Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Яшил туризм объектларига қандай талаблар қўйилади?

Яшил туризм объектларига қандай талаблар қўйилади?

2025 йилдан бошлаб ҳар йили ноябрь ойида “Энг намунали яшил туризм объекти” танлови ўтказилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг “Туризм объектлари ҳамда жойлаштириш воситаларида атроф-муҳитга салбий таъсири камайтирилган маҳсулотлардан фойдаланиш ва экологик талабларга мувофиқ кўрсатиладиган хизматларни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгилаб қўйилган.

Танлов “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Президент Фармонига мувофиқ туризм объектлари, шу жумладан, жойлаштириш воситаларида атроф-муҳитга салбий таъсири камайтирилган маҳсулотлардан фойдаланишни, шунингдек, соҳада экологик талаблар асосида кўрсатиладиган хизматларни рағбатлантириш мақсадида ўтказилади.

Унда туризм объектларида бир марталик пластик маҳсулотлардан фойдаланишда экологик жиҳатдан зарарсиз (биопарчаланувчи) маҳсулотларга ўтиш борасида яхши натижаларга эришган, шунингдек, соҳага оид илм-фан ютуқларини амалиётга жорий этиб, замонавий технологиялардан самарали фойдаланган ҳолда чиқиндиларни камайтиришда алоҳида ташаббус кўрсатган тадбиркорлик субъектлари иштирок этади.

Қарорга кўра, яшил туризм объектига қуйидаги талаблар қўйилади:

а) чиқиндиларни бошқариш бўйича:

— чиқиндиларни ажратиб йиғиш (утилизацияга топшириш ёки компостлаш);

— озиқ-овқат чиқиндиларининг ҳосил бўлишини қисқартириш;

б) энергия сарфлаш ва энергия тежамкорлик бўйича:

— оптимал ҳароратни сақлаш (хоналар совитиш режимида – 21,5° дан паст бўлмаган ҳамда иситиш режимида – 24° дан баланд бўлмаган даражада бўлиши);

— ёритишни автоматик назорат қилиш (ёритиш ускуналарининг камида 40 фоизи (ички ва ташқи) автоматик назорат қилиниши, камида 40 фоизи (ички ва ташқи) ёруғлик диод лампалари ишлатилиши);

— электр қувватлаш ва вентиляцияни автоматик назорат қилиш;

— қайта тикланувчан энергия манбаларидан фойдаланиш (камида 30 фоиз электр энергияни қайта тикланувчан энергия манбаларидан олиш);

в) сув истеъмоли ва сув таъминоти бўйича:

— сув тежовчи қурилмаларнинг мавжудлиги;

— меҳмонларга сочиқлар ва чойшабни камроқ алмаштириш ва меҳмонлар хонасини камроқ тозалаш имкони мавжудлиги;

г) яшил харидлар ва оқилона истеъмол бўйича:

— бир марталик гигиеник ва ошхона буюмларидан фойдаланишни тақиқлаш;

— сотиб олинадиган товарлар экологик афзаллик талабларига мос келиши;

— қайта ишланадиган қадоқдаги товарларни харид қилиш.

Танлов ҳудудий саралаш (сентябрь) ва республика якуний босқичларидан (октябрь – ноябрь) иборат бўлади. 1-ўрин БҲМнинг 150 баравари, 2-ўрин БҲМнинг 100 баравари, 3-ўрин эса БҲМнинг 50 баравари миқдорида рағбатлантирилади.

“Энг намунали яшил туризм объекти” танлови чиқиндилар билан ифлосланишнинг олдини олиш, туризм объектларида пластик маҳсулотлардан фойдаланишни ҳамда пластик чиқиндиларни камайтириш, экологик жиҳатдан зарарсиз (биопарчаланувчи) маҳсулотларга ўтиш ва улардан фойдаланишни рағбатлантириш, экологик талаблар ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги экологик мезонларга риоя этилишига эришиш, туризм объектларида экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган инновацион ечимлар ҳамда истиқболли ташаббусларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг