Йил якунига қадар 12 та қуёш электр станцияси ишга туширилади

Президент Шавкат Мирзиёев 23 июнь куни йирик саноат корхоналарини “яшил” энергия билан таъминлаш чора-тадбирларига оид тақдимот билан танишди.
Мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор қувват манбалари билан таъминлаш мақсадида “яшил” энергетика жадал ривожлантирилмоқда. Қисқа даврда бу соҳага қарийб 6 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция кириб келди. Йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми аввалги 59 миллиарддан ҳозирда 82 миллиард киловатт соатга етди.
2030 йилга бориб, юртимиз аҳолиси 41 миллиондан, иқтисодиёт ҳажми 200 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда. Табиийки, бу электр энергиясига қўшимча талаб туғдиради. Шунинг учун қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг ишга солиш чоралари кўрилмоқда.
Тақдимотда бу йил амалга оширилаётган лойиҳалар ва яқин келажакдаги режалар ҳақида ахборот берилди. Улардан асосий мақсад генерация, модернизация ва энергия самарадорликдир.
Хусусан, йил якунигача 12 та қуёш ва 4 та шамол электр станцияси, 12 та энергия сақлаш тизими ишга туширилади. Уларга инвестиция ҳажми жами 5 миллиард доллардан зиёд бўлиб, салкам 9 миллиард киловатт-соат қувватга эга бўлади. Шунингдек, бу йил умумий қиймати 7 миллиард 200 миллион долларлик яна 11 та лойиҳа қурилиши бошланади.
Энергияни нафақат ишлаб чиқариш, балки тежаш ҳам жуда муҳим. Давлатимиз раҳбари томонидан энергия исрофини камайтириш, айниқса, йирик саноат корхоналарида тежамкор ускуналар ўрнатиш вазифаси қўйилган.
Юртимизда жами электр истеъмолининг учдан бир қисми 18 та тармоққа тўғри келади. Масалан, сув хўжалигидаги насосларга йилига 6,5 миллиард киловатт соат электр сарфланяпти.
Шу боис 12 та йирик насосни модернизация қилиб, ҳар бирига 75-100 мегаваттли қуёш станцияси ҳамда 50 мегаваттли сақлаш қурилмаси ўрнатиш вазифаси белгиланди. Натижада насосларнинг электр сарфи йилига 2 миллиард киловатт-соатга камайиб, 4,5 миллиард киловаттга тушади. Бу ишлар, аввало, сув чиқариш таннархи баланд бўлган Қарши магистрал каналидан бошланади.
Нефть-газ корхоналарида ҳам 240 мегаваттли қуёш станцияси ва 300 мегаваттли сақлаш қурилмалари ўрнатиб, камида 600 миллион киловатт-соат электр олиш имконияти бор.
Умуман, йиғилишда электр истеъмоли юқори 18 та тармоқни ўзини ўзи энергия билан таъминлайдиган тизимга ўтказиш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Ижтимоий муассасаларда қуёш энергиясидан фойдаланиш борасидаги ишлар ҳақида ҳам ахборот берилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter