Шавкат Мирзиёев коронавирусга чалинганлар сони янада ошиб боришини қайд этди

Бугун, янги ҳафтанинг биринчи иш кунини эрта тонгдан Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши кураш борасида олиб борилаётган ишларнинг чуқур танқидий таҳлилидан бошлагани хабар қилинганди.
Йиғилишда пандемия даврида ҳар бир беморни даволаш учун кислородга эҳтиёж кескин ортиши қайд этилди.
Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникаси, Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация маркази, Тошкент шаҳар 1-сон клиник шифохонаси, Республика биринчи ва иккинчи сон клиник касалхонасида ҳамда барча янги очилаётган «провизор» шифохоналарида 1 000 дан ортиқ кислород ўтказадиган нуқталар сонини кўпайтириш зарурлиги таъкидланди.
Тошкент шаҳри хокимлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда ҳар бир туман ҳокими ўз ҳудудида жойлашган тиббиёт муассасаларини доимий асосда кислород билан тўлдириб боришга шахсан масъуллиги белгиланди.
Чет давлатларда ўпка яллиғланган ҳар бир бемор учун зудлик билан кислород концентраторларига махсус ниқоблар кийгизиш орқали ҳаво олишини енгиллаштириб, қўлига пульсоксиметр тақилмоқда ва бу билан беморнинг нафас етишмовчилиги бартараф қилинмоқда. Бош вазирга мазкур тиббиёт жиҳозларини имкон қадар қисқа муддатларда мамлакатимизга етказиш топшириғи берилди.
Бунинг учун, агар керак бўлса, махсус самолёт ажратилиши, тадбиркорлар томонидан кислород концентраторларини Ўзбекистонга олиб кириш тартиб-таомилларини енгиллаштириш чоралари кўрилиши лозимлиги қайд этилди.
Беморларни даволаш учун зарур дори-дармон воситалари захираларини яратиш мақсадида қўшимча равишда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимликлари тегишлича 20 миллиард ва 10 миллиард сўм маблағларни «Дори-дармон» акционерлик компаниясига айланма маблағ сифатида ажратиши белгиланди.
Коронавирусни даволаймиз деб, деярли барча ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари тўлдириб ташланди, деди давлатимиз раҳбари. Натижада сурункали касаллиги бор беморлар малакали тиббий хизматдан деярли маҳрум бўлди.
Муасаддиларга сурункали касалликларни даволашга ихтисослашган шифохоналардаги коронавирусга чалинган беморларни бошқа жойларга, шу жумладан хусусий клиникаларга кўчириш орқали сурункали хасталиги бор беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатилишини қайта тиклаш чораларини кўриш топшириғи берилди.
Коронавирусга чалинган фуқаролар сони янада ошиб бориши ҳеч гап эмас, дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев. Шу муносабат билан қисқа муддатларда ушбу касалликка чалинганларни даволаш учун яратилган қўшимча ўрин-жойлар сонини, биринчи навбатда олийгоҳлар ётоқхоналари, ёпиқ спорт майдонлари ва бошқа сиғими катта бино-иншоотлар ҳисобига, камида икки-уч баробарга оширилишини таъминлаш вазифаси қўйилди.
Пандемиянинг салбий оқибатларини жиловлаш ва ҳар бир раҳбарнинг масъулиятини ошириш, фидокорлик кўрсатаётган тиббиёт ходимларини рағбатлантириш ишлари давом эттирилади.
Касаллик ўчоғида ўз жонини гаровга тикиб ҳар бир касални ўлим ёқасидан олиб чиқаётган шифокорларимизни давлат мукофоти билан тақдирлаш бўйича таклифлар киритиш топшириғи берилди.
Президент қайд этганидек, бугунги кунда республика ва маҳаллий бюджетлардан молиялаштириладиган ҳар қандай харажат устувор равишда пандемияга қарши кураш тадбирларига қаратилиши шарт. Бундан муҳим харажатлар бўлиши мумкин эмас.

Шаҳар ва туман ҳокимлари 24 соат давомида ҳар бир касалхонадаги вазиятни жиловлаб туришга масъул ҳисобланади ҳамда уларни узлуксиз ва муаммосиз ишлашига шароит яратиб беришига жавобгар деб белгиланди.
Шунингдек, янги харид қилинаётган тез тиббий ёрдам автомобиллари фаолияти узлуксизлигини таъминлаш мақсадида иқтисодиётнинг турли соҳаларидан, биринчи навбатда, фаолияти тўхтатилиши оқибатида даромадсиз қолган йўловчи ташувчи жамоат транспорти уюшмаларининг малакали ҳайдовчилари жалб этилиши юзасидан вазифалар қўйилди.
Барча сектор раҳбарлари иш кунини эрталабдан ўз ҳудудларида касалхоналардаги аҳволни ўрганиш билан бошлаши қатъиян белгиланди.
Ҳар бир раҳбар бугунги кунда фуқароларимизнинг соғлигини сақлаб қолишдан муҳим вазифаси йўқлигини англаши шарт, деди Президентимиз Шавкат Мирзиёев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter