Хитойда роботлар кўчаларда садақа сўрашни бошлашдими?
Хитойда роботлар мутлақо кутилмаган ролда пайдо бўлишди: улар кўчаларда ўтириб, йўловчилардан пул сўрашмоқда. Бундай «тиланчилар» тасвирланган кадрлар Хитой ижтимоий тармоқларида тарқалиб, тез фурсатда қизғин баҳсларга сабаб бўлди.
Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, роботлар бир вақтнинг ўзида бир нечта йирик шаҳарларда, жумладан, Пекин, Чэнду ва Фучжоуда пайдо бўлишган. Улар тиз чўкиб ёки чўккалаб, бошларини эгган ҳолатда ўтиришибди, ёнларида эса ёрдам сўралган ёзувлар бор. Масалан: «Илтимос, электр энергияси учун тўловимни тўлаб беринг» ёки «Телефонимни қувватлантиришга пулим йўқ». Пул ўтказмалари учун эса ёнига QR-кодлар жойлаштирилган.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бунга турлича муносабат билдиришмоқда. Баъзилар технологиялар ҳатто кўча тиланчилигигача етиб борганини киноя қилишаётган бўлса, бошқалар бу воқеаларни кўпроқ саҳналаштирилган томоша, арт-лойиҳа ёки реклама кампанияси деб ҳисоблашмоқда.
Гап шундаки, кўчаларда Unitree компаниясининг энг илғор одамсимон робот моделлари, жумладан, G1 ва H2 лари пайдо бўлиши ажабланарли. Чунки бундай қурилмалар жуда қиммат туради, шу сабабли улар ёрдамида майда пул йиғиш молиявий нуқтаи назардан, юмшоқ қилиб айтганда, жуда ғалати туюлади.
Экспертларнинг фикрига кўра, бу воқеалар шунчаки одамлар диққатини тортишга бўлган ҳаракат ёки роботларнинг кундалик ҳаётимизга нақадар фаол кириб бораётгани ҳақидаги ўзига хос санъаткорона ифода (бадиий чиқиш) бўлиши мумкин.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter