Халқ таълими вазирлиги мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай кўринишига мутлақо қарши
Фуқаро Комил Жалилов фожиавий ҳалок бўлган каттақўрғонлик 23 яшар ўқитувчи Диана Еникееванинг ўлими юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига мурожаат қилгани, мазкур мурожаатига Халқ таълими вазирлигидан берилган жавобни «Facebook»даги «Халқ билан мулоқот» гуруҳида эълон қилди.
Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Қодирбой Бектурдиев томонидан имзоланган жавоб мазмунидан маълум бўлишича, жорий йилнинг 14 март куни Каттақўрғон туманидаги 42-мактабнинг ўқитувчиси Диана Еникеева билан содир бўлган аянчли ҳолат юзасидан вазирликда йиғилиш ўтказилган. Юқоридаги каби ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича маҳаллий ҳокимлик билан биргаликда олиб бориладиган ишлар белгилаб олинган.
Жавоб хатига кўра, рўй берган фожиа юзасидан ҳозирги кунда туман прокуратураси томонидан тегишли тергов-суриштирув ишлари амалга оширилмоқда.
«Халқ таълими вазирлиги мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай кўринишига мутлақо қарши ҳамда тизимда фаолият кўрсатаётган педагогларнинг ўз касбига алоқаси бўлмаган турли ишларга жалб қилинишига йўл қўймайди. Соҳада хизмат қилаётган 400 минг нафардан ортиқ фидойи устоз ва мураббийларнинг меҳнатини қадрлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда устоз обрўсини ошириш йўлидаги ишларни давом эттиради.
Вазирлик қонунчилигимизда белгиланган меҳнат муносабатларига оид ҳуқуқий нормаларга сўзсиз амал қилади», — дейилади фуқаронинг мурожаатига жавобан юборилган расмий хатда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter