодисалар сони кескин ортиб кетган эди.
Аммо улар ёшларга қарата «Поезд яқинига йўлама!», «Ток уради!» каби баландпарвоз ва зерикарли шиорлар иш бермаслигини аллақачон англаб етишди. Чунки ўсмирлар қуруқ тақиқларни эшитишни истамаслигини жуда яхши билишади. Шу сабабли, 2012 йилда Автралия жамоатчиликни хабардор қилиш кампанияси ва Мелбурн шаҳридиги Metro Trains дунёга машҳур «Dumb Ways to Die» (Ўлимнинг аҳмоқона усуллари) деб номланган анимацион видеокампанияни тақдим этишди.
Роликнинг мазмуни жуда оддий, лекин таъсирли: унда ранг-баранг, содда «ловиясимон» қаҳрамонлар ўзларининг турли аҳмоқона ҳаракатлари — сочларига ўт қўйиш, айиққа таёқ санчиш, муддати ўтган дориларни ичиш туфайли бевақт ҳалок бўлишади. Видеороликнинг энг асосий ва якуний қисмида эса поезд платформасининг четида туриш, рельслар устидан югуриб ўтиш каби темир йўлдаги эҳтиётсизликлар «дунёдаги энг аҳмоқона ўлим усули» сифатида кўрсатилади.
Ижодкорларнинг асосий мақсади хавфли трендлар кетидан қуваётган ўсмирларга уларнинг бу иши «қаҳрамонлик» ёки «жасурлик» эмас, шунчаки ахмоқлик эканини ўз тилларида визуал ва ҳажвия орқали онгига сингдириш эди. Бу уриниш кутилганидек натижа берди. Маҳаллий метро йўлларидаги бахтсиз ҳодисалар сони қисқа вақт ичида 20 фоиздан 30 фоизгача камайди. Ушбу лойиҳа раҳбари Жон Мескал ўз интервюсида унинг муваффақияти ҳақида шундай деган эди: «Ушбу кампаниянинг мақсади ҳеч қандай хавфсизлик хабарини эшитишни истамайдиган аудиторияни жалб қилишдир ва биз ушбу ролик буни амалга оширади деб ўйлаймиз».
Эътибор берганмисиз?...
Кўп қаватли уйларнинг тепа қаватида ҳеч қандай ҳимоя камарларисиз, дераза ташқарисига оёқ қўйиб, ойна юваётган аёлларга кўзингиз тушганми? Ёки соҳа мутахассиси бўлмай туриб, ҳеч қандай ҳимоясиз маҳалладаги баланд симёғочга чиқиб, узилган чироқни улашга уринаётганларга? Бу манзаралар биз учун шунчаки оддий кундалик ҳолатга айланиб бўлган.
Хавфни писанд қилмаслик, афсуски, фақат иш жойларида эмас, маиший ҳаётимизда ҳам қон-қонимизга сингиб кетган. Масалан, ҳар йили қиш мавсуми келиши билан мўриларни тозаламаслик, уй ичида очиқ челакка кўмир ёқиб исинишга ҳаракат қилиш оқибатида бутун бошли оилаларнинг ис газидан фожиали вафот этгани ҳақидаги совуқ хабарларга кўзимиз тушади.
Ёки қўл телефони ҳожатхонага тушиб кетганда, уни олиб чиқаман деб ҳеч қандай ҳимоясиз чуқурга кирган ва у ерда тўпланиб қолган заҳарли газ туфайли сониялар ичида ҳалок бўлган юртдошларимиз ҳақидаги хабарлар ҳам, афсуски, тўқима эмас. (XXI асрда ҳожатхоналарнинг ҳали ҳамон ўрадек ҳолатда бўлишининг ўзи алоҳида эътиборсизлик, алоҳида мавзу....)
Мана шу ерда катталар ўртасидаги энг даҳшатли вирус «ҳеч нарса қилмайди» хотиржамлиги панд беради. «Олдин ҳам қилганман, ҳеч нарса рўй бермаган, менга ҳеч нарса бўлмайди» деган ишонч одамларнинг бевақт ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлмоқда.
«Хавфсизлик маданияти» нима?
Хўш, жамиятимизда хавфсизлик маданияти қай даражада?
— Хавфли жойларда ҳеч қандай ҳимоя воситасисиз фаолият олиб бориш, «менга ҳеч нарса бўлмайди» деган одат билан иш юритиш ҳолатлари афсуски учрамоқда, — дейди Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Ходимларнинг малакасини ошириш маркази профессори, техника фанлари доктори Озодахон Йўлдошева. — Буларнинг асосий сабаби “хавфсизлик маданияти”нинг етишмаётганлиги. Хавфсизлик маданияти, бу хавфсизликни фақат қоида эмас, балки кундалик одат ва масъулият сифатида қабул қилиш демакдир».
Профессорнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Республикасининг «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги 410-сонли Қонуни (17-модда) ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 декабрдаги 819-сонли қарорида ташкилотларда меҳнат муҳофазаси соҳасида қайта тайёрлаш ва малака ошириш вазифалари аниқ белгилаб қўйилган. Аммо амалиётда аҳвол бошқача.
— Афсуски, ҳамма ташкилотлар ҳам ушбу вазифаларни бирдек қабул қилади деб айта олмайман, — дейди Озодахон Йўлдошева. — Баъзан хавфсизлик чоралари мавзусида дарс ўтаётганимда айрим ташкилот раҳбарларида, айниқса, хавфсизлик техникасига масъул шахсларда бефарқликни кузатаман. Уларга мана шу ҳолатлар сабоқ бўлиши керак. Хавфсизлик техникаси, меҳнат муҳофазаси булар шунчаки ҳисоботлар учун қилинадиган тадбирлар эмас. Булар муҳим фанлар, долзарб қоидалар мажмуасидир, негизида ишчи-ходимлар, фуқаролар тақдири, саломатлиги, ҳаёти, оиласининг хотиржамлиги турибди».
Ҳа, суҳбатдошим айтганидек, бизда хавфсизлик техникаси кўпинча «шунчаки қоғоздаги ҳисобот» деб қаралгани учун ҳам Андижондагидек фожиалар янгилик эмас. Агар қонундаги вазифалар шунчаки текширувчи келганда кўрсатиладиган папкалар учун эмас, онгли равишда бажарилганда эди, бугун тўрт нафар инсон бевақт нобуд бўлмасди.
Қудуқни ким тозалаши керак?
Kun.uz суриштирувида ошкор бўлган баъзи фактлар эса тизимдаги бефарқлик ва масъулиятсизлик нақадар чуқур илдиз отганини кўрсатади. Фожиадан сўнг ташкилот масъулларининг «биз уларга қудуқни тозалаш ҳақида буйруқ бермагандик, ўзлари таваккал қилиб тушиб кетишибди» қабилида ўзини оқлаши ва жавобгарликни марҳумларнинг бўйнига қўйишга уринишини нима деб тушунишни ҳам билмайсан. Иш жойида хавфсизлик тизими шу қадар издан чиққанки, ҳатто соҳага умуман алоқаси бўлмаган, оддий боғбон, қоровул, электр муҳандиси, ҳайдовчи қудуқ тозалаш масъулиятини ўз бўйнига олган. Ёки ҳалокатга учраган ходимни қутқаришга ҳаққим бор деб ўйлашган. Раҳбариятнинг «буйруқ бермаганмиз» деган баҳонаси меҳнат қонунчилиги қаршисида мутлақо асоссиздир. Чунки ташкилот ҳудудида меҳнат қилаётган ҳар бир ходимнинг ҳаёти ва хавфсизлик воситалари билан таъминланиши учун биринчи навбатда айнан ўша раҳбарлар жавобгар ҳисобланади. Ходимнинг махсус кийим ва газ анализаторисиз қудуқ яқинига боришининг ўзи назорат мутлақо йўқлигидан далолат беради.
Суриштирув давомида ошкор бўлган энг даҳшатли ва юракни эзадиган факт эса бошқа нуқтада. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, қудуққа тушган юртдошларимиз камида 5-10 дақиқа давомида пастдан ёрдам сўраб, жон талвасасида бақиришган. Улар ўша пайтда ҳали тирик бўлган! Энг ачинарлиси, воқеа жойига етиб келган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (МЧС) ходими эса «Қўлимизда ҳеч қанақа махсус аппарат йўқ, устига-устак раҳбариятнинг рухсатисиз қудуққа тушиб қутқаролмаймиз», дея шунчаки қараб турган...
Инсон ҳаёти сониялар билан ўлчанаётган бир пайтда, қутқарувчининг «рухсат кутиб» ва «қуруқ қўл билан» туриши, тизимимиздаги энг аянчли оғриқдир. Бу ҳолат Меҳнат муҳофазаси ва Фавқулодда вазиятлар органларининг ўзаро ҳамкорлиги, тезкорлиги ва энг оддий техник воситалар (кислород ниқоблари) билан таъминлангани даражаси қай аҳволда эканини яқлон кўрсатиб қўйди.
Бошқа мамлакатларда хавфсизлик маданиятига муносабат қандай?
Японияда темир йўл ишчилари ёки қурилиш секторидаги ходимлар бирор ҳаракатни қилишдан олдин ўша объектга бармоқ билан ишора қилиб, баланд овозда ҳолатни айтишлари шарт. Ишчи бирор хавфли ҳаракатни қилишдан олдин ўша объектга бармоғи билан ишора қилиб, баланд овозда: «Клапан ёпиқ — хавфсиз!» ёки «Ниқоб тақилди — соз!» деб айтиши ва шериги буни тасдиқлаши шарт. Бу мияни автоматлаштирилган (робот) ҳолатдан уйғотади.
Европа ва АҚШнинг йирик саноат корхоналарида ишчи қудуққа ёки хавфли шахтага тушишдан олдин махсус кўзойнакларини тақади. Унга виртуал дунёда ҳимоя ниқобисиз қудуққа тушганда содир бўладиган заҳарланиш ва ўлим ҳолати реалдек ҳис эттирилади. Виртуал оламда бўлса-да, хатоси туфайли «ўлиб кўрган» ёки оғир жароҳат олган ишчи реал ҳаётда ушбу хатони асло такрорламайди.
Ишчиларни даҳшатли авария суратлари билан қўрқитиш корхоналарда вақт ўтиб иммунитет пайдо қилади («бу мен билан бўлмайди» дейиш тизими ишга тушади). Шу сабабли ҳозир Ғарбда хавфли объектлар киришига ишчиларнинг ўз фарзандлари, оиласи бағрида бахтли яшаб юрган суратлари ва уларнинг: «Дадажон, сизни соғ-саломат уйда кутиб қоламан!» деган аудио хабарлари қўйилади. Оилавий масъулият инсонни хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилишга мажбурлайди. Бу инсонни «мен фақат ўзим учун эмас, оилам учун ҳам тирик ва соғ бўлишим шарт» деган масъулиятни уйғотади.
Ривожланган давлатларда агар ишчи махсус ҳимоя кийими (каска, маска, камар) киймаган бўлса ва бу камерага тушиб қолса, у суғурта пулидан маҳрум бўлади. Жароҳатланган тақдирда ҳам, агар айб ишчининг бепарволигида бўлса, даволаниш харажатларини суғурта қопламайди ва корхона ҳам бадал тўламайди. Бу омил одамларни тирик қолиш ва оиласини боқиш учун қоидаларга бўйсунишга мажбур қилади.
Австралиянинг «Dumb Ways to Die» мультфильмини томоша қилиш асносида ловиялар устидан кулишингиз мумкин. Лекин реал ҳаётда электричка устига чиқаётган ўсмирларимиз ҳам, ҳеч қандай ҳимоясиз турли хавфли юмушларга ўзини ураётган катта ёшли ҳамюртларимиз ҳам аслида ўша анимация қаҳрамонларидан фарқ қилмай қолмоқда.
«Афсус», «Эссиз, кеч бўлди», «Жуда ёш эди-я»…
Биз қачонгача фожиалардан кейин бир хил гапларни такрорлаймиз?
Тан олайлик, жамиятда хавфсизлик қоидалари қатъий ўрнатилмас экан, хатолардан хулоса чиқаришни эмас, балки мана шундай мудҳиш йўқотишларга кўникишни бошлаймиз. Ваҳоланки, қатъий тартиб-интизом ўрнатиш орқали бу бевақт ўлимларнинг олдини олиш, қанчадан-қанча ҳаётларни сақлаб қолиш мумкин эди.
Агар корхона ва ташкилотларда, ҳатто ўз уйимизда хавфсизлик маданияти шаклланмас экан, меҳнат хавфсизлиги қоидалари фақат ҳисобот ва навбатдаги имзо учун хизмат қиладиган расмиятчилик бўлиб қолаверади. Оқибатда эса, Андижонда юз берган даҳшатли воқеа каби фожиалар ва бевақт ўлимлар занжири тўхтамайди.
Барно Султонова


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter