Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Яна бир Европа давлати Фаластинни тан олмоқчи

Яна бир Европа давлати Фаластинни тан олмоқчи

Мальта келгуси ойда Фаластинни давлат сифатида тан олади, деб маълум қилди мамлакат бош вазири Роберт Абела.

Сиёсий етакчи Мальтада Фаластинни тан олиш масаласи 45 йилдан буён муҳокама этилаётгани, унинг ҳукумати бу ишга журъат этган илк ҳукумат эканини таъкидлаган.

Бош вазирга кўра, Фаластинни давлат сифатида тан олиш Ғазо секторида вазият оғирлашиб бораётган бир пайтда ахлоқий-маънавий масъулиятга айланган.

“Ғазода 50 мингдан зиёд одам ҳалок бўлди. Кун сайин ёмонлашиб бораётган инсоний фожиага кўз юма олмаймиз”, – деган Мальта бош вазири.

Р.Абела Мальта Исроил авиаҳужумида бирданига 9 фарзандидан айрилган ғазолик шифокор Ала ан-Нажжорга бошпана беришга тайёрлигини ҳам билдирган.

“(Ғазода) чақалоқлар, болалар ўлдирилаётгани, оилалар оч қолаётгани қабул қилиб бўлмас ҳолатдир. Бу – шафқатсизликнинг энг ёмон кўриниши. Агар халқаро ҳамжамият бу ҳодисалар қаршисида сукут сақласа, тарих бизни кечирмайди”, – деган бош вазир. 

Аввал хабар берганимиздек, Франция ҳам Фаластинни давлат сифатида тан олмоқчи. Бу қарор жорий йил июнь ойида Саудия Арабистонида Франция ҳамраислигида икки давлат (Исроил ва Фаластин) муаммосига бағишланган халқаро анжуманда эълон қилиниши кутилмоқда.

Исроил мустақил Фаластин давлати тузиш ғоясига тиш-тирноғи билан қаршилик қилиб келмоқда. 2024 йил 18 июль куни Исроил парламентида кўпчилик овоз билан Фаластин давлати ташкил этилишини рад этувчи қарор қабул қилинган.

Кнессет қарорига халқаро ташкилотлар етакчилари, жумладан, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш эътироз билдирди. Бош котиб таъкидича, 1967 йилги чегараларда, пойтахтлари Қуддус бўлган мустақил, суверен ва демократик икки давлат мавжудлиги минтақада барқарорлик ўрнатишнинг ягона оқилона йўли саналади.

Ҳозирга қадар Фаластин давлатини БМТга аъзо 146 мамлакат, жумладан, Ўзбекистон тан олган.

Ўтган йили Арманистон, Испания, Норвегия, Ирландия ва Словения Фаластин мустақиллигини расман тан олган давлатлар сафига кирган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг